Субҳидам сабоқлари(2): Қимматга тушган нисён (2)

0

БИР ЛАҲЗАДА…

Қадимда кўп вақт талаб қиладиган ишларнинг ҳозирда бир лаҳзада битиши;

Бир неча кунда босиб ўтиладиган узоқ масофаларни автоуловда бир неча соатда босиб ўтилиши;

Олис-олис шаҳарларга ва ҳатто дунёнинг нарига бурчагига яёв юрмасдан, отда чопмасдан, туфлига чанг қўндирмасдан, қанот қоқмай мингта от кучига эга «темир қуш»га миниб бир зумда учиб бориш;

Инсоннинг бепоён осмонда парвози, фазо кемасида учмоғи;

Бир хабарнинг яшин тезлигида етти иқлимга тарқалиши;

Дунёнинг бу четидаги киши дунёнинг у четидаги киши билан ёнма-ён ўтиргандай бемалол гаплашиб ўтириши;

Шарқдаги одам Ғарбдаги хешини «эй, ҳей» деб чақирса, у ўша заҳоти «лаббай, хизмат», деб жавоб бериши «вааай», «во ажаб», «ҳайҳот», «войбўй» деб оғизни катта очиб ҳайратланадиган ҳол бўлмай қолган. Бундай нарсага одамлар аллақачон ажабланмай қўйишган.

Аксинча, дунёнинг бу бурчагидаги одамнинг гапи ўша заҳоти дунёнинг у бурчагига етиб бормаслиги ажабланадиган ҳолга айланган. Овоз озгина кечикса, «Уф, яна секинлади, яна қотди. Алооо, алооо…» деб хуноб бўлади замондошимиз.

Ҳей, шошқалоқ инсон, эй тезоб авлод, ўз уйида ўтириб дунёнинг у чети билан кўришиб гаплашиш ота-боболарингнинг тушига ҳам кирмаган. Ҳатто бутун дунёни ямламай ютмоқчи бўлган Ленин ҳам бир жойга телефон қилмоқчи бўлса, бир қўлига чўмичдай телефон трубкасини олиб, иккинчи қўли билан телефон қулоғини ғириллатиб айлантирган. Аввал телефон станцияси билан боғланган, «барышня, ойимқиз, илтимос, менга Дзержинскийни уланг, Фрунзени уланг», деб у ердаги телефонистга (ходима қизга) ялинчоқ оҳангда мурожаат қилган, телефонистнинг жавобини сабр билан кутиииб ўтирган. Телефондаги одам билан юзма-юз кўришиб эмас, деворга ё ерга қараб гаплашган.

Тезоб замондошимиз эса — шошқалоқ. Чунки у тезкор асрда яшаяпти-да. Технология тезлиги одамлар табиатига салбий таъсир кўрсатиб, уларни ҳам тезоб қилиб қўйган.

(إلا من رحم ربي)

(Парвардигор асраган зотлар бундан мустасно, албатта).

Замон шиддат билан ривожланмоқда, ёшларнинг ақл-идроги, сезгирлиги, кузатувчанлиги, уқувлиги ўсмоқда.

Фан-техника тараққий этган сари хаёллар ҳақиқатга айланмоқда, одамзоднинг эртакларда акс этган орзу-истаклари рўёбга чиқмоқда, дунёнинг у чети билан бу чети бир қадам бўлиб қолган, хабарлар оқими ниҳоятда тезкор. «Ақл бовар қилмас» деган ибора илгаргидек кучга эга эмас. Зеро ақл бовар қилмас ишларнинг деярли ҳаммаси амалга ошиб ҳақиқатга айланяпти. Кечаги авлоднинг ақлига сиғмаган, хаёлига келмаган нарсалар бугунги авлод учун оддий нарса.

Макка мушриклар «Исро» воқеасини ақлига сиғдиролмаган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунда Байтулмақдисга бориб келишларини ҳазм қилолмаган.

«Эй Муҳаммад, биз энди сенга иймон келтирамиз деб турсак, «Байтулмақдисга бордим» деб ғалати гапни гапириб ўтирибсан-а. Ахир биз у ерга бир ойда борамиз-ку», деб бир лаҳзада Шомга бориб келишни инкор этган эди. Ҳозир эса бу исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқат!

Автоулов, самолёт, вертолёт каби учоқлар, космик кема, сув ости кемаси, комьпютер, интернет, мобил телефонлар, турли программалар, ҳар хил янги аппаратлар, замонавий жиҳозу ускуналар, фотоаппарат, камера, сув остида ёзадиган қаламу сув остида ёзса бўладиган қоғозлар… қадимгилар учун мўъжиза бўлса, ҳозиргилар учун оддий нарса.

«Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар», деганларидек, кирни ўзи ювиб, ўзи чайқаб, ўзи қуритиб берадиган машиналар, идиш-товоқ ювадиган жиҳозлар, масаллиғни солиб қўйсангиз истаган таомингизни ўзи пишириб берадиган электрон қозонлар ҳам замондошимиз учун оддий нарсага айланган ажойиботлардандир.

Илгари сафарга чиққан мусофир билан боғланиш жуда қийин кечган. Ота-она мусофир боласи билан фақат мактуб орқали боғланган. Мактуб эса бир ҳафта, ўн кунда, гоҳида бир ойда етиб борган.

Ҳозир чет элда ўқиётган студент ўз хонасида ўтириб Ўзбекистондаги ота-онаси билан бемалол гаплашиши мумкин.

Андижонлик бола бир лаҳзада Америкада бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Замонанинг зайли билан Америкага ошиққан одамлар сон мингта…

Бир куни умрачилар билан ўтирган эдим. Таниша бошладик.

— Қаердансиз?

— Аслимиз Андижондан, Америкада яшайман.

— Сиз қаерликсиз?

— Аслимиз андижонлик, ҳозир америкалик бўп қолдик.

— Сизчи?

— Андижонда туғилганман, Америкада тураман.

Йиғиндаги умрачиларнинг деярли ҳаммаси андижонлик экан.

— Тинчликми? — деб, ҳамманинг Андижондек шаҳарни ташлаб, Америкага кетиш сабабини сўрадим.

— 2005-йил бўронидан сўнг кўпчилик Америкага кетишга мажбур бўлиб қолди, — деди улардан бири мунгли оҳангда.

Ўртага кишининг кўнглини чўктирувчи ҳазиният тушди. Кўзлар ерга қадалди, хаёл кўпларни мудҳиш ўтмишга олиб кетди. Ғамгин йигитларни кўнглини кўтариш учун гапни бошқа ёққа бурдим, кулдирдим.

Маълумот учун бир нарса эсимга тушиб қолди.

Исҳоқхон Жунайдуллоҳ ҳожи ўғли Ибрат «Фарғона тарихи» китобида ёзади:

«Тарихи «Қутадуғу»дан мустазод бўлурки, Андижон тўрт минг йилдан муқаддам, яъни Ўғузхон вақтида шаҳар бўлса ҳам, андин аввал ҳам ободон шаҳар экан. Ўғузхон ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломнинг тўққузинчи ўғлиларидур. Валҳосилки, Андижон Фарғона шаҳарлари ичида энг аввалги ва қадимийдир. Вақти келганда Афросиёб Турон подшоҳи бўлиб, Андижонни пойтахт қилган…»
Иқтибос тугади.

Андижон ва Америка мусофирликка мисол. Ўқиш ё иш учун сафар қилиш, дин, жон, ор-номус ва мол-мулкни ҳимояси учун ҳижрат қилиш, шаҳардан шаҳарга кўчиш янгилик эмас. Қадимдан мавжуд анъана.

Иброҳим Халилуллоҳ, Мусо калимуллоҳ, Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳим васаллам ҳижрат машаққатини кўп тортишган.

Бобур Андижондан қувилган, Самарқандга сиғмаган…

Фурқат Қўқонни ташлаб Ҳиндистонга кетган…

Агар Фурқат Ҳиндистонга бир неча ойда етиб борган бўлса, замондошимиз Ҳиндистондан узоқроқ Америкага, уммон ортига бир зумда етиб бормоқда.

«Саёқ учун икки дунё бир қадам» дейилганидек, сафар енгиллигидан енгилтаклар ҳам фойдаланяпти.

Ўзбек қизларининг баъзи бири етти иқлимга чигиртгадай тарқаб, бири келин, бири хуштор, бири чўри бўлиб кетяпти.

Масхарабоз айтганидек, бир аёл Тайланд ҳақида гапирганда ундан сўрашди:

— Вой, сиз ҳали Тайландни ҳам биласизми?

— Ҳа, биламан. Қайнисинглим ўшатга тушган-да.

«Вой тавба, қиз бола Тайландга бориб эрга тегса-я. Тиниб-тинчимаган одамларей, Ўзбекистонда ҳам йигитларнинг уруғи кўп эди-ку!» дейдиган одам йўқ.

Замонамиздаги қулайликка қаранг, Россиядан келган умрачи Маккада туриб Москвадаги фарзандининг ғамини ейди ва «имо» орқали фарзандлари билан кўришиб гаплашади.

«Болагинам, кўчага юпун чиқма! Албатта жемпер, пальто, телпак, жун пайпоқларни кийиб ол! Шарф, қўлқоп эсдан чиқмасин!» — дейди онаизор қайта-қайта таъкидлаб.

Мушфиқ ота-онанинг ўзи эса юпин кийинган. Терга ботиб ётибди. Дада бош яланг. Оёқда шиппак. Чунки Маккада жазирама иссиқ, Московда қаҳратон қиш.

Макка — бир олам, Москов бошқа бир олам.

Маккада кондиционер, Московда печка жонга оро кирмоқда.

1991 йиллар ҳажга борган бир отахон ҳаждан қайтиб келгач, «Бир кунда бутунлай бошқа оламга тушиб қолдик», деган эди.

Бугун замондошимиз бир лаҳзада бошқа оламда бўлиб қолиши оддий ҳолга айланган.

Тараққиёт чўққига етган замонда эмас, чўққига кўтарилаётган замонда яшаяпмиз.

Мабодо кимдир «ақл бовар қилмайди»ган бирорта янги ихтиро ҳақида ёзса ёки гапирса, «Эртага мана бундай ишлар бўлади, мана бундай нарсалар чиқади» деса, ажабланмаса ҳам бўлаверади. Чунки кеча айтилган нарса эртасига рўй бериб турибди. Дунё жадал суратда ўзгармоқда. Илгаргиларнинг етти ухлаб тушига кирмаган ҳодисалар бугун рўй бермоқда.

Бундай қулайлик ва енгилликлардан ҳар ким ҳар хил мақсадда фойдаланётганини ўзингиз ҳам кўриб тургандирсиз. Кимдир бутун оламга яхшилик тарқатяпти, асаларидек бол йиғиб, бол улашяпти, кимдир илондек заҳар сочяпти.

Замонанинг зайли билан «Зуум» деган программа чиқиб, Ер юзига тарқаб кетган «тарқоқ»лар «зуум» да жамланиб, худди бир уйда ўтиргандек бир-бирини кўриб, соатлаб гурунглашиб ўтирибди. Баъзилар зуум орқали худди синфда дарс олгандек, Қуръондан дарс оляпти, дарс топширяпти.

Баъзилар худди бозорда тургандек талашяпти, тортишяпти, урушяпти, сан-манга боряпти…

Тараққиёт тўхтаб қолмаса, янги-янги «зуум»лар чиқиб, даҳанаки жангга қониқмаганлар учун чинакам муштлашиш имкони яратилиши эҳтимолдан холи эмас. «Шармандага шаҳар кенг» дейилганидек, бутун дунё шармсизлари комьпютрдан қўлини чиқариб бир бирининг ёқасидан олиши, башарасига «туф» деб туфлаши, бурнини қонатиши, кўзини чўқиб кўр қилиши учун майдон яратилади, фурсат туғулади. Ахир ҳозирги замонда ҳамма ўзича зўр-ку! Ҳамма ўзича ҳақ!..

Бугун мен зўрман деб оғиз ертасан,
Ким ўтмаган дунё, сен ҳам ўтасан.
Жиловлай олмасанг агар тилингни,
Бир кун ўз бошингга ўзинг етасан.

Аҳад Қаюм.

Асл мавзумиз бу ҳақда эмас, ушбулар асл мавзуга пойдевор, холос.

Асосий мавзу тили тез, сержаҳл, жирраки, тезоб одамлар ҳақида ҳам эмас.

Мақсад технология янгиликлари билан таништириш эмас.

Асосий мавзу тезлик билан ўзгариб бораётган олам баҳонасида бошқа бир оламни бир карра эслаш ва эслатишдир.

Мақсад — кўпчилик ғафлатда қолиб унутиб қўйган муҳим ҳақиқатни эслаш ва эслатишдир.

Энди муддаога ўтсак ҳам бўлаверади…

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг