Қабр қандай бўлишига оид масалалар (3)

0

131 – Тобутда дафн этилмаслиги учун мусулмон маййитни кофирлар юртидан кўчириш

Маййитни тобут ичида дафн этиш макруҳ эканида уламолар ўртасида хилоф йўқлигини аввалроқ билиб ўтдик. Айрим кофир давлатларда мусулмон маййитларни ҳам тобут ичида дафн этиш мажбурий саналади. Шунда баъзи мусулмонлар маййит тобутда кўмилмаслиги учун харажат қилиб, уни мусулмон юртларга кўчиришади. Бундай қилиш жоиз эмас. «Модомики маййит вафот этган жойида мусулмонлар қабристонига кўмилар экан, унинг тобут ичида дафн этилиши уни бошқа юртга кўчиришга арзирли сабаб ҳисобланмайди. Балки тобутда дафн этилаверади»[1]. «Бунинг учун куфр диёри ҳукуматига тўлаш шарт бўлган маблағ тўланмагани сабабли улар тарафидан жасадга талафот етказиш, уни куйдириш ва шу каби ишлар билан мусулмон маййитларнинг жасадлари таҳқирланмаслиги шарт қилинади»[2].

132 – Темир тобут ичида дафн этиш

«Доимий фатво қўмитаси»дан қуйидаги мазмунда савол сўралди: Европа давлатларидаги таомилга кўра, мусулмон маййитни мусулмонлар юртига юбориш асносида маййит темир қути ичига солиниб, жасад бузилмаслиги учун маҳкам тамбаланади. Маййитни ёғоч қутида юборишга рухсат берилмайди. Агар темир қути очиладиган бўлса, уни очган кишилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Араб давлатларининг бирида шу каби воқеа содир бўлган. Темир қути синдириб очилганидан сўнг шу ишда қатнашган кишилардан иккитаси микроб юқтириб олиши натижасида вафот этган. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, маййит темир қутига солишдан олдин ювилади ва Ислом шариатига мувофиқ кафанланади.

Қўмитанинг жавоби қуйидагича бўлди: «Агар ҳолат саволда айтилганидек бўлса, мазкур маййитни ювиш, кафанлаш ва жанозасини ўқиш вожибдир. Шундан сўнг маййитни ўша темир тобутга солиб, мусулмонлар қабристонига дафн этиш учун исломий юртлардан бирига кўчиришнинг зарари йўқ. Шунингдек, темир тобутни очмасдан маййитни дафн этса бўлаверади»[3].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Ундан кўра маййитни кўчирмасдан, кофирлар юртидаги мусулмонлар қабристонига дафн этиш афзалроқдир».

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/439, 3913-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[2] Шайх Муҳаммад ибн Али Фаркус фатвоси. «Ал-ислоҳ» журнали, 62-бет, 3-сон, жумода ал-охира ойи, 1428 ҳижрий йил.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/394, 21522-фатво, иккинчи тўплам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг