Савол:
Корона вабоси туфайли жамоат намозида одамлар бир-бирларидан узоқ туришларининг ҳукми нима?
Жавоб:
Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.
Биринчидан: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда сафларни текислаш, зич туриш ва олд сафларни тўлдиришга буюрганлар.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аввало олдинги сафни, сўнг ундан кейингисини тўлдиринглар. Бўш жой қолса, охирги сафда қолсин». (Аҳмад (12352), Абу Довуд (671) ва Насоий (818) ривояти. Ҳадисни Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Сафларни текисланг, елкаларни баробар қилинг, бўшлиқни тўлдиринг, биродарларингиз қўл ишорасини тўғри қабул қилинг (яъни сафни тўғрилаш, очиқ жойни тўлдириш мақсадида сизга қўли билан ишора қилса ёки тортса, мулойимлик билан итоат қилинг), шайтон учун очиқ жой қолдирманг. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (муродига) етказади. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (яхшиликлардан) узади» (Аҳмад (5724) ва Абу Довуд (666) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни зичлаштиринг, сафлар орасини яқинлаштиринг, бўйинларни бир-бирига тўғриланг», деганлар (Абу Довуд (667) ва Насоий (815) ривоятлари. Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган).
Сафлашни зичлаштириш ҳақида Синдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “сафларингизни зичлаштиринг” деган сўзларининг маъноси бир текисда бир-бирингизга ёпишиб туринг; “сафлар орасини яқинлаштиринг” деганларининг маъноси эса икки саф орасидаги масофани сафлар бир-бирига яқин бўладиган даражада қисқартиринг, деганидир».
Кисоий айтади: «Зичлашиш – ўртада бўшлиқ қолмайдиган даражада бир-бирига ёпишиб туришдир. Аллоҳ таолонинг: “Мустаҳкам бинодек сафга тизилиб турадилар” (Саф, 4) деган сўзи ҳам шу қабилдандир».
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сафларни тўғрилаш деганда аввало олдинги сафларни тўлдириш, бўшлиқларни ёпиш, кишининг кўкси ёнидаги одамнинг кўксидан олдинга ўтиб кетмай текис туриши тушунилади. Биринчи саф тўлмай туриб иккинчисига ўтилмайди, олдинги саф тўлмай туриб орқадаги сафда турилмайди».
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Маълумки, сафларни текислаш бир текис туриш, сафдагилар бир-биридан олдинга ёки орқага ўтиб кетмаслиги билан бўлади. Сафни текислашда оёқ учига қараладими, товонгами?»
Жавоб: Бадан юқорисида елкалар, пастки қисмида тўпиқлар эътиборга олинади…
Ҳадисда айтилган “сафларни тўғрилаш”дан мурод сафда ёнма-ён туришдир…
Шунингдек, (ўзбек тилига «тўғрилаш» деб таржима қилинган) «тасвия» сўзи мукаммаллик маъносини ҳам англатади. Аллоҳ таолонинг: «Мусо куч-қувватга тўлиб, камолотга етгач» (Қасас, 14) деган ояти шу қабилдан. Агар сафни тўғрилашдан уни мукаммал қилиш маъноси назарда тутилган десак, унда «тасвия» фақат ёнма-ён туриш билан сафни тўғрилашга чекланмай, ундан бошқа бир неча ишларни ҳам ўз ичига олади. Жумладан:
Сафда олдинга ё орқага ўтиб кетмасдан ёнма-ён, бир текис туриш. Тўғрироқ фикрга кўра, бу вожибдир.
Сафда бўшлиқ қолдирмаслик. Шу билан саф мукаммал бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини худди фаришталар Парвардигор ҳузурида зичлашиб, аввалги сафларни тўлдириб туришганидек сафланишга буюрганлар. Бироқ «зичлашиш»дан мурод намозхонлар бир-бирига тиқилиб туриши эмас, балки сафлар орасида шайтон учун бўшлиқ қолдирмасликдир. Зеро, тиқилиб туриш билан зичлашиб туриш орасида фарқ бор».
Иккинчидан: Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шофеий мазҳаби уламолари ҳам, бошқа уламолар ҳам биринчи сафга интилиш ва унга тарғиб қилиш мустаҳаб эканига иттифоқ қилганлар. Бу тўғрида талай саҳиҳ ҳадислар келган. Шунингдек, имомнинг ўнг тарафида туриш, сафлар орасидаги бўшлиқни тўлдириш, биринчи сафни тўлдирмай туриб кейинги сафларга ўтмаслик мустаҳаблигини айтганлар. Бир саф тўлмагунча кейинги сафга ўтилмайди».
Сафларни тўғрилашга буюрган ҳадисларнинг зоҳири ҳамда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу масалада қаттиқ турганлари унинг вожиблигини кўрсатади. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари ҳам сафларни тўғрилаш вожиблигини ифодалайди: «Одамлар бир ишни бир замон ва бир маконда йиғилиб бажаришгани учун бу ишга «жамоат (жамланиш) намози» дейилди… Улар намозда бир текис сафланишга буюрилдилар, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга сафларни тўғрилаш, зичлаштириш, бўшлиқларни ёпиш, биринчи сафни тўлдирмай туриб кейингисига ўтмаслик каби ишларни тайинладилар. Буларнинг барчаси мусулмонларнинг бирлигини имкон қадар энг гўзал кўринишда рўёбга чиқариш учун жорий қилинди. Агар сафланиш вожиб бўлмаганида одамлар намозда бир-бирларининг ортида (худди навбатга тургандек) туриб олиши жоиз бўлиб қолар эди. Мазкур кўриниш мусулмонларнинг намозда туриш тартиби эмаслиги барчага кундек равшан. Агар бу иш жоиз бўлганида, мусулмонлар уни бир марта бўлса ҳам қилган бўлар эдилар…
Шундай экан, усули фиқҳ қоидаси намозда сафланиш вожиб эканини тақозо қилади».
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни танлаган. У киши бундай дейди: «Бу масаладаги тўғрироқ фикрга кўра, сафни тўғрилаш вожибдир. Агар жамоат сафларни тўғриламаса, гуноҳкор бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтган гапнинг зоҳиридан шу тушунилади. Агар жамоат бунга хилоф қилиб, сафларни тўғриламаса, вожибни тарк этганлари учун намозлари бузиладими, йўқми?
Жавоб: Иккала эҳтимол ҳам бор. Вожиб амални тарк этганлари учун намоз бузилади, дейиш ҳам мумкин. Бироқ намозхонлар гуноҳкор бўлсалар-да, намоз бузилмаслиги эҳтимоли кучлироқ. Чунки сафларни тўғрилаш намоз учун вожиб бўлиб, намознинг ичидаги вожиблардан эмас. Яъни у намоздан ташқаридаги иш. Намоз учун вожиб бўлган ишни тарк этиш билан киши гуноҳкор бўлади, аммо бу билан намози бузилмайди. Масалан, азон намоз учун вожиб, бироқ уни тарк этиш билан намоз бузилмайди» (“Аш-шарҳ ал-мумтеъ”, 3/10).
Учинчидан: Бу билан намоз бузилмайди. Ҳатто саф орқасида якка ўзи намоз ўқиган кишининг намози дуруст бўлмаслигини айтган ҳанбалийлар ҳам бу ўринда намоз бузилмаслигини айтишади.
«Матолиб ули ан-нуҳо шарҳ ғоят ал-мунтаҳо» китобида (1/695) айтилади: «Сафни узиш билан намоз мутлақо бузилмайди. Яъни саф имомнинг ортидан узилса ҳам, ўнг тарафидан узилса ҳам намоз бузилмайди. Аммо саф имомнинг чап тарафидан узилса ҳамда сафни узган киши имомдан уч кишилик ўрин миқдорида узоқлашса, унинг намози бузилади. Бу Ибн Ҳомиднинг сўзидир…
Яна айтиладики, сафдан чиқмаган ҳолда ундан уч кишилик миқдорда узоқлашган ва якка ўзи ажралиб турган кишининг намози ҳам дуруст саналмайди.
Бироқ бу тўғри фикр эмас. Зеро, юқорида имом ортидан ва ўнг тарафидан саф узилиши намозни бузмаслиги айтиб ўтилди. Бу ҳукм якка шахсни ҳам, жамоатни ҳам ўз ичига олади».
Аллома Усмон ан-Наждий «Шарҳ ал-мунтаҳо»га ёзган ҳошиясида (1/318) айтади: «Сафни ўртада бўшлиқ қолдириб узиб қўйиш гоҳида уч ва ундан ортиқ киши сиғадиган жой ташлаш билан, гоҳида ундан камроғи билан бўлади. Сафни узувчи гоҳида бир киши, гоҳида бир неча киши бўлиши мумкин. Бу гапдан ўн икки ҳолат келиб чиқади. Улардан ўнтасида намоз бузилмайди, иккитасида эса сафдан узилган кишининг намози бузилади. Бу иккиси қуйидагича: агар саф узилиши имомнинг чап тарафида, у билан бир сафда турган киши тарафидан содир бўлса ва бу узилиш уч ёки ундан ортиқ кишининг ўрни миқдорида бўлса, сафни узувчи бир киши бўлса ҳам (1), бир неча киши бўлса ҳам (2) намози бузилади».
Демак, ҳанбалийлар наздида намозни бузадиган икки ҳолат қуйидагилардир:
Муқтадийлар имомнинг чап тарафида, у билан бир сафда туради. Саф орасида уч ёки ундан кўп киши сиғадиган даражада бўшлиқ бўлади ва фақат бир киши сафдан узилиб турган бўлади.
Муқтадийлар имомнинг чап тарафида, у билан бир сафда туради. Саф орасида уч ёки ундан кўп киши сиғадиган даражада бўшлиқ бўлади ва бир неча киши сафдан узилиб турган бўлади.