Намоз: Одамлар олдида очиб юриш ҳаром бўлган аврат

0

Тўртинчидан: авратни тўсиш

Авратни тўсишга тегишли бир неча масалалар бор:

а) Аврат нима дегани?

Луғатшунослар айтади: «Аврат сўзи арабча «авар» (العَوَر) сўзидан олинган бўлиб, «айб, ноқислик, хунуклик» маъноларини англатади. Инсон авратининг очилиб қолиши хунук саналгани, одамлар ундан кўзларини олиб қочгани учун шундай номланган.

Аврат икки турга бўлинади:

1) Одамлар олдида очиб юриш ҳаром бўлган аврат;

2) Намозда тўсиш вожиб бўлган аврат.

б) Авратни тўсиш ҳукми

Авратни тўсиш фарз эканига уламолар ижмо қилишган. Шунингдек, тўғрироқ фикрга кўра, инсон холи қолганида ҳам авратини тўсиши вожибдир. Аллоҳ таоло яланғоч ҳолда Каъбани тавоф қилган баъзи мушрикларни қоралаб бундай дейди: «Агар фаҳш ишни қилсалар, «Ота-боболаримизнинг шундай қилганларини кўрганмиз. Буни бизларга Аллоҳ буюрган», дейдилар. Айтинг, (эй Пайғамбар): «Аллоҳ фаҳш ишларга буюрмайди. Билмаган нарсангизни Аллоҳ номидан гапирасизларми?!» (Аъроф, 28). Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо оятдаги «фаҳш ишларни» деган сўзни тафсир қилар экан: «Мушриклар Каъбани яланғоч ҳолда тавоф қилишар эди», дейди.

Баҳз ибн Ҳаким отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: «Айтдим: «Ё Расулуллоҳ, авратларимизни кимлар олдида тўсиб, кимлар олдида тўсмаслигимиз керак?» У зот айтдилар: «Авратингни аёлинг ёки чўриларингдан бошқалар олдида тўс». Айтдим: «Ё Расулуллоҳ, агар одамлар бирга ўтирган бўлсаларчи? (Чунки бундай ҳолатда баъзан лунгимиз торлиги ёки бехосдан ечилиб кетиши натижасида мукаммал тарзда авратимизни тўсишга қодир бўлмай қоламиз)». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар авратингни ҳеч ким кўрмайдиган қилиб тўсишга қодир бўлсанг, тўс, кимса уни кўрмасин». Айтдим: «Ё Расулуллоҳ, холи қолганимиздачи?» У зот дедилар: «Аллоҳ одамлардан кўра ҳаё қилинишга ҳақлироқдир»[1].

Авратни ҳожат ва зарурат туғилганда очиш жоиз. Холи жойда ғусл қилиш, ҳожатга чиқиш, эр-хотин яқинлик қилиши каби ҳолатлар, шунингдек, дўхтир, гувоҳ, қози ёхуд ҳоким олдида авратни очиш каби ҳолатлар ҳожат ва зарурат ҳолатларидан саналади. Аёл киши аёл дўхтир топилмаган тақдирдагина эркак дўхтирга кўриниши жоиз. Мазкур ҳолатда у эркак дўхтир билан холи қолмаслиги ва унга зарурат миқдоридан ортиқча аврат жойларини кўрсатмаслиги талаб этилади.

 в) Аврат чегараси

1) Эркак кишининг аврати

Уламолар эркак кишининг аврати хусусида ихтилоф қилишган. Улар эркак киши олд ва орқа авратини тўсиши вожиб эканига иттифоқ қилишган, аммо унинг сони авратми, йўқлиги борасида ихтилоф қилганлар.

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, сон аврат саналмайди. Улар бу фикрни қувватлаш учун бир қанча ҳадисларни далил қилишган. Жумладан, Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сонлари очиқ ҳолда ўтирган эдилар. Шу пайт Абу Бакр разияллоҳу анҳу у зотнинг олдиларига кириш учун изн сўради ва унга изн бердилар. Сўнг Умар изн сўради, унга ҳам изн бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иккови кирганида ҳолатларини ўзгартирмадилар. Сўнг Усмон изн сўради ва у зот кийимларини (сонлари устига) тушириб олдилар. Улар кетишгач дедим: «Ё Расулуллоҳ, Абу Бакр ва Умар киришга изн сўраганида ҳолатингизни ўзгартирмасдан киришларига рухсат бердингиз. Усмон кирганида эса кийимингизни (сонингиз устига) тушуриб олдингиз?» У зот айтдилар: «Эй Ойша, фаришталар ҳаё қиладиган кишидан ҳаё қилмайинми?!»[2]

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар ғазоти куни изорларини кўтариб олдилар, ҳатто мен у зотнинг оппоқ сонларини кўрдим»[3].

Иккинчи бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, сон аврат саналади. Шу фикр тўғрироқдир. Муҳаммад ибн Жаҳш ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маъмарнинг олдидан ўтдилар. Унинг сонлари очиқ эди. «Эй Маъмар, сонларингни ёп, сон авратдир», дедилар[4]. Бу фикр тўрт мазҳаббоши имомлар фикридир.

Имом Бухорийнинг фикрича, Жарҳад ривоят қилган ҳадисга амал қилиш эҳтиётлироқдир. Шавконий сонни тўсиш вожиб деган уламолар келтирган далилларни кучлироқ деб билган. Чунки соннинг аврат эмаслигини ифодаловчи ҳадислар якка ҳолатларга тегишли ҳадислар бўлиб, улардан ҳукмнинг умумийлиги келиб чиқмайди. Ундан ташқари бу ҳадислар «феълий», яъни бирон иш-ҳаракат ёки ҳолатни ҳикоя қилувчи ҳадислар бўлса, Жарҳаднинг ҳадиси «қавлий», яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бевосита сўзларидан иборат бўлган ҳадисдир. Маълумки, феълий ҳадис билан қавлий ҳадис қарама-қарши келса, қавлий ҳадис устун келади.

Айрим уламолар эркак кишининг авратини оғир (муғаллаза) ва енгил  (мухаффафа) авратга бўлганлар. Унинг олд ва орқа уятли аъзолари оғир аврат бўлса, икки сони енгил авратдир.

Эркак кишининг киндиги ва тиззаси аврат саналмайди. Иккисининг аврат эканини ифода этадиган бир қанча ҳадислар келган бўлса-да, улардан биронтаси заифликдан холи эмас. Тиззанинг аврат эмаслигига далил бўладиган ҳадислардан бирини Имом Бухорий ва Имом Аҳмад Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. У айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдим. Ногоҳон Абу Бакр икки тиззаси кўриниб турадиган даражада кийимининг этагини кўтарган ҳолда кела бошлади. Уни кўрган Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингиз ким биландир тортишиб қолибди», дедилар»[5]. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр разияллоҳу анҳу сонини очиб юрганига сукут қилдилар, эътироз билдирмадилар.

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Киндик билан тиззанинг ўртаси авратдир»[6].

2) Аёл кишининг аврати

Ҳадисда шундай собит бўлган: «Аёл авратдир. Агар у кўчага чиқса, шайтон (уни ва унинг воситасида эркакларни фитнага солиш учун) унга тикилиб қарайди»[7].

Уламолар аёл кишининг номаҳрамлардан тўсиши вожиб бўлган аврати хусусида икки хил фикр билдирганлар. Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, аёлнинг юзи ва кафтидан бошқа ҳамма бадани авратдир. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, аёлнинг бутун бадани аврат, ҳатто юзи ва кафтини тўсиши ҳам вожибдир. Шу фикр далил жиҳатидан устун фикрдир.

Аёл киши маҳрамлари ва муслима аёллар олдида зоҳирий зийнатларини очиб юрса ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло айтади: «Аёллар зийнатларини номаҳрам эркакларга кўрсатмасинлар. Кўриниб турадиган зийнатлари (яъни уларнинг ташқи кийимлари) бундан мустаснодир. Рўмоллари билан бошлари ва бўйинларини ёпсинлар. Ички зийнатларини номаҳрам эркакларга кўрсатмасинлар. Эрлари, оталари, қайнаталари, ўғиллари, эрларининг ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларининг ўғиллари, муслима аёллар, қўл остиларидаги қуллари, жинсий шаҳвати бўлмаган, фақат емак-ичмак учун бировларга эргашиб юрадиган эркаклар, аёллар авратига алоқадор нарсаларни билмайдиган, ҳали шаҳвати уйғонмаган ёш болалар бундан мустаснодир» (Нур, 31).

Аёл киши оятда тилга олинган кишилар олдида бўйин, билак, оёқнинг тўпиқдан пастки қисми (қадам) каби зийнатларини очиб юриши жоиздир. Аммо улар олдида баданининг кўкрак, бел, сон ва шунга ўхшаш жойларини очиб юриши жоиз эмас.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (4017), Термизий (2769), Ибн Можа (1920), Аҳмад (5/3-4), Ҳоким (4/179) ривояти. Ҳадисни Термизий ҳасан, Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий Ҳокимнинг бу фикрини маъқуллаган.
[2] Муслим (2401) ривоятида «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сонлари ёки болдирлари очиқ ҳолда ўтирган эдилар» дейилади. Абу Яъло (4815) ва Ибн Ҳиббон (6907) ривоятларида эса «сонлари очиқ ҳолда» дейилади, уларда «ёки болдирлари» деган иккиланиш келмаган.
[3] Бухорий (371), Муслим (1365) ривояти.
[4] Аҳмад (5/290), Термизий (2797), Абу Довуд (4014) Жарҳаддан ривоят қилишган. Ҳадисни Бухорий «Саҳиҳи»да («Ридосиз намоз ўқиш боби», 3/568) муаллақ тарзда ривоят қилган. Мазкур ҳадис мазмунини қувватлайдиган бошқа ҳадислар ҳам бор. Қаранг: «Насб ар-роя», 1243; «Ирво ал-ғалил», 1/297.
[5] Бухорий (3661), Байҳақий (10/236), Аҳмад («Фазоил ас-саҳоба», 1/240) ривояти.
[6] Ҳасан. Ҳоким ривояти, 1/197. Шунингдек, ҳадисни Абу Довуд (4114) бундай сўзлар билан ривоят қилган: «Агар биронтангиз хизматкорини – чўрисини қулига турмушга берса, у ҳолда чўрисининг киндигидан пасти ва тиззасидан юқорисига (ёхуд чўриси саййидининг киндигидан пасти ва тиззасидан юқорисига) қарамасин».
[7] Саҳиҳ. Термизий (1173), Ибн Хузайма (1685), Ибн Ҳиббон (5598) ривояти. Қаранг: Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 6690.

Изоҳ қолдиринг