Қабр қандай бўлишига оид масалалар (5)

0

134 – Тоғли ерга дафн этиш

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит учун қабр қазиб, кейин уни тошлар билан ўраш имкони бўлса, шундай қилиш ғор ичига дафн этишдан кўра яхшироқдир. Агар бунинг иложи бўлмаса, маййит ғор ичига қўйилади, сўнг йиртқичлардан ҳимоя бўлсин учун ғор оғзи тўсилади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Қодир бўлганингизча Аллоҳдан тақво қилинг” (Тағобун, 16), дейди»[1].

Заркаший айтади: «Маййит ер юзасига қўйилиб, устидан йиртқич ҳайвонлар ета олмайдиган даражада кўп тош бостирилиши кифоя қилмайди. Ерни қазиш имконсиз бўлиши бундан мустаснодир»[2].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Тоғли ҳудудларда маййит учун бирор чуқур ёки паст жой топиб, ўша ерга қўйилади ва усти тошлар билан беркитилади».

135 – Кемада ўлган киши учун денгиз қабрдир

Денгизда вафот этган киши ювилади, кафанланади ва жанозаси ўқилади. Сўнг агар жасад бузилиши ёки у сабабли одамларга бирор зарар етиши хавфи бўлса, денгизга улоқтирилади. Агар мазкур хавф бўлмаса, соҳилга етгунча кутиш вожиб бўлади. Уламолар шунга иттифоқ қилганлар[3].

Бунга ушбу ҳадис далил бўлади: Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Талҳа разияллоҳу анҳу «Бароат» (Тавба) сурасини ўқир экан, “Оғиру енгил (яъни, ҳар қандай) ҳолатингизда жиҳодга чиқинг” оятига келганида: “Раббим мени ёш ҳолимда ҳам, қари ҳолимда ҳам жиҳодга чиқишга амр этмаяптими? Мени жиҳодга ҳозирланглар”, деди. Фарзандлари у кишига: “Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан то у зот вафот этгунларича бир сафда жанг қилдингиз, Абу Бакр билан то вафот этгунича бирга жанг қилдингиз, Умар билан бир сафда жанг қилдингиз. Энди ўрнингизга биз жанг қиламиз”, дейишди. У киши: “Мени жангга ҳозирланглар”, деб туриб олди. Фарзандлари ноилож у кишини ҳозирладилар. Денгиз сафарига чиққанида вафот этди. Етти кунгача у кишини дафн этиш учун орол топа олишмади ва жасад унга қадар ўзгармай турди»[4].

Имом Аҳмад бундай дейди: «Агар маййитни дафн этиш учун қуруқлик топилишига умид бўлса ва жасад бузилиши хавфи бўлмаса, уни бир-икки кун ушлаб туришади. Мабодо ер топилмаса, маййит ювилади, кафанланади, хушбўйланади ва жанозаси ўқилади. Кейин бирор оғир нарса билан қўшиб сувга ташланади»[5].

136 – Саҳрода ўлган одамни кўмиш вожиб

Имом Нававий айтади: «Шофеий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Сафардаги ҳамроҳлардан бири вафот этиб, шериклари уни дафн қилмаган бўлса, ҳолатга қаралади: агар маййитни одамлар ўтадиган йўлда ёки мусулмонлар қишлоғи яқинида қолдирган бўлсалар, суннатга хилоф иш қилибдилар. Яқин-атрофдаги мусулмонлар уни дафн этишлари вожиб бўлади. Агар бу иш саҳрода ёки одам ўтмайдиган жойда содир бўлса, гуноҳкор бўлибдилар, ҳоким уларни бу қилмишлари учун жазолаши лозим. Агар маййитни дафн этиш билан машғул бўлишган тақдирда душман ҳамласидан қўрққан бўлсалар, қўлдан келганча жасадни кўздан пана қилишлари мақсадга мувофиқдир. Агар уни шу ҳолида ташлаб кетсалар ҳам фавқулодда ҳолат бўлгани учун гуноҳкор бўлмайдилар”.

Шофеий айтади: “Агар йўловчилар саҳрода маййит олдидан ўтиб қолсалар, маййит эркак ё аёл бўлишидан қатъи назар унинг ҳаққини адо этишлари лозим. Агар шу ҳолатда ташлаб кетсалар, гуноҳкор бўладилар. Агар маййит одатдаги ўзининг кийимида бўлиб, унда на ювилганлик ва на кафанланганлик асорати кўринмаса, у ҳолда маййитни ювиш, кафанлаш, жанозасини ўқиш ва дафн этиш уларга вожиб бўлади. Маййитда ювилганлик, кафанланганлик ва хушбўйланганлик аломатлари кўринса, уни дафн этишади. Агар унга жаноза ўқимоқчи бўлсалар, дафн этгандан сўнг қабри устида жаноза ўқийдилар. Чунки афтидан унга жаноза ҳам ўқилган бўлади”»[6].

Шайх Абдураҳмон ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййитни муайян жойга кўмиш шарт эмас. Кимнингдир мулки бўлган ерга эгасининг рухсати билан дафн этилса ҳам, эгасиз ўзлаштирилмаган ерга кўмилса ҳам жоиздир, гарчи қабристон унчалик узоқ бўлмаса ҳам. Албатта, мусулмонлар қабристонига дафн этиш афзалроқдир»[7].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Агар қабристон яқин бўлса, қабристонга дафн этиш афзалдир. Чунки қабристонга кўмилган маййит оёқости бўлишдан сақланади, зиёрат этилади ва унинг ҳаққига дуо қилинади. Аммо саҳрода дафн этилса, қабр изи йўқолиб кетиши мумкин».

[1] «Мажмуъ ал-фатово», 13/190.

[2] Ибн Баҳодир аз-Заркаший аш-Шофеий. «Хобая аз-завоя», 74-75-бетлар. Муҳаққиқ: Айман Шаъбон. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1417 ҳ.й.

[3] Қаранг: «Ал-муғний», 3/431; «Ал-мажмуъ», 5/177; «Шарҳ фатҳ ал-Қадир», 2/102; Ибн Жузай. «Ал-қавонин ал-фиқҳийя», 74-бет.

[4] Ибн Ҳиббон ривояти, 7184. Нававий «Ал-мажмуъ»да (5/177) саҳиҳ деган.

[5] «Ал-муғний», 3/431.

[6] «Равзат ат-толибин», 1/663.

[7] Шайх Абдураҳмон ас-Саъдий. «Ал-фатово ас-Саъдийя», 201-бет. Риёздаги «Саидийя» муассасаси нашрларидан.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг