Эй иймон келтирганлар (51): Иймондан куфрни афзал билган қариндошларни дўст тутиш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, оталарингиз, ака-укаларингиз ва бошқа қариндошларингиз агар иймондан куфрни афзал билса, уларни дўст тутманг. Сизлардан ким уларни дўст тутса ва уларга муҳаббат қўйса, ўз жонига катта зулм қилибди” (Тавба, 23).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидода Аллоҳга иймон келтирган, фақат Ислом ҳақ дин, Аллоҳ Исломдан бошқа динни ҳаргиз қабул этмайди деб эътиқод қилган, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига ишонган ва бу борада иймони комил бўлган ҳар бир мўминга қаттиқ танбеҳ ва огоҳлантириш бордир. Аллоҳ таоло уларни ота-оналари, ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндош-уруғларидан бирор киши агар иймонни қўйиб, куфр йўлини танлаган кофир бўлса, ким бўлса ҳам уни дўст тутишдан қайтарди. Хоҳ уруш, хоҳ тинчлик пайтида бўлсин, энг яқин инсон агар кофир бўлса, уни яхши кўриш, ҳимоя қилиш, унга ёрдам бериш, мусулмонларнинг сирлари ва ички ишларини фош қилиш мумкин эмас, бундан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ иймон сифати билан нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳ ва Расулига, қиёмат кунига, Аллоҳнинг ваъда ва таҳдидларига инонган бандаларим, “оталарингиз, ака-укаларингиз ва бошқа қариндошларингиз, агар иймондан куфрни афзал билса уларни дўст тутманг”, деди. Яъни улар Аллоҳ ва Расулига иймон келтиришдан кўра уларга кофир бўлишни афзал деб билсалар ва қайсарлик билан куфрларида давом этсалар, уларни дўст тутманг. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла мўминларга нидо қилиб: “Сизлардан ким уларни дўст тутса, улар ўз жонига катта зулм қилибди”, деди. Яъни агар мўмин бандалари Унинг амрига қулоқ солмай, иймондан куфрни, тавҳиддан ширкни, покликдан ифлосликни, тартиб-интизомдан бошбошдоқликни, адолатдан зулмни афзал кўрган оталари ва ака-укалари билан орани очиқ қилмасалар, кофир қариндошларини дўст тутган бундай кимса “ўз жонига катта зулм қилибди”, яъни зулмга ботиб, унинг ичига кириб кетибди. Бу эса гўё булардан бошқа золим йўқ, фақат шулар золим деган гапдир, Аллоҳ сақласин. Буларнинг зулми яширин эмас, очиқ-ойдин кўриниб турибди. Улар адоват ўрнига муҳаббатни, кўмаксиз қолдириш ўрнига ёрдам беришни ихтиёр этдилар. Ҳолбуки, зулм дегани бир нарсани ўз ўрнига қўймасликдир. Аслида улар Аллоҳни яхши кўриб, дўст тутишлари лозим эди. Аллоҳ уларни ва барча халқларни яратган, ризқ-рўз берган, ишларини бошқариш билан уларга чексиз неъмат ато этган зотдир. Ҳар бир нарса Унинг қўлидадир, У ҳамма нарсага қодир зотдир. Мана, кимни яхши кўриш ва дўст тутиш керак эди. Қандай қилиб Аллоҳни қўйиб, бирон нарсага эга бўлмаган, ўзи бировнинг мулки бўлган, ҳеч нарса бера олмайдиган, ўзи муҳтож кимсани яхши кўриб, дўст тутиш мумкин?!

Одамлар орасидан яхши кўриш ва дўст тутиш керак бўлган кишилар Аллоҳга иймон келтириб, тоғутни инкор этган  мўминлардир. Тоғут деб Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган махлуқотларга айтилади. Инсонми, жинми, юлдузми, дарахтми, тошми, ё улардан бошқасими, ким бўлса ҳам Аллоҳни қўйиб унга ибодат қилинса тоғут бўлади. Муҳаббат ва дўстликка сазовор мўминлар Аллоҳни яхши кўрадилар, Уни дўст тутадилар, Аллоҳ яхши кўрган нарсаларни ҳам яхши кўрадилар, Аллоҳни яхши кўрган ва Уни дўст тутган солиҳ, мўмин, итоаткор бандаларни дўст тутадилар. Аммо иймондан куфрни, тавҳиддан ширкни, мўминлардан кофирларни афзал кўрган кимсани қандай яхши кўриш, унга ёрдам бериш мумкин бўлсин. Бу энг катта зулмдир. Шундай қилган кимса золимларнинг золимроғидир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар ота-оналарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндош-уруғларингиз, йиққан мол-дунёларингиз, касод бўлишидан қўрқадиган тижоратингиз ва яшаб турган уйларингизни Аллоҳ ва Расулининг ҳамда Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг муҳаббатидан устун кўрсангиз, у ҳолда Аллоҳнинг азобини ва жазосини кутаверинг! Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳаққа муваффақ этмайди” (Тавба, 24). Бундай фосиқ кимсаларга тавба қилиш, Аллоҳга, унинг муҳаббати ва дўстлигига қайтиш насиб этмайди. Чунки улар куфр, фисқ, зулм, ёмонлик ва фасодга ботиб кетганлар. Аллоҳнинг қонуни шуки, ким нима нарсага муккасидан кетган бўлса, кўпинча уни ташлай олмайди. “Фосиқ” дегани куфр, зулм ва бузуқлик билан йўлдан озган маъносига далолат қилади.

Юқорида баён қилганимиздан бу илоҳий нидо кўрсатмаларини билиб олдингиз. Бунга қўшимча тарзда айрим нарсаларни айтиб ўтсак, нур устига нур бўлади деб ўйлаймиз:

  • Эй иймон келтирганлар, оталарингиз…” ояти мўмин киши гарчи энг яқин қариндоши бўлса ҳам кофир кимсани дўст тутиши ҳаромлигини ифода этади. Бу ҳукм қиёматга қадар Ислом уммати орасида умумийлигича қолади, нозил бўлиш сабабига қаралмайди. Чунки муҳими лафзнинг умумийлигидир, сабабнинг хослиги эмас.

  • Мушрикларни дўст тутган киши ўзи ҳам мушрикка айланади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтганидек: “Ким мушрикларни дўст тутса, у ҳам улар каби мушрик бўлади. Чунки ширкка рози бўлиш айни ширкдир”. Кофир қариндошларга яхшилик қилиш ва совғалар бериш бундан мустасно қилинган. Бунга Асмо разияллоҳу анҳо айтган ҳадис далил бўлади. У: “Эй Расулуллоҳ, онам соғиниб, мени кўргани келибди, лекин ўзи мушрик, унга яхшилик қилсам бўладими?” деб сўраганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онангга яхшилик қил”, деб жавоб бердилар (Бухорий (2620), Муслим (1003) ривояти).

  • Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш мажбуриятларнинг энг каттаси бўлиб, ким Аллоҳ ва Расулини яхши кўрмас экан, мен мусулмонман деб даъво қилса-да, иймонсиз бўлади. Бу ҳақиқатни таъкидлаган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига қулоқ тутинг: “Уч нарса бор, кимда шулар бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг расули барча нарсадан кўра унга суюклироқ бўлиш, кимни яхши кўрса, фақатгина Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ уни куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтиб қолишни оловга ташланишдан кўра ҳам ёмонроқ билиш” (Бухорий, 1/60, Муслим, 2/13 ривояти).

Изоҳ қолдиринг