Субҳидам сабоқлари(1): Қимматга тушган нисён

0

Йигит ўн йил тинмай меҳнат қилди. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, емай-ичмай пул йиғди. Тийинма-тийин йиққан пуллари катта сумкага жо бўлди.

«Оғир кунлар ортда қолди» деб севинди у. Энди у бу бир сумка пулга катта уй қуради, яхши машина олади, уйланади, бола-чақали бўлади… пулнинг қолгани эса тижорат учун дастмояликка етарли.

Пулни ўзи айлантиргани яхшими ёки музорабага бергани яхшими?..

У шу хаёллар оғушида маст бўлиб турганда шитоб билан кетаётган автобус «ғийқ» этиб тўхтади. Кўзланган манзилга етган йигит шошиб автобусдан тушди.

Хаёлида эса ҳамон ўша шинам уй, соҳибжамол хотин, туғилажак ширин-шакар фарзандлар, айш-ишрат, тижорат, савдо-сотиқ…

Автобус кўздан ғойиб бўлгунча бу хаёллар уни тарк этмади.

У эски, хароба, қоп-қоронғи уйига кириб, чироқни ёққанда бирдан «дод» деб ҳайқирди. Шу заҳоти отилиб кўчага чиқди. Орқасига қарамай автобусга етармиканман деган умидда олдинга қараб чопти. Роса чопти…

Чунки пул солинган сумкани у автобусда унутиб қолдирган эди.

Бу унутиш унга қимматга тушди. Жуда-жуда қимматга тушди.

Шунга ўхшаш бошқа бир мисол.

Ёш она тунда боласини эмизаётиб ухлаб қолади. Она кўкраги бола бетини бутунлай қоплаган эди.

Келинчак эрталаб уйқудан турибоқ уй юмушларига шўнғиб кетади.

Болам маза қилиб ухлаяпти, майли ором олсин, у ухлаб ётганда ишларимни қилиб олай, дейди она.

Ишларни битириб бўлгач, боладан хабар олгани хонага киради. Бечорагинам очқаб қолгандир, кўнгилдан ўткизди она.

Хонага кирибоқ йўргакдаги болани қўлига олди. Кўзи юмуқ бола оғзига кўкрагини тутди. Бола оғзини очмайди. Тунда эмган сути боланинг охирги эмиши бўлган экан, бу сут гўдакнинг дунёдаги охирги ризқи экан.

Шунда бир нарса ёдига тушган аёл «вой-дод» деб фарёд кўтарди.

У ярим кечаси боласини эмизаётиб ухлаб қолгани эсига тушганди.

Кўкраги билан боланинг бетини тўсиб қўйган эди. Буни эслолмайди. Нафас олишга қийналган бола димиқиб ўлиб қолган…

Бу мисолни раҳматли устозимиз Муҳайсиний 2000 йил фиқҳ дарсида أنواع القتل «Қатл турлари» тўғрисида дарс ўтаётиб айтган эди.

Бошқа бир мисол.

Йигит ошнаси билан тортишиб қолди.

— Бензобакда бензин тўла! — деди йигит.

— Бир томчи ҳам бензин йўқ! — дейди ошнаси.

Ким ҳақлигини билиш учун бензобак оғзини очиб гугурт чақишди.

Ўшанда уларнинг ёши 17 да эди.

Улар ёқилғи ҳисоблагичга қарашни унутишган эди. Балким эсларида тургандир, ҳовлиқиб, шошиб ишни тез битишини хоҳлашгандир.

Қимматга тушган нисёнлар ичида энг хатарлиси бу эмас.

Қизиқ, бундан хатарлироқ, бундан хунукроқ, бундан баттарроқ нисён ҳам борми?

Ҳа, бор.

Уни билиш учун нуктадон араб олимининг қуйидаги муборак эслатмасини ўқинг.

☂️⛅️ *همسات الصباح* ⛅️☂️

(إِنَّ الَّذِينَ يَضِلُّونَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا نَسُوا يَوْمَ الْحِسَابِ)
[ص ٢٦]

يَضِل الإنسان ويكثر الفساد
بمقدار نسيانه ليوم المعاد

☀️ صباح الذكرى ☀️

قال تعالى: ﴿إِنَّ الَّذِينَ يَضِلُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا نَسُوا يَوْمَ الْحِسَابِ﴾

﴾Аллоҳ йўлидан озган (нотўғри йўлларга кириб кетган) кишилар учун ҳисоб-китоб Кунини унутишгани учун албатта қаттиқ азоб бордир!﴿
Сод сураси 26-оят.

Инсоннинг адашиши, йўлини йўқотиб, сарсон-саргардон изғиши, ер юзида фисқ-фасоднинг кўпайиши, жиноят, гуноҳ ва анво хил бузғунчиликларнинг содир бўлиши инсоннинг Қиёмат кунини унутишига, ҳисоб-китоб соатини эсдан чиқаришига боғлиқдир.

Аллоҳнинг даргоҳига қайтиб борадиган Кунни унутиш миқдорича инсон йўлдан озади ва бузғунчилик қилади.

Демак, ер юзидаги жиноятларнинг асосий омили Охиратни унутиш, ҳисоб-китобни эсдан чиқаришдир.

Эркин Воҳидов дейди:

«Шаҳарни миршаб эмас, эътиқод қўриқлайди. Эътиқод нураган жойда ҳоким ҳам, қози ҳам, миршаб ҳам ожиз». (Эркин Воҳидов Асарлари бешинчи жилд, 102-бет)

Кундан кунга ортиб бораётган жиноятларни олдини олмоқчи бўлсак, пичоқвозликка, фоҳишабозликка барҳам бермоқчи бўлсак, ёш авлодни иймон руҳида тарбиялайлик.

Ўрта мактабдан бошлаб, болаларга Аллоҳ ва Росулини танитайлик ҳамда адабиёт билан бирга ҳадисни, математика билан бирга Ҳисоб-китоб кунини ҳам ўргатайлик, эслатайлик…

Қонхўрлик, бузғунчилик, порахўрлик каби жиноятларнинг олдини олмоқчи бўлсак, телевидения ва радиода, матбуотда, ижтимоий тармоқларда тинмай учта нарсани одамларга эслатиб турайлик:

1-Аллоҳ даргоҳига қайтиш.

2-Қиёматдаги маҳкама жараёни: ҳар бир инсонни алоҳида-алоҳида ҳисоб-китоб қилиниши.

3-Жиноят бежазо қолмаслиги. Охират азоби жуда қаттиқ экани.

Субҳидамда барчангизга Қиёматни унутмайдиган мустаҳкам хотира тилайман.

Охиратни унутиш, ҳисоб-китоб Кунини эсдан чиқариш қимматга тушмасин тағин!

Абу Абдулборий Жалолиддин.

Изоҳ қолдиринг