Эй иймон келтирганлар (52): Мушрикларнинг икки Ҳарамга кириши ҳаромлиги, аҳли китоблар билан жизя тўлагунларига қадар урушиш фарзлиги ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир. Бу йилдан сўнг улар Ҳарамга яқин келмасинлар. Агар уларнинг тижоратлари сизлардан узилиб қолиши сабабли камбағал бўлиб қолишдан қўрқсангиз, билингки, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдириб беради ва хоҳласа сизларни Ўз фазл-марҳамати билан бой-бадавлат қилиб қўяди. Шубҳасиз, Аллоҳ билувчи ва ҳаким зотдир. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилмайдиган, Ислом шариати ҳукмларига амал қилмайдиган аҳли китоб яҳуд ва насороларга қарши то улар мағлубиятларини тан олиб, жизя тўловини хор бўлган ҳолларида ўз қўллари билан тўламагунларича жанг қилинг” (Тавба, 28-29).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо иймон ва тақвоси билан Аллоҳга дўст бўлган мўмин бандаларга қаратилган бўлиб, унда икки буюк иш ҳақида сўз юритилган.

Биринчиси: Мушрикларнинг Масжиди Ҳаромга кириши ҳаромлиги. Макка шаҳри тўлиғича ҳарам ҳисобланади ва у мазкур ҳукмда Масжиди Ҳаромга тобедир. Шунинг учун мушрик ё кофирлар хоҳ аҳли китоб бўлсин, хоҳ бошқаси бўлсин, Масжиди Ҳаромга киришлари мумкин эмас. Шунингдек, мушрик ва кофир кимсалар Масжиди набавийга ва умуман Мадинаи мунавварага кириши ҳам мумкин эмас. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилганлар, мен Мадинани ҳарам қиламан” (Муслим ривояти).

Мушрик ва кофирлар икки Ҳарамга кириши ҳаром бўлгани учун мусулмонлар ҳар қандай ҳолда ҳам уларни киришдан ман қилишлари ва тўсишлари шарт. Бу нидодаги биринчи оят шунга далолат қилади: “Эй иймон келтирганлар, шак-шубҳасиз мушриклар нопок кимсалардир. Бу йилдан сўнг улар Ҳарамга яқин келмасинлар”. Оятдаги “бу йил”дан мурод ҳижрий тўққизинчи йил бўлиб, ўша йили Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ҳожиларга амир бўлиб ҳаж қилган эди. Шу оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафот, Мино ва Маккада ушбу амрни одамларга етказиш учун жарчилар юбордилар: “Ҳой одамлар, ҳеч ким Каъбани яланғоч ҳолда тавоф қилмасин ва бу йилдан сўнг мушриклар ҳажга келмасин” (Муттафақун алайҳ).

Мушриклар ҳалол-пок кийим топа олмасалар, Байтуллоҳни яланғоч ҳолда тавоф қилишар эди. Энди бунга чек қўйилди, нафақат кийимсиз тавоф қилиш, балки иймонсиз бўлса умуман ҳажга келиш ман этилди. Шу сабабли сизлар эй мўминлар: “Агар уларнинг тижоратлари сизлардан узилиб қолиши сабабли камбағал бўлиб қолишдан қўрқсангиз…” Яъни мушриклар ҳаж мавсумида Маккага озиқ-овқат ва бошқа тижорат моллари олиб келиб, олди-сотди қилишар эди. Ҳаждан ман қилингани сабабли улар келмаса ва бу билан нарсалар келиши ҳам тўхтаб, сизларга фақирлик етишидан хавотир олаётган бўлсангиз, қўрқманг: “Аллоҳ унинг ўрнини тўлдириб беради ва хоҳласа сизларни Ўз фазл-марҳамати билан бой-бадавлат қилиб қўяди”, Аллоҳ мўминларга уларнинг эҳтиёжларини қондириб, муҳтож бўлмайдиган миқдорда бойлик беришга ваъда берди. Ризқ мушриклар қўлида эмас, ризқ Аллоҳнинг қўлидадир. “Хоҳласа сизларни Ўз фазл-марҳамати билан бой-бадавлат қилиб қўяди. Шубҳасиз, Аллоҳ билувчи ва ҳаким зотдир”. “Аллоҳ хоҳласа” дейишидан мақсад шуки, мўминлар чин қалбдан Аллоҳга боғланиб, умид ва қўрқувда турсинлар, хотиржам, бемалол бўлиб қолмасинлар. Аллоҳнинг билувчи ва ҳаким зот экани ҳам шу маънони тасдиқлаб келадики, илм ва ҳикмат эгаси ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўяди, ноўрин тасарруф этмайди. Шунинг учун Аллоҳнинг раҳмати ва фазл-марҳаматини истаган киши шунга лойиқ бўлишга интилиши, Аллоҳ ва Расулига иймони ва тўлиқ итоати билан астойдил ҳаракат қилиши лозим.

Иккинчиси: Ушбу нидо ўз ичига олган иккинчи буюк ишни кейинги оят баён қилган: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилмайдиган, Ислом шариати ҳукмларига амал қилмайдиган аҳли китоб бўлган яҳуд ва насороларга қарши то улар мағлубиятларини тан олиб, жизя тўловини хор бўлган ҳолларида ўз қўллари билан тўламагунларича жанг қилинг”. Аллоҳ таоло мушрикларни Масжиди ҳаромга киришдан ман қилишни мўминларга буюрар экан, бу нарса токи Исломни қабул қилмас эканлар, улар билан жанг қилишга бўлган буйруқни ҳам тақозо этади. Яна Аллоҳ азза ва жалла аҳли китоблар ё Исломни қабул қилиши ёки мусулмонлар ҳимоясига кириб, жизя тўлаб туриши кераклигини, акс ҳолда улар билан жанг қилинишини мўминларга уқтирди: “Ҳақ динга эътиқод қилмагунча аҳли китоблар билан жанг қилинг”. Аҳли китоблар яҳуд ва насоролардир. Аллоҳ уларнинг бузуқ иймонларига рози бўлмади.

Яҳудлар мушаббиҳа (Аллоҳнинг сифатларини махлуқотлар сифатига ўхшатувчи), мужассима (Аллоҳга жисм ва шакл берувчи) бўлиб, Аллоҳни нолойиқ сифатлар билан сифатлайдилар.

Насоролар эса “Аллоҳ учтанинг биридир” деб айтадилар ва шундай эътиқод қиладилар. Аллоҳга қасамки, бу иймон эмас, айни куфрдир. Шунинг учун Аллоҳ уларнинг иймонларини йўққа чиқариб: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган”, деди.

Агар улар ҳақиқатда Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлганида, соғлом иймон ва Аллоҳ буюрган солиҳ амаллар билан жаннатга кириш ва дўзахдан нажот топишга интилган, амал қилишган бўлар эди. Демак, улар Аллоҳга ва охират кунига кофир кимсалардир.

Аллоҳнинг: “Ислом шариати ҳукмларига амал қилмайдиган” деган сўзларига келсак, яъни ҳақ дин бўлмиш Исломга эътиқод қилмайдиган яҳудийлар ўзларининг яҳудийлик бидъатларига, насоролар эса насронийлик бидъатларига эътиқод қиладилар. Ундан бошқасини Аллоҳ қабул қилмайдиган ҳақ дин Исломга кофир бўлиб, унга қарши уруш қиладилар. Уларнинг динлари ботил, улар дўзахдан қутқармайдиган ва жаннатга олиб кирмайдиган ботил динга эътиқод қиладилар.

Жизя тўловини хор бўлган ҳолларида ўз қўллари билан тўламагунларича…” Кофирларга қарши жанг қилишдаги ғоя шудир. Мусулмонларга бўйин эгиб, жизя тўловини тўламагунича кофирларга қарши жанг қилинади. Кофирлар бўйсуниб, жизя тўлай бошласалар, мусулмонларнинг ҳимоясига кирган бўладилар ва бу билан зиммаларига юклатилажак айрим шартлар эвазига жон, мол, обрў ва динларини омон сақлайдилар. Бу ҳақда батафсил маълумотни Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирида зикр қилган Умар разияллоҳу анҳунинг ёрлиғида ўқишингиз мумкин.

Сўзимиз сўнгида сиз азиз ўқувчиларга юқорида ўтган икки оят далолат қилган айрим нарсаларни баён қиламиз, булар ҳақида фикр юритиб, яхши тушуниб олинг:

  • Мушрикларнинг нопоклиги маънавий бўлиб, бу уларнинг Аллоҳга бўлган ширкидир. Гарчи жанобатдан ғусл қилмасалар ва нопокликлардан сақланмасалар ҳам уларнинг нопоклиги маънавийдир. Бунга далил Бухорий ва Муслимда келган Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мўмин киши нопок бўлмайди”, деган сўзларидир. Бу ҳадисдан кофирнинг нопоклиги унинг куфри ва ширки экани тушунилади. Аҳли китоб билан қўл бериб кўришгандан сўнг қўлни ювиб ташлаш шарт эмас ва бу таҳоратни ҳам бузмайди.

  • Масжиди Ҳаром ва Масжиди набавийдан бошқа масжидларга кофирлар мусулмонларнинг рухсати билан кириши жоиз.

  • Исломни қабул қилмагунича аҳли китоблар билан урушишнинг вожиблиги. Исломга кирсалар мукаммал саодатга эришадилар ёки ўз динларида қолиб мусулмонларнинг ҳимоясига ўтсалар, уларга қарши урушилмайди. Мусулмонларнинг улар устидан адолат ва ҳақ билан юритган ҳукми остида яшайверадилар.

  • Улардан жизя олишнинг вожиблиги. Жизя касб-ҳунар қилишга қодир кишилардан олинадиган муайян миқдордаги йиллик тўловдир. Жизя қариялар, ёш болалар ва аёллар каби ожиз, заиф инсонлардан олинмайди.

  • Оятдаги: “ўз қўллари билан” сўзининг икки маъноси бор. Биринчиси: жизяни тўлашга қодир кишидан олинсин, тўлашга ожиздан эмас, деган маънодир. Иккинчи маъно: жизя тўловчи шахсан ўзи, ўз қўли билан олиб келиб берсин, бошқа бировдан бериб юбормасин, деганидир. Ушбу маънони таъкидлаб Аллоҳ таоло: “хор бўлган ҳолларида”, деди. Яъни Ислом ҳукмига итоат қилиб, хор бўлган ҳолларида тўласинлар.

  • Камбағалликдан қўрқиш мўмин кишини Аллоҳнинг буйруқларига амал қилишдан тўсиб қўймасин. Аллоҳ таоло итоаткор, ҳаромдан тийилиб, буйруқларга амал қиладиган бандасини бировга муҳтож қилмаслика, Ўз фазли-карами билан бой-бадавлат қилишга ваъда берган. Ҳақиқатда шундай. Мўминлар Аллоҳнинг буйруғига амал қилиб, мушрикларни ҳажга келишдан тўсган эдилар, Аллоҳ уларга фатҳу нусратлар, кофирлардан ундирилган жизялардан чексиз мол-давлат ато этди.

Эй мўминлар, Аллоҳнинг буйруқларига риоя қилинг, шариатига амал қилинг, судхўрлик ва ҳаром нарсалар олди-сотдисини ташланг, Аллоҳ фазлу-марҳамати билан бой-бадавлат ва Ўзидан ўзгага беҳожат қилиб қўяди. Аллоҳнинг ўзигина ҳеч нарсага муҳтож бўлмайдиган беҳожат ва ҳамиша мақтовга сазовор зотдир.

 

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг