Қабр қандай бўлишига оид масалалар (2)

0

129 – «Лаҳад» ва «шақ» услубида ковланган қабрга дафн этиш

«Уламолар «лаҳад» ва «шақ» услубида ковланган қабрларга дафн этиш жоизлигига ижмо қилишган»[1].

Ибн Ҳубайра айтади: «Уламолар лаҳад – суннат, шақ – суннат эмаслигига иттифоқ қилганлар»[2].

«Қабрни «лаҳад» услубида ковлаш деганда қаттиқ ер тиккасига ковланиб, кейин қабрнинг ён қибла тарафидан айвонча қазиши тушунилади. Маййит ўша айвонча ичига, қиблага қаратилган ҳолатда қўйилади. Бундай ковлаш услуби фақат ўпирилмайдиган қаттиқ ерга мос келади. «Шақ» услуби деганда қабр фақат бўйига ковланиб, сўнг маййит ўша чуқурга узунасига дафн этилиши тушунилади. Бундай ковлаш услуби қумлоқ ер каби юмшоқ, деворлари ўзини тутиб турмайдиган ерларга мос келади»[3].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдулатиф Ҳамза айтади: «Лаҳад услубида ковланган қабрга дафн этиш мустаҳаб эканига уламолар ижмо қилганлар… Бироқ ер юмшоқ бўлиб, лаҳад ўпирилиши хавфи бўлса, шақ услуби танланади»[4].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Мадинада икки гўрков бор эди. Уларнинг бири лаҳад услубида, иккинчиси шақ услубида ковлар эди. Саҳобалар: “Раббимиздан хайрлисини сўраймиз. Иккала гўрковни ҳам чақиртирамиз. Қай бирлари аввал етиб келса, қабр ковлашни шунга топширамиз”, дедилар. Сўнг иккаласига одам юборилган эди, лаҳадчи гўрков биринчи бўлиб етиб келди. Сўнг Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун лаҳад қазидилар»[5].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаҳадга дафн этилдилар, лаҳад устини ғишт билан ёпдилар ва қабрлари ердан бир қарич атрофида кўтариб қўйилди»[6].

Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу бундай дегани ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинганидек, менга ҳам лаҳад қазинглар, лаҳад устини ғишт билан ёпинглар»[7].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаҳадга дафн этилганларига саҳобалар иттифоқ қилганлар[8].

Ибн Ҳажар айтади: «Ибн Абу Шайба Моликдан, Молик Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар лаҳадга дафн этилдилар”. Бу энг саҳиҳ санадлардан биридир»[9].

130 – Маййитни тобут ичида дафн этиш

Тобут ичида дафн этиш барча мусулмонлар наздида макруҳ эканида ихтилоф йўқ[10].

Ал-Хатиб аш-Ширбиний айтади: «Маййитни тобутда дафн этиш макруҳ эканига уламолар ижмо қилган. Чунки у бидъатдир»[11].

Чунки у на Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на у кишининг саҳобаларидан нақл қилинган[12]. Чунки у насороларнинг одатларидандир[13]. Чунки тобут ёғочдан ясалади[14]. Ер маййитнинг чиқиндиларини (тобутдан кўра) яхшироқ қуритади[15]. Тобутда кўмиш васият қилинса, бажарилмайди[16], гарчи маййит аёл киши бўлса ҳам[17].

Иброҳим ан-Нахаий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Салафлар хом ғиштни яхши кўришар, пишиқ ғиштни ёқтиришмас, қамишни ёқтиришар, ёғочни ёқтиришмас эди»[18].

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу айтади: «Қабримга ёғоч ҳам, тош ҳам киритманглар»[19].

«Ислом фиқҳи академияси» иттифоқ қилган қарорга кўра, «Агар тобутда кўмишдан мақсад ғайридинларга тақлид қилиш бўлса, ҳаром бўлади. Агар мақсад бундан бошқа бўлса, макруҳ бўлади. Агар эҳтиёж юзасидан бўлса, тобутда кўмишнинг зарари йўқ»[20]. Масалан, маййит куйиб кетиб, уни тобутга солиб кўмишдан бошқа чора бўлмаса, тобутда кўмса бўлади.

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Маййит усти ёпиқ ёки очиқ тобутда кўмилиши суннат эмас. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлари, ё шундай қилиш кераклиги тўғрисида бирор сўз айтганлари ривоят қилинмаган. Шунингдек, саҳобалар ҳам ундай қилмаганлар. Барча яхшилик уларга эргашишда, барча ёмонлик бидъат пайдо қилишдадир. Қолаверса, бу иш кофирларга тақлид қилиш ҳамдир»[21].

Яна айтади: «Маййитни тобут ичида дафн этиш на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на у кишининг асҳоблари даврида содир бўлгани маълум эмас. Шунинг учун ер қаттиқ, юмшоқ, ё зах бўлишидан қатъи назар тобут ичида дафн этиш макруҳ саналади. Агар тобут ичида кўмилишни васият қилса, васияти бажарилмайди. Шофеийлар агар ер юмшоқ ёки зах бўлса, тобут ичида кўмишга рухсат берганлар. Бироқ уларнинг наздида ҳам шу каби ҳолатлардан бошқасида васият адо этилмайди»[22].

«Бу иш маййитнинг сармоясидан амалга оширилади. Тобут ичига тупроқ тўшалиши мақсадга мувофиқ. Маййитга яқин бўлган тепа қисмига лой шувалади. Лаҳад услубига ўхшаши учун тобутнинг ўнг ва чап тарафларига енгил ғишт терилади»[23].

[1] «Ал-мажмуъ», 5/178.

[2] «Ал-ифсоҳ», 1/149.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/422, 5611-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] «Фатово кибор уламо ал-Азҳар ҳавла ал-азриҳа вал-қубур вал-маволид ван-нузур», 52-54-бетлар. «Дор ал-юср» нашриёти, иккинчи нашр, 1429 ҳ.й.

[5] Имом Аҳмад (12415) ва Ибн Можа (1557) ривояти. Ибн Ҳажар «Талхис ал-ҳабир»да (3/1225, 950 ва 2552-рақамлар) санади ҳасан деган.

[6] Ибн Ҳиббон (6636) ва Байҳақий («ал-Кубро», 6736) ривояти. Албоний «Аҳком ал-жаноиз»да (195-бет, 104-рақам) ҳасан деган.

[7] Муслим ривояти, 966-ҳадис.

Шайх Сулаймон ал-Улвон айтади: «Бу ҳадисда шундай васият қилиш жоиз эканига далил бор».

[8] Нававий. «Шарҳ Саҳиҳи Муслим», 617-бет.

[9] Ибн Ҳажар. «Ад-дироя фий тахриж аҳодийс ал-Ҳидоя», 1/239, 309-рақам.

[10] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/179; «Ад-дин ал-холис», 7/460.

[11] Ал-Хатиб аш-Ширбиний. «Муғний ал-муҳтож ила маърифат маоний алфоз ал-минҳож», 2/53. Муҳаққиқлар: Али Муавваз ва Одил Аҳмад. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1415 ҳ.й.; «Ниҳоят ал-муҳтож», 3/30.

[12] «Ал-муғний», 3/435.

[13] Ад-Дардир. «Аш-шарҳ ал-кабир ала мухтасари Халил», 1/301.

[14] Ибн Қудома. «Аш-шарҳ ал-кабир», 6/219.

[15] «Матолиб улин-нуҳо», 1/901; Ибн Қосим. «Ҳошият ар-равз ал-мурбиъ», 3/118.

[16] Ар-рофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/451.

Қаранг: «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 2/440, 893-фатво, биринчи тўплам.

[17] «Ал-фуруъ», 3/378; «Ал-мубдиъ шарҳ ал-муқниъ», 2/270 (Муаллиф: Ибн Муфлиҳ. «Ал-мактаб ал-исломий» нашри); «Ал-инсоф», 2/546.

[18] Ибн Абу Шайба (7/352, 11892-ҳадис) ривоят қилган. Шайх Абдулазиз ат-Тарифий «ат-Таҳжил»да (11-бет): «Ровийлари «сиқа» (ишончли) деган».

[19] Имом Аҳмад ривояти, 29/318, 17780-ҳадис.

[20] «Қаророт ал-мажмаъ ал-фиқҳий ал-исломий», 174-175-бетлар. «Робитат ал-олам ал-исломий» нашрларидан (8-сессия, 1405 ҳижрий йил, бешинчи қарор: Мусулмонларни ёғоч сандиқда кўмиш тўғрисида), Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ бошчилигида. «Фатово исломийя», 2/33.

[21] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/439, 3913-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[22] Аввалги манба, 2/440, 893-фатво, биринчи тўплам.

[23] Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдулмажид Салим фатвоси. «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1264.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг