Охирзамон қирғинлари (21): Ёмон оқибатларга олиб келади деган даъво билан охирзамон фитналари ва қирғинларидан баъзиларини инкор этиш

0

Учинчи: ёмон оқибатларга олиб келади деган даъво билан охирзамон фитналари ва қирғинларидан баъзиларини инкор этиш

Аҳли суннатга мухолиф бўлган баъзилар охирзамон фитналари ва қирғинларига оид айрим ҳадисларни инкор этдилар. Бу ҳадислар мусулмонлар ҳаётида нохуш оқибатларга сабаб бўлишини даъво қилдилар. Шунинг учун Маҳдий ҳақидаги ҳадисларни танқид остига олишди. Уларнинг фикрича, бу ҳадислар одамлар ўртасида қон тўкилишига, мусулмонлар Ислом адолати ва шон-шарафини қайта тиклайдиган Маҳдийни кутиб ўтираверишлари оқибатида улар ўртасида ноумидлик руҳининг ёйилишига сабаб бўлган[1].

Бу даъво бир неча сабабларга кўра очиқ-ойдин ботилдир[2]:

Биринчидан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадислар ҳидоят, омонлик ва барқарорлик манбаидир. Маҳдий ҳақидаги ақида айрим мусулмонлар ҳаётида ёмон асоратлар қолдирган ва нохуш оқибатларга олиб келган бўлса, бунга тўқима ҳадисларга таяниш, илм, оят-ҳадисларни тушуниш, амал ва сулукда аҳли суннат йўлидан узоқлашиш сабаб бўлган. Бу муаммога Маҳдий мавзусига оид саҳиҳ ҳадисларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Иккинчидан: айрим мусулмон жамиятларда юзага келган муаммо ва ғалаёнлар манбаи маҳдийликни даъво қилиб чиққан залолат аҳлига бориб тақалади. Бу муаммоларнинг Маҳдий ҳақида келган саҳиҳ ҳадисларга алоқаси йўқ. Маҳдийлик даъвоси ортидан келиб чиққан нохуш оқибатлар пайғамбарликни даъво қилганлар туфайли юзага келган оқибатлардан деярли фарқ қилмайди. Хўш, мусулмон киши ёлғон пайғамбарлик даъвоси натижасида юзага келган ёмон оқибатларни деб ҳақ пайғамбарларнинг пайғамбарликларини инкор этиши тўғри бўладими?!

Дарҳақиқат, илм аҳли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадисларни юқорида келтирилган асоссиз ҳужжатлар билан инкор этишлари эмас, балки мусулмонларга охирзамон фитналари ва қирғинларига оид ҳадисларни тўғри тушунишни ўргатишлари вожибдир.

Учинчидан: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадисларни ботил даъволар билан рад этиш динга путур етказиш, пайғамбарлар саййидининг сўзларини ёлғонга чиқариш саналади. У зотнинг сўзини рад этиш эса, рад этувчининг дунё ва охиратига баъзи кимсаларнинг маҳдийликни даъво қилиши ортидан юзага келган нохуш оқибатлардан ҳам каттароқ мусибат келтиради.

Аллоҳ таоло айтади:

“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга киритамиз. Нақадар ёмон жойдир у!”[3].

Аллоҳ таоло Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадис ва хабарларни ёлғонга чиқаришни қўятуринг, у зотнинг ишлари ва суннатларига хилоф иш тутганларни огоҳлантириб шундай дейди:

“Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!”[4].

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал[5] раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини рад қилган киши ҳалокат ёқасидадир”[6].

[1] Қаранг: “Тафсир ал-манор”, 6/57; 9/499; “Зуҳо ал-Ислом”, 3/243, 244; “Мажаллат ал-манор”, 7/4/146.
[2] Мазкур даъвога қилинган раддиялар ҳақида маълумот учун қаранг: “Ас-сунан ал-ворида фил-фитан ва ғавоилиҳо”, “Муҳаққиқ муқаддимаси”, 1/59, 60; ал-Муқаддим. “Ал-Маҳдий”, 183-186.
[3] Нисо сураси, 115-оят.
[4] Нур сураси, 63-оят.
[5] У аҳли суннат ва жамоат имоми Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал Шайбоний Воилий бўлиб, ҳанбалий мазҳабининг асосчисидир. У аббосийлар халифалиги даврида мўътазилий амирлар томонидан Қуръонни махлуқ – яратилган дейиш фитнаси билан синалган ва “Қуръон махлуқдир” дейишдан бош тортиб, қаттиқ азобланган эди. Ҳижрий 241 йилда вафот этган (Қаранг: “Тарихи Бағдод”, 4/412-423; “Табақот ал-ҳанобила”, 1/8; “Сияру аълом ан-нубало”, 11/177-358).
[6] Қаранг: Ал-Лолакоий. “Эътиқод аҳл ас-сунна”, 3/478.

Изоҳ қолдиринг