Пайғамбаримизнинг кун тартиби (6)

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларида енгил ҳазил-мутойибалар ҳам бўлиб турар эди. Пайғамбаримиз виқорли ва ҳайбатли бўлишларига қарамай, саҳобалар у зот ҳузурларида ҳаётдаги қизиқ воқеаларни ҳикоя қилишдан хижолат бўлмас эдилар. Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларида саҳродан келган бир киши ҳам бор эди.  Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Жаннат аҳлидан бир киши Раббидан деҳқончилик қилишга рухсат сўрайди. Аллоҳ унга: “Бандам, сенга жаннатда ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўймадимми?” дейди. У: “Худди шундай эй Раббим, лекин мен экин-тикин қилишни севаман”, дейди. Кейин экин экади. Эккан экинлари дарҳол униб-ўсиб, ҳосилини беради. Ҳосили тоғдек катта бўлади. Аллоҳ таоло: “Эй Одам фарзанди, етар, сени ҳеч нарса тўйдирмайди”, дейди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатгач, саҳролик киши: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам, ўша деҳқон ё муҳожир, ё ансорий бўлса керак, чунки улар деҳқончилик қилишади. Аммо биз деҳқончиликни билмаймиз”, дейди. Мажлисда ўтирганлар кулиб юборадилар. Ҳатто Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам куладилар[1].

Афтидан, бу мажлис Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш учун Мадинага келган араб қабилалари вакилларини кутиб олинганда бўлган эди. Чунки одатда мусофирлар Мадинанинг ташқарисида тунашар эди. Сўнг чошгоҳ маҳалида Мадинага кириб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиб, шундай мажлисларда ўтиришар эди.

Ана шундай ташқаридан келган вакиллардан бири Музар қабиласининг вакиллари бўлди. Улар субҳидамда Мадинага кириб келиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашадилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўта юпун ва муҳтож ҳолда кўргач, юзлари қизариб кетади. Сўнг хутба қилиб, одамларни садақа қилишга чорлайдилар. У зот ҳузурларида икки уюм егулик ва кийим-кечак йиғилади[2].

Эҳтимолки, ана шундай мажлисларнинг бирида Жаброил алайҳиссалом оппоқ кийим кийган, сочлари қоп-қора, афтидан мусофирга ўхшамайдиган, ҳеч ким танимайдиган одам суратида келган ва ислом, иймон, эҳсон ва  қиёмат аломатлари ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эди[3].

Бани Саъд ибн Бакр қабиласидан бўлмиш Зимом бин Саълаба разияллоҳу анҳу ҳам ана шундай мажлисга келган эди. У масжид олдига туясини чўктирди. Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Абдулмутталибнинг ўғли сизми?” деди. У зот: “Ҳа, шундай”, дедилар. Кейин у: “Мен сиздан баъзи нарсаларни сўрайман, саволларим қаттиқ бўлади, мендан хафа бўлманг”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хоҳлаганингни сўра”, дедилар. У Ислом рукнлари ҳақида сўради. Жавобни олгандан сўнг: “Сизни ҳақ билан юборган зотга қасам, шу айтганларингиздан ортиқ ҳам, кам ҳам қилмайман”, деб чиқиб кетди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу одам илм олди. Агар айтган гапида турса, албатта жаннатга киради”, дедилар[4].

Саҳобалар разияллоҳу анҳум Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларига ғоят ошиқар эдилар. Ҳатто келишга имконлари бўлмаса, ўринларига бошқа кишини жўнатар эдилар. Умар разияллоҳу анҳу айтади: “Мен Мадинанинг Аволий маҳалласида турар эдим. Менинг бир қўшним бор эди. У билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига навбатма-навбат борар эдик. Бир кун у борар эди, бир кун мен. Мен борган кун ўша кунда нозил бўлган ваҳийларни ва ҳикматларни билиб келиб, унга айтиб берар эдим. У ҳам борган куни шундай қилар эди”[5].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатда саҳобалар билан бир хил ўтирар эдилар. У зотни улардан ажратадиган бирон аломат йўқ эди. Ташқаридан келган бегона одам у зотни дарров таниб олмас эди. Шунинг учун  у зотни олдиндан танимаган киши: “Қайси бирингиз Абдулмутталибнинг ўғли?” дер эди. У зотни саҳобалардан фақат гўзал сиймоларидан ажратиб олиш мумкин эди. Саҳобалар у зотни сўраган кишига: “Анави нурафшон юзли киши”, деб жавоб берар эдилар. Шундан сўнг саҳобалар янги келган одам осонроқ таниб олиши учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатлари билан у зот учун лойдан супача ясаб бердилар. Бу ҳолат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирида, ҳижратнинг тўққизинчи йили, барча араб қабилаларининг вакиллари кела бошлаган даврда бўлган эди[6].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларида саҳобаларга хуш кайфият ва табассум улашар эдилар.  У зот билан бир марта ўтирган киши ўзини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг суюкли киши бўлсам керак, деб ўйлар эди.

Гоҳида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан ўтирганларида у зотга таом ҳадя қилинар эди. Таомни ҳаммалари биргаликда баҳам кўришар эди. Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу айтади: “Биз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирган эдик. Бир товоқда сарид – нон билан гўштдан таёрланган таом олиб келинди. У зот таомдан едилар, бошқалар ҳам ейишди. Қавм то пешин вақтигача навбатма-навбат таомдан ейишди. Яъни бир жамоа кириб, таомдан еб, тўйиб чиқиб кетишгандан кейин иккинчи жамоа келиб, таомдан ейишарди”. Бир киши Самурадан: “Қайта-қайта таом олиб келиб турилганмиди?” деб сўради. Самура: “Ердан бўлса, йўқ. Лекин осмондан тушиб туриши аниқ эди”, деди. Яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам еган таомда барака бўлишига ишора қилди[7].

Бир куни у зотга қўй гўшти ҳадя қилинди. Ўша пайтларда тақчиллик эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи  ва саллам аҳлларига: “Бу гўштни яхшилаб, нон билан пиширинглар”, дедилар. У зотнинг бир товоқлари бор эди. Уни “ғарро” деб аталарди. Уни тўрт киши кўтарар эди. Эрталаб чошгоҳ намозини ўқиб бўлишгач, ўша товоқда таом келтирилди. Саҳобалар товоқ атрофида ўтиришди. Ҳамма йиғилгач, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тиззалаб ўтирдилар. Саҳролик бир киши: “Бу қандай ўтириш?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ мени оддий саховатли банда қилди. Қайсар мутакаббир қилмади. Таомнинг чеккаларидан олиб енглар, ўртасига қўл урманглар, барака берилади”, дедилар. Сўнг: “Олинглар, енглар, Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали сизлар Форс ва Рум диёрларини фатҳ қиласиз. Ўшанда таом кўпайиб кетади. Аллоҳнинг исмини айтилмай ейиладиган бўлади”, дедилар[8].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатлари ҳолатга қараб гоҳида узун, гоҳида қисқа бўлар эди. Кун ёйилиб кетганидан сўнг ўтирган ўринларидан турар эдилар. Ўриндан турганларида ушбу дуони ўқир эдилар:

سبحانك اللهم ربي وبحمدك أشهد أن لا إله إلا أنت أستغفرك وأتوب إليك

(Субҳонакаллоҳумма Роббий ва биҳамдик, ашҳаду ан ла илаҳа илла анта, астағфирука ва атуубу илайка).

Маъноси: “Парвардигоро! Сен барча айбу нуқсондан поксан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Сенга истиғфор айтаман ва Сенга тавба қиламан”[9].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисдан турар эканлар, албатта саҳобалар ҳаққига ҳам дуо қилар эдилар:

اللهم اقْسِمْ لنا من خشيتك ما تَحُولُ به بيننا وبين معاصيك، ومن طاعتك ما تبلِّغُنا به جنَّتك ومن اليقين ما تهوِّن به علينا مصائبَ الدنيا، اللهمَّ متِّعنا بأسماعنا وأبصارنا وقوتنا ما أحييتنا، واجعله الوارثَ منا، واجعل ثَأْرَنا على مَن ظلمنا، وانصرنا على مَن عادانا، ولا تجعلْ مصيبَتنا في ديننا، ولا تجعل الدنيا أكبرَ همِّنا، ولا مبلغ علمنا، ولا تسلِّط علينا مَن لا يرحمنا

(Аллоҳумма иқсим ланаа мин хошятика ма таҳувлу байнанаа ва байна маосийка, ва мин тоатика ма тубаллиғунаа биҳи жаннатак. Ва минал яқийни ма туҳаввину биҳи алайнаа масоибад-дуня. Ва маттиънаа биасмаъинаа ва абсоринаа ва қувватина ма аҳяйтанаа. Важъалҳул-ваариса миннаа. Важъал саъронаа алаа ман золаманаа. Вансурнаа алаа ман аадаана. Валаа тажъал мусийбатанаа фий дийнина. Ва ла тажъалид-дуня акбара ҳамминаа ва ла маблаға илминаа. Ва ла тусоллит алайнаа ман ла ярҳамунаа).

Маъноси: “Парвардигор, бизга Ўзингга осийлик қилишдан тўсадиган қўрқув бер, жаннатингга элтадиган тоат бер. Бизга дунё мусибатларини енгил қиладиган иймон-ишонч бер. Парвардигор, биз тирик эканмиз, қулоқларимиз, кўзларимиз ва қувватимиздан фойдалантир. Шуни биздан мерос қилиб қолдир. Бизга зулм қилганлардан ўч олдир. Бизни душманларимиз устидан ғолиб қил. Мусибатимизни динимизда қилма. Дунёни энг катта ғамимиз ва бор билган илмимиз қилиб қўйма. Бизларга раҳм-шафқатни билмайдиганларни ҳукмрон қилма”.

Сўнг саҳобалар ишларига ёки уйларига қайтишар эди. Пешиндан олдин бироз ухлаб дам олишар эди.

[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (2348, 7519), “Муснад Аҳмад” (10542), “Муснад Баззор” (8759).

[2] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (1017). “Муснад Таёлисий” (705). “Мусаннаф Ибн Аби Шайба” (9803).

[3] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (50, 4777) “Саҳиҳ Муслим” (8-10). “Муснад Аҳмад” (184, 9501).

[4] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (63). “Муснад Таёлисий” (2449). “Муснад Аҳмад” (2254, 2380, 22719).

[5] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (89). “Саҳиҳ Муслим” (1479). “Жомеъ ат-Термизий” (3318). “Муснад Аҳмад” (222).

[6] Қаранг: “Холқу афъол ал-ибод” (25). “Сунан Абу Довуд” (4698). “Муснад Баззор” (4025).

[7] Қаранг: “Мусаннафу Иби Аби Шайба” (31708), “Муснад Аҳмад” (20135, 20196), “Муснад ал-Даримий” (56).

[8] Қаранг: “сунану Аби Давуд” (3773), “сунану Ибн Можа” (3263, 3275), “сунану ал-Байҳақий” (7/283).

[9] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (10415, 19769, 19812, 24486), “Муснад ал-Даримий” (2658).

Изоҳ қолдиринг