Дард ва даво (92): Мушрикларни адаштирган шубҳа (2)

0

Бўлим

Ширкнинг иккинчи тури

Ширкнинг иккинчи тури Аллоҳнинг исмлари, сифатлари ва рубубиятини эътироф эта туриб, Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бор деганларнинг ширкидир. Бунга “Аллоҳ учта илоҳнинг учинчиси” дейдиган насронийларни мисол қилиш мумкин. Улар Аллоҳга қўшиб Масиҳ Исони ҳам, унинг онасини ҳам илоҳ дейишади.

Яхши ишлар нурдан, ёмон ишлар зулматдан содир бўлади, дегувчи мажусийларнинг ширки ҳам шу турга киради.

Қадарийларнинг ширки ҳам шу турдан. Уларнинг фикрича, ҳар бир жонзот ўз ишини, хатти-ҳаракатини ўзи яратади, бу хатти-ҳаракатлар Аллоҳнинг хоҳиши, қудрати ва иродасисиз содир бўлади. Шу  жиҳатдан (яъни яхшилик ва ёмонликни Аллоҳга нисбат бермаслик жиҳатидан) улар мажусийларга ўхшайди.

Иброҳим алайҳиссалом билан тортишган кимса Намруднинг ширки ҳам шу турдан эди. Иброҳим алайҳиссалом унга: “Мени Раббим тирилтиради ва ўлдиради”, деганда у: “Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман”, деб жавоб берган эди. Аллоҳ таоло истаган жонзотни тирилтириб, истаганини ўлдиргани каби у ҳам истаганини тирилтиришга ва ўлдиришга қодирлигини даъво қилиб, ўзини Аллоҳ таолога тенглаштирди. Иброҳим алайҳиссалом уни айтган сўзидан тутиб, қуёшни Аллоҳ чиқарадиган жойдан бошқа ердан чиқаришини сўради. Баъзи баҳс-мунозара аҳли даъво қилганидек, Иброҳим алайҳиссаломнинг қилган иши мавзудан четга чиқиш эмас, балки агар Намруд айтган сўз ҳақ бўлса, даъвосининг устидан чиқишни талаб қилиш билан уни мот қилиш бўлган эди.

Сайёраларга сиғинувчи собеа тоифаси ва бошқалар каби осмондаги юлдузларни Аллоҳга шерик қилиб, уларни ушбу коинотни бошқариб турувчи илоҳлар деб эътиқод қиладиганларнинг ширки ҳам шу турга оиддир.

Шунингдек, қуёшга, оловга ва бошқа нарсаларга ибодат қилиб, уларни Аллоҳга шерик қиладиганларнинг ширки ҳам шу турга дохил.

Юқорида зикр этилган мушрикларнинг айримлари ўзи ибодат қилаётган илоҳни ҳақиқий илоҳ деб даъво қилса, баъзилари илоҳини энг катта илоҳ деб айтади. Яна бирлари ўз илоҳини борлиқда мавжуд илоҳлардан бири, агар унга ибодат қилса, ўзини унга бағишласа, тоат-ибодатида бардавом бўлса, ушбу илоҳ унга юзланади ва эътибор қаратади, деб даъво қилади. Бошқа бирининг даъвосича, унинг илоҳи кичик бир илоҳ бўлиб, у бандасини ўзидан юқори мартабадаги илоҳга яқинлаштиради, у ўз набатида ўзидан юқоридагига, шу йўсинда ушбу илоҳлар бандани Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога яқинлаштиради. Ўртадаги восита илоҳлар эса кўп ёки оз бўлиши мумкин.

Бўлим

 Ибодатдаги ширкка келсак, бу тур ширк юқорида айтилган ширк туридан енгилроқдир. Чунки бу ширк Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Ундан бошқа ҳеч ким зарар ҳам, фойда ҳам етказолмайди, ҳеч нарсани беролмайди, бирор нарсани қайтаролмайди, Ундан ўзга ҳақ илоҳ ва парвардигор йўқ, деб биладиган одамдан содир бўлади. Лекин бундай кимсанинг Аллоҳ билан бўлган муомаласи ва Унга қилган ибодатида ихлоси бўлмайди. Гоҳида нафси учун, гоҳида дунё талабида, гоҳида одамлар орасида мартаба ва обрў-эътиборга эришиш мақсадида амал қилади. Қилган амали ва хатти-ҳаракатида Аллоҳнинг ҳам, ҳавои нафсининг ҳам, шайтоннинг ҳам, одамларнинг ҳам улуши бўлади. Кўпчилик инсонларнинг ҳолати мана шундай.

Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” китобида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз айтган ширк мана шудир. У зот айтдилар: “Умматимнинг ширки чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бундан қандай сақланамиз?”, деб сўрашди. У зот айтдилар: “Ё Аллоҳ, Сенга билатуриб ширк келтиришдан паноҳ беришингни, билмай қилиб қўйган ширкларимни кечиришингни сўрайман”, дей айт[1].

Риёнинг барча кўриниши ширк. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг, (эй Пайғамбар): “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Фақат (сизлардан фарқли жойим) менга илоҳингиз ягона илоҳ экани ваҳий қилинади. Ким Раббига йўлиқишдан умидвор бўлса, яхши амал қилсин ва Раббига ибодат қилишда бирон кимсани Унга шерик қилмасин!” (Каҳф, 110). Яъни модомики Аллоҳ ёлғиз илоҳ, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ экан, у ҳолда барча ибодат ҳам ёлғиз Унинг учун бажарилиши керак. Шунингдек, У зот илоҳлик сифатида ёлғиз саналар экан, у ҳолда ибодатга ҳам ёлғиз Ўзи лойиқ бўлиши лозим. Солиҳ амал риёдан холи ва суннатга мувофиқ амалдир.

Умар разияллоҳу анҳу мана бундай дуо қилар эди: “Ё Аллоҳ, барча амалимни солиҳ ва Ўзинг учун холис қилгин, унда биров учун насиба қолдирмагин”[2].

Ибодатда ширк келтириш (яъни риё) амалнинг савобини йўққа чиқаради. Агар амал вожиб амаллардан бўлса, ундаги риёси учун жазога тортилиши ҳам мумкин. Чунки риё инсонни ўша амални бажармаган кишининг даражасига туширади. Натижада буйруқни бажармагани учун жазога тортилади. Сабаби, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ибодатни холис Унинг учун бажаришга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, улар динни холис қилган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида фақат Аллоҳга ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга, закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар” (Баййина, 5). Бинобарин, ким ибодатни холис Аллоҳ учун адо этмаса, буйруқни тарк қилган, балки буюрилмаган ишни қилган бўлади. Шу сабабли бу амали дуруст саналмайди ва қабул қилинмайди.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Мен шериклардан энг беҳожат Зотман. Ким бир амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, амали ўша шерик қилган нарсаси учун бўлади. Менинг у амалга дахлим йўқ”.

Ширкнинг бу тури кечириладиган ва кечирилмайдиганга, катта ва кичикка бўлинади.

Биринчи ширк тури эса фақат катта ва кичикка бўлинади. Улар орасида кечириладигани бўлмайди. Яхши кўриш ва улуғлашда Аллоҳга ширк келтириш, яъни бирон махлуқотни Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўриш шу турга киради. Бу Аллоҳ кечирмайдиган ширк туридан ҳисобланади. Бу ширк ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари бундан кучлироқдир” (Бақара, 165).

Бу ширкка қўл урганлар илоҳлари билан жаҳаннамда тўпланганларида уларга қарата: “Аллоҳга қасамки, бизлар сизларни (эй бут ва санамлар!) барча оламларнинг Раббига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз[3], деб айтишади.

Маълумки, мушриклар яратиш, ризқ бериш, ўлдириш, тирилтириш, бутун коинотга эгалик қилиш ва барча нарсага қодир бўлиш сифатларида ушбу илоҳларини Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога тенглаштиришмаган эди. Балки яхши кўриш, илоҳлик, бўйсуниш, ҳокисор бўлиш каби ишларда илоҳларини Аллоҳга тенглаштиришган эди. Бу энг катта жаҳолат ва зулмдир. Тупроқдан яратилган мавжудотни оламлар Раббига қандай қилиб тенглаштириш мумкин? Қулни барча нарсанинг эгаси бўлган Зотга қандай тенглаштириш мумкин?! Аслида фақир, заиф, ожиз ва муҳтож бўлган, йўқдан бор бўлган бандани аслида бой, барча нарсага қодир, бойлик, қудрат, мулк, саховат, яхшилик, илм, раҳмат ва баркамоллик ўзига хос сифатларидан бўлган Зотга қандай тенглаштириш мумкин?

Банда мислсиз Аллоҳни мавжудотлардан бирига тенглаштирар экан, айтингчи, бундан ҳам қабиҳроқ зулм борми? Бундан ҳам баттар ноҳақлик борми? Аллоҳ таоло айтади: “Ҳамду сано осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир. Сўнгра (яъни Унинг шундай ягона экан­лиги ҳақидаги ҳужжатларни кўра туриб) кофир бўлган кимсалар Рабларига ўзгаларни тенглаштирадилар” (Анъом, 1). Мушрик инсон осмону ерни яратган, зулмат ва нурни таратган Аллоҳни на осмонда ва на ерда бирон нарсага молик бўлган махлуқотга тенглаштиради. Энг катта ва энг қабиҳ зулмни мужассам этган нақадар ёмон тенглаштириш!

 

[1] Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ» китобига оид ҳозирда мавжуд нусхаларда бу ҳадис йўқ. Шунга ўхшаш ҳадис Абу Мусо, Абу Бакр, Ойша ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Лекин бу ривоятларнинг барчаси заиф. Ибн Ҳиббон «Сиқот» китобида эътиборга лойиқ санад билан ушбу сўзни “мавқуф” кўринишда Ибн Аббос ва Ибн Масъуд разияллоҳу анҳумдан нақл қилган. Шунингдек, мазкур ҳадисни Ибн Абу Ҳотим «Тафсир» китобида Ибн Аббоснинг сўзи деб нақл қилган. Ушбу ривоятнинг санади ҳасан.
[2] Аҳмад. «Зуҳд», 615.
[3] Шуаро, 97-98

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг