Фарзанд тарбиясидаги хатолар (4): Болаларни одамлардан совитиш йўллари

0

Фарзандларингизга доим ёмон, бетамиз инсонлар ҳақида гапиринг. Ҳамма манфаатпараст экани, фақат ўз фойдасини ўйлаши, дунёда ишонса бўладиган бирон киши қолмаганини айтинг.

Аҳмад уста тери ошлаш фабрикасида йилларча ишлагач, пенсияга чиққанди. Қиладиган иши бўлмаганидан куннинг аксар қисмини креслосида ўтириб уйқусираган ҳолда ўтказар, ичи сиқилганда деразадан боқиб, кўчадан ўтган-қайтган одамларни томоша қилиб ўтирарди. Албатта, бу бир нафақахўр учун оддий ҳолат. Фақат бу одамнинг ёмон бир хулқи бор эди. Ҳеч кимга ишонмас, таниган одамларининг албатта бир айбини топар ва бировларга уларни ғийбат қиларди. Ишлаб юрган кезларида ҳамкасблари ва бошлиғига ҳам тил узатишдан, уларни ғийбат қилишдан тортинмасди. Одамларнинг гапларига қараганда, ҳатто шу характери туфайли муддатидан олдин пенсияга чиқарилганмиш…

Аҳмад уста ўтирган уйини нафақага чиққанлиги муносабати билан берилган мукофот пулига олганди. Бировга муҳтож бўлмасдан ойлик нафақаси билан рўзғорини бемалол тебратарди. Бунга шукр қилиш ўрнига бошлиғининг зиқналиги ва нонкўрлигидан шикоят қилар, ишчилар ҳисобига бойлик орттирганини айтиб юрарди. Фарзандларини олдига йиғиб, ўзича насиҳат қиларди:

“Кўзларингни катта очинглар, дунёпараст раҳбарлар ва бойларга ишонманглар! Ишчиларни қорин тўярга ишлатиб, уларнинг ҳисобига бойишади. Буларнинг ҳам бола-чақаси бор, булар ҳам инсон, дейишмайди. Мен йиллар мобайнида меҳнат қилдим, ишимни аъло даражада бажардим, ёшлигим мана шу сассиқ терилар ичида ўтди. Директоримиз эса кексайиб қолдингиз деб, қўлимга 4-5 сўм бериб, пенсияга чиқарворди, пасткаш, ғаламис! Қилган меҳнатимга рози эмасман!”

Кўчадан ўтиб-қайтувчилар унинг учун алоҳида ғийбат мавзуси эди. Ҳар кўрган одамидан бир баҳона билан айб топар, бутун камчиликларини достон қиларди:

“Ҳой болалар, қаранглар, ким ўтяпти! Анави кетаётган магазинчи Шавкатнинг олифта қизими? Яна юз-кўзига пардоз чаплаб олибди. Эр топаман деб, кўчама-кўча, бозорма-бозор юргани-юрган. Ростини айтсам, уни оладиган одамга ачиниб кетаман. Айтмади деманглар, бу қизнинг оқибати яхшимас. Ўзи отаси ҳам қўлидан бирон иш келмайдиган, сохтакор, ёлғончи кимса. Беш сўмга олган нарсасини ўн сўмга сотади”.

“Э, ана холос, майли кула қолай! Анавининг устидаги омонат турган кийимига қаранг. Гўё биз унинг хизматкор эканини билмаймиз. Гаров ўйнашим мумкин, устидаги кийимни хўжайинидан ўғирлаган пулга олган”.

“Анови эгнидаги кийимидан гўнг сасиган фермернинг гердайишига қаранг! Буғдой бу йил зўр пул бўлди-а?! Қўлингга 4-5 сўм пул тушди дегунча одам бўлиб қолдингми? Фермерларнинг қандай қаллоб одамлар эканини яхши биламан. Маҳсулотнинг яхшисини устига қўяди-да харидорни алдайди. Бизга эскирган ва палағда тухумларини сотиб, янгисини ўзлари ейдилар. Касал товуқларни сўйиб, бозорда сотади, одамларнинг соғлиги билан ўйнашишдан тортинмайди. Бугунга қадар сутига сув аралаштирмаган бирорта фермерни кўрмадим. Қани айтинглар-чи, дўзахга бу одамлар кирмасдан, биз кирамизми?!”

Аҳмад устанинг қиладиган иши ўтирволиб, тирноқ остидан кир қидириш, одамларнинг айбларини гапириш эди. Устига-устак, «лоф бўлмаса, гап бўлмас», деган мақолга амал қилиб бирига ўн қўшиб гапирар эди. Фарзандлари отасининг гапларини эшита-эшита, одамлардан нафратланишни ва ҳеч кимга ишонмасликни ўргандилар. Камбағал, бечора, қаровсиз инсонлар шунга лойиқ, ҳақли бўлганлари учун шу аҳволдалар, деб ишонганлари учун уларга бирор марта ёрдам қўлини узатмадилар. Катта бўлганларида бирорта ҳам яқин ва сирдош ўртоқлари бўлмади. Отасига келсак, қариб, қаровга муҳтож бўлиб қолди, лекин фарзандлари бир марта бўлса ҳам унинг ҳолидан хабар олмадилар. Ёлғизлик ва азоб-уқубат ичида дунёдан ўтиб кетди…

***

Кичик Ҳилолa югуриб отасининг хонасига кирди. Бундай ҳаяжон билан югуриб келган қизини кўрган ота сўради:

  • Нима бўлди, тинчликми?!

  • Дадажон, остонамизда кекса хола турибди, бир бурда ҳам нони йўқлигини айтиб, садақа сўраяпти!

  • Ким экан, кимнинг кими?

  • Билмадим, қўлтиқ таёқда зўрға оёқда турибди бечора.

  • Буларнинг бари шунақа, одамларнинг раҳмини келтириш учун ногирон ролини ўйнайдилар. Бир бурда нони йўқмиш. Сен ҳам ишондинг, шундайми?

  • Ёлғон гапираётганга ўхшамайди, кекса ва бечораҳол кампир.

  • У хотин бундай хорликка ўзи сабабчи. Ким билсин, қайси гуноҳларининг жазосини тортяпти. Боргинда, унга шундай де: “Сизнинг эрингиз ва болаларингиз йўқми? Ёшлигингизда топган пулларни нима қилдингиз? Агар тежаб ишлатганингизда бу аҳволга тушмасдингиз!”

  • Дадажон, буларни унга қандай айтаман?

  • Унда ўзим айтаман!

Отаси тезда остонага борди. Ғазабнок, баланд овозда кекса хотинга бақирди:

  • Ҳўв хотин, менга қаранг! Бировларга юк бўлишдан уялмайсизми? Ёшилигингизда топган пулларни нима қилдингиз? Даври-даврон суриб, келажакни ўйламапсизда-а?!

Бечора хотин бундай оғир гапларни эшитиб, нима дейишини билолмай қолди. Ер ёрилмади, кириб кетмади. Паст ва инграган овозда:

  • Аллоҳ розилиги учун, — деди.

  • Ўчир овозингни, яна уялмасдан сўрайди-ей! Йўқол, кет бу ердан, асабимни бузма! — деди отаси.

Қалбида одамларга нисбатан раҳм-шафқат туйғуси бўлмаган бу қўпол, бераҳм одам остонасига келган тиланчиларни ҳақорат қилар, уларни бошлари эгик ҳолда остонасидан қуварди. У ҳам етмагандай, уларнинг орқасидан минғилларди: “Аллоҳ ҳеч бир гуноҳни жазосиз қолдирмайди. Ким билсин, қайси гуноҳларингнинг жазосини тортяпсан”.

Аввалига қалби раҳм-шафқат туйғусига тўла кичик Ҳилолa отасидан бу сўзларни эшита-эшита ёрдамга муҳтож бўлган кексаларга, ногиронларга, яқинлари йўқ бечораларга нисбатан кўнглида заррача ачиниш, раҳм қилиш туйғуси қолмади. Катта бўлганда уни бировга ёрдам берганини ҳеч ким кўрмади…

Изоҳ қолдиринг