Дард ва даво (91): Мушрикларни адаштирган шубҳа

0

Шу  ўринда бир масала туғилади:

Мушрик одам аслида қилган ширкини Аллоҳ таолони улуғлаш мақсадида қилади. Унинг даъвосича, дунёдаги подшоҳларнинг ҳузурига воситачи ва шафоатчилар ёрдамисиз кириб бўлмагани каби Аллоҳ таолонинг ҳузурига ҳам уларнинг воситачилигисиз кириб бўлмайди.

Демак, мушрикнинг мақсади Аллоҳ таолонинг рубубиятини поймол этиш эмас, балки уни улуғлашдир. Ундан бу ҳақда сўрасангиз шундай деб айтади: “Бу воситачилар мени Аллоҳга яқинлаштириши ва Унинг ҳузурига киритиши учун уларга ибодат қиламан. Асл мақсадим Аллоҳ, булар эса шунчаки воситачи ва шафоатчилар, холос”.

У ҳолда нега ушбу амал Аллоҳнинг ғазаби ва қаҳри келишига, мушрикнинг дўзахда мангу қолишига, унинг жони, мол-мулки ва аҳли-оиласи (мусулмонларга) ҳалол қилинишига сабаб бўлди?

Бу савол ортидан қуйидагича бошқа бир савол туғилади:

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларга шафоатчи ва воситачилар орқали яқинлашишни жорий қилиши мумкинми? (Агар мумкин бўлса), у ҳолда ширкнинг ҳаромлиги шариатдан олинган бўлади. Ёки Аллоҳга воситачилар орқали ибодат қилиш фитратда ҳам, ақлда ҳам қабиҳ иш саналиб, шариатда бу иш жорий қилиниши (ақлан олиб қараганда) мумкин эмас ва аслида барча шариатлар банда фитрати ва ақлида энг ифлос иш саналган ширкнинг ифлос ва қабиҳлигини тасдиқлаб, таъкидлаб келганми? Гуноҳлар орасида айнан ширк кечирилмас гуноҳ саналишининг сири нимада? Аллоҳ таоло ширкнинг кечирилмас гуноҳ экани ҳақида бундай деган: “Албатта Аллоҳ ўзига бирон нарсанинг шерик қилинишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳларни хоҳлаган бандаси учун кечиради” (Нисо, 48).

Ушбу савол ҳақида яхшилаб тафаккур қилинг, унинг жавобига қалбингизни ва зеҳнингизни қаратинг, унга беписанд қараманг. Чунки муваҳҳид билан мушрик, Аллоҳни танийдиган билан танимайдиган, жаннат аҳли билан дўзах аҳли ўртасидаги фарқ шу билан билинади.

Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ёрдам сўраб, ўзидан кўмак ва тўғриликни умид қилиб жавоб беришга ўтамиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятлаган кимсани адаштирувчи, Аллоҳ адаштирганни ҳидоят қилувчи, шунингдек, Аллоҳ бераман деган нарсани ман этувчи, Аллоҳ ман қилган нарсани берувчи йўқдир.

Ширк икки хил бўлади:

  1. Аллоҳнинг зоти, исмлари, сифатлари ва ишларига тааллуқли ширк;

  2. Аллоҳга ибодат қилиш ва У билан муомала қилишга тааллуқли ширк. Бу тур ширкка қўл урган инсон Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зотида, сифатларида ва ишларида шериги йўқлигини эътиқод қилиши мумкин.

Биринчи тур ширк иккига бўлинади:

Биринчиси: таътил, яъни Аллоҳнинг рубубияти, улуҳияти ва исм-сифатларини инкор этиш ширки. Бу ширкнинг энг ёмон тури ҳисобланади. Фиръавннинг ширки шу турга киради. Фиръавн: “Оламларнинг Рабби нима?!”, деб Аллоҳнинг рубубиятини инкор этган ва вазири Ҳомонга: “Эй Ҳомон, мен учун бир баланд қаср қургин, шояд, Мусонинг илоҳини кўрсам. Дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман”, деган эди. Ширк билан таътил бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Ҳар қандай мушрик таътил – инкор этувчи ва ҳар қандай таътил этувчи мушрикдир. Лекин ширк Аллоҳнинг рубубияти, исм ва сифатларини таътил қилиш ёхуд инкор этишни тақозо қилмайди. Негаки, баъзи мушриклар яратувчини, Унинг сифатларини эътироф этишади. Аммо тавҳид ҳаққини таътил қилишади, йўққа чиқаришади.

Ширкнинг таянчи ва пойдевори таътилдан иборат. Таътил уч қисм бўлади:

  • Оламдаги мавжудотларнинг яратувчиси ва пайдо қилувчисини инкор этиш;

  • Яратувчининг исмлари, сифатлари ва ишларини инкор этиш орқали Унинг муқаддас баркамоллигини йўққа чиқариш;

  • Аллоҳ билан муомала қилишда банда устидаги тавҳид мажбуриятларини инкор этиш.

“Ваҳдатул-вужуд” ғоясини айтувчиларнинг ширки мазкур биринчи турга киради. Уларнинг даъвосича, ҳеч қандай яратувчи ҳам, яратилувчи ҳам йўқ, ҳар қандай айб нуқсондан пок бўлган Ҳақ таоло билан махлуқотлари ягона вужуддан иборатдир.

Олам азалдан бор ва мангу қолади, у олдин йўқ бўлиб, кейин пайдо бўлиб қолмаган, балки у олдиндан бўлган ва абадий давом этади, деб айтувчи худосизларнинг ширки ҳам шу турга киради. Уларнинг даъвосича, оламда рўй берадиган барча ишлар уларнинг пайдо бўлишини тақозо қилган сабаб ва воситаларга боғлиқ. Улар бу сабаб ва воситаларни “ақл ва нафслар” деб аташади.

Шунингдек, Парвардигор таолонинг исмлари, сифатлари ва ишларини инкор этиш ширки ҳам шу турга оид. Бу жаҳмий ва қарматий фирқаларининг фикри бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг на бирон исми ва на бирон сифати бор дейишади. Улар бу сўзлари билан яратилган бандани яратувчи Зотдан мукаммал санашди. Чунки ҳар қандай зотнинг комиллиги унинг исм ва сифатларига қараб белгиланади.

Изоҳ қолдиринг