Пайғамбаримизнинг кун тартиби (7)

0

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратлари

Гоҳида у зот чошгоҳ вақтида қариндош-уруғларни ёки баъзи саҳобаларни уйларига бориб зиёрат қилар эдилар.

Ана шундай зиёратларидан бирида Фотима разияллоҳу анҳонинг уйига бориб, неваралари Ҳасан ибн Алини кўриб қайтган эдилар. Ҳовлида туриб: “Кичкинтой шу ердами? Қани кичкинтой?” дедилар. Ҳасан югуриб чиқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бағирларига босиб, ўпдилар ва: “Илоҳим, мен буни севаман, Сен ҳам уни севгин, уни севганларни ҳам севгин” дедилар[1].

Бир марта Фотима разияллоҳу анҳонинг уйларига келиб, Фотимадан: “Амакингнинг ўғли қани?” деб, Али разияллоҳу анҳуни сўрадилар. Фотима: “Ўртамизда бир гап ўтган эди, шунга уйдан чиқиб кетдилар”, деди. Расулуллоҳ уни қидириб ортидан одам жўнатдилар. У масжидда ухлаётган экан, деган хабар келгач, масжидга келдилар. Қарасалар, елкасидан тўни тушиб кетган ва тупроққа беланган ҳолда ётган экан. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан ундан тупроқни қоқиб: “Тур эй Абу туроб, тур эй Абу туроб”, дедилар[2]. Яъни тупроққа белангани учун “Тупроқнинг отаси” деб атадилар.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам заиф мусулмонларни зиёрат қилар, касалларни бориб кўрар эдилар. Меҳмонга чақирган кишининг хонадонига борар эдилар. Гоҳида саҳобалари билан, гоҳида ёлғиз ўзлари борар эдилар.

Бир марта Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг бувиси Мулайка у зотни уйига чақиради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг чорловини қабул қиладилар. Мулайка у зотни меҳмон қилиш учун таом тайёрлаган экан. Таомдан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туринглар, намоз ўқиймиз”, дедилар. Анас айтади: “Кўп ишлатилганидан қорайиб кетган бўйрани олдим, унга сув сепиб ювдим. Кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша бўйрада намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Бувим эса бизнинг орқамизда саф тортди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракаат намоз ўқидилар, сўнг кетдилар”[3].

Гоҳида баъзи хотинларини ҳам меҳмонга олиб борар эдилар. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг форс қўшнилари бор эди. У пазанда бўлиб, мазали шўрва пиширар эди. Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни меҳмон қилмоқчи бўлиб, у зотни чақиргани уйларига келди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ойша ҳам мен билан бирга боради”, дедилар. У: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унда мен ҳам бормайман”, дедилар. Кейин у яна чақириб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳам бирга борса”, дедилар. У: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Йўқ бўлса, йўқ”, дедилар. Сўнг яна чақириб келди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳам борадими?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Шундан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша билан бирга унинг уйига кетдилар[4].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир тикувчи киши Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламни меҳмонга чақиради. Анас айтади: “Мен ҳам Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бордим. Мезбон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига арпа нон қўйди, ошқовоқли ва сур гўштли шўрва келтирди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ошқовоқни ёқтириб ея бошладилар. Уни товоқнинг ҳар еридан териб олаётганларини кўриб, ошқовоқни ўзим емасдан у зот олдиларига сура бошладим. Мен ўша кундан бери ошқовоқни яхши кўраман”[5].

Кўчада юришлари

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам юрганларида оёқларини ердан узиб, залворли қадам билан, худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек, сал олдинга эгилиб (яъни камтарона, гердаймасдан) юрар эдилар. Ўгирилсалар, бутун гавдалари билан ўгирилар эдилар. Саҳобалар билан бирга юрганларида улар у зотнинг олдиларида ва ёнларида юришар эди. Ортиларидан эргашиб юрмас эдилар. Биров ортиларидан юриб, товонларини босиб олмас эди[6].

У зот йўлларида кўришган кишига табассум қилар эдилар. Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон менга йўлиқсалар, албатта юзимга табассум билан боқар эдилар”[7].

Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жаз разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра сертабассум кишини кўрмадим”[8].

Ҳатто ёш болаларнинг олдидан ўтсалар, уларга ҳам салом бериб, пешоналарини силар эдилар. Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳу айтади: “Кўчада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим. Йўлимиздан ёш болалар чиқиб қолишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан ҳар бирининг юзини силадилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўллари худди атир идишидан чиққандай хушбўй эди”[9].

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддан ўтаётиб, бир неча аёлларнинг ўтирганини кўрдилар. Уларга қўллари билан ишора қилиб, салом бердилар[10].

Бирон саҳоба билан кўришсалар, қўлини силаб, ҳаққига дуо қилар эдилар[11].

Йўлда биров тўхтатса тўхтар эдилар. Гоҳида чўри қиз ёки аёл тўхтатса ҳам тўхтаб, ҳожатига қулоқ тутар эдилар. Адий ибн Ҳотим Тоий разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан илк бор учрашганини ҳикоя қилиб бундай дейди: “Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим, тўсатдан бир хотин у зотни чақириб қолди. Хотиннинг ёнида ўғли ҳам бор эди. У: “Ё Расулуллоҳ, бизнинг сизга ҳожатимиз бор эди”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам четга ўтиб, уларга қулоқ солиб анча туриб қолдилар. Мен оёқда кўп туриб қолганларидан раҳмим келиб, ичимда: “Гувоҳлик бераманки, сиз менинг ва Нўъмон ибн Мунзирнинг динидан поксиз, агар сиз подшоҳ бўлганингизда бир аёл ва унинг боласи билан гаплашиб, оёқда бу қадар узоқ турмаган бўлардингиз”, дедим. Шундан кейин у зотни яхши кўриб қолдим”[12].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам юрганларида ортиқча виқорсиз, бироз олдинга мойил бўлиб, камтарона юрар эдилар. Бир куни қўйнинг терисини шилиб турган йигитнинг олдидан ўтиб қолдилар. У тери шилишни яхши билмас экан. Бироз тикилиб турдилар-да: “Кел, кўрсатиб бераман, менимча, сен яхши билмас экансан”, дедилар. Кейин қўлларини тери билан гўштнинг орасига киритдилар, ҳатто қўллари қўлтиққача етиб борди. Сўнг: “Эй йигит, шундай шилгин”, дедилар. Кейин йўлларида давом этдилар[13].

Бир куни йўлда кетаётиб, қозон қайнатаётган кишининг олдидан ўтдилар. Ундан: “Қозондаги пишдими?” деб сўрадилар. У: “Ҳа, пишди, ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бир тишлам олиб, оғизларига солдилар[14].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг эшигига чақириб келсалар, эшикнинг рўпарасида турмас, ўнг ё чап тарафида турар эдилар. Сўнг: “Ассалому алайкум, ассалому алайкум!” деб овоз берар эдилар. Ўша пайтлар ҳовлилар кичик эди. Эшикларга парда қўйилмас эди[15].

 

[1] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (7398, 838, 10891), “Саҳиҳ Бухорий” (2122, 5884), “Саҳиҳ Муслим” (2421).

[2] Қаранг: “Муснад Ибн Аби Шайба” (107), “Саҳиҳ Бухорий” (441, 3703), “Саҳиҳ Муслим” (2409).

[3] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12507, 12680), “Саҳиҳ Муслим” (658).

[4] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12243, 13869), “Муснад Абд ибн Ҳумайд” (1290), “Саҳиҳ Муслим” (2037).

[5] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (2092, 5420, 5436, 5439), “Саҳиҳ Муслим” (2041), “Сунан Абу Довуд” (3782).

[6] Қаранг: “Ат-Табақот”, Ибн Саъд (1/379, 380, 415, 417), “Муснад Аҳмад” (684, 1054, 3033, 8604, 17846), “Саҳиҳ Бухорий” (5912, 3561), “Саҳиҳ Муслим” (2330, 2340).

[7] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (19173) “Саҳиҳ Бухорий” (3035), “Саҳиҳ Муслим” (2475).

[8] Қаранг: “Зуҳд”, Ибн Мубарак (145), “Муснад Аҳмад” (17704, 17713), “Жомеъ ат-Термизий” (3641).

[9] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (2144), “Муснад Аҳмад” (12337, 12724), “Саҳиҳ Бухорий” (6247).

[10] Қаранг: “Муснад Ҳумайдий” (366), “Ат-Табақот, Ибн Саъд (8/10, 320), “Муснад Аҳмад” (19214, 27561, 27589).

[11] Қаранг: “Сунан Насоий” (9267), “Ас-сунан ал-кубро” (265).

[12] Қаранг: Табароний, “Узун ҳадислар” (1).

[13] Қаранг: “Сунан Абу Довуд” (185), “Сунан Ибн Можа” (3179), “Саҳиҳ Ибн Ҳиббон” (1163).

[14] Қаранг: “Сунан Абу Довуд” (193), “Ал-куна вал-асма лид-Дулобий” (3/1177).

[15] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (17694), “Ал-адаб ал-муфрад” (1078).

Изоҳ қолдиринг