Пайғамбаримизнинг кун тартиби (8)

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалар ҳамроҳлигидаги зиёратлари

Бир куни Итбон бин Молик разияллоҳу анҳуни зиёрат қилдилар. Итбон разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракотларидан баҳраманд бўлиш учун у зотни уйига чақирган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва бир неча саҳобалар ҳамроҳлигида чошгоҳ пайти унинг уйига бордилар. Унга: “Уйингнинг қаерида намоз ўқиб берай?” дедилар. Итбон уйнинг бир четини кўрсатди ва у ерга бўйра тўшади. Бўйранинг чеккаларига сув сепиб қўйди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга имом бўлиб икки ракаат намоз ўқидилар. Сўнг Итбон таомга таклиф этди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб, таомидан едилар[1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам зиёрат қилган кишилар билан ширин суҳбат қуриб, уларга илтифот кўрсатар эдилар. Ҳаммага баробар яхши муомала қилар эдилар. Ҳатто уларнинг кичкина болаларини ҳам эркалаб қўяр эдилар.

Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқ-атворлари ниҳоятда гўзал эди. У зот бизникига келганларида биз билан ўйнаб, бизни хушнуд этар эдилар. Эндигина сутдан чиққан уч ёшли укам бор эди. У билан ўйнашиб, уни ҳам кулдирар эдилар. Бир куни бизникига келганларида укам хафа бўлиб ўтирган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Умму Сулайм, ўғлинг Абу Умайрга нима бўлди? Хафа, кайфияти йўқ кўринади?” дедилар. Умму Сулайм: “Ё Расулуллоҳ, унинг ўйнаб юрган қушчаси нуғайр ўлиб қолди[2]”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам укамнинг бошини силаб: “Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр? Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр?” дедилар[3].

Саҳобалардан бирини зиёрат қилиб, унинг уйида таом есалар, ҳаққига дуо қилар эдилар. Бир марта Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳуни зиёрат қилдилар. У нон билан зайтун ёғи келтирди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан тановул қилдилар. Сўнг шундай дуо қилдилар:

أَفْطَرَ عندكم الصائمونَ وأَكَلَ طعامَكم الأبرار وصلَّت عليكمُ الملائكة

“Хонадонингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни солиҳ кишилар тановул қилсин, ҳаққингизга фаришталар дуо қилсин”[4].

Бир марта Буср ибн Абу Буср разияллоҳу анҳуни зиёрат қилдилар. У пишлоқ, хурмо ва сариёғдан таёрланган таом келтирди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан тановул қилдилар. Сўнг ичимлик олиб келди. Ундан ичдилар, кейин унинг ҳаққига дуо қилдилар:

اللهمَّ بارك لهم في ما رزقتهم واغفرْ لهم وارحمهم

“Илоҳим! Уларга берган ризқингни баракотли қил, уларни мағфират ва раҳмат айла”[5].

[1]   Қаранг: “Муснад Аҳмад” (6482, 23770). “Саҳиҳ Бухорий” (425, 118). “Саҳиҳ Муслим” (33).

[2] Нуғайр – чумчуқсимон кичкина қуш.

[3] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12137). “Саҳиҳ Бухорий” (6129, 6203). “Саҳиҳ Муслим” (2150).

[4] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12177, 12406). “Сунан Абу Довуд” (3854). “Сунан Ибн Можа” (1747).

[5] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (91375). “Муснад Аҳмад” (17673). “Саҳиҳ Муслим” (2042).

Изоҳ қолдиринг