Эй иймон келтирганлар (53): Одамлар молини ноҳақ ейиш ҳаромлиги ва закотини бермай, олтин-кумушни босиб ётган кишига қаттиқ таҳдид

0

Эй иймон келтирганлар, аҳли китобларнинг олим ва роҳибларидан кўпи одамларнинг молини ноҳақ йўллар билан оладилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб ётадиган ва закотини бермайдиган кимсаларга аламли азоб хабарини беринг. Қиёмат куни олтин-кумушни қиздирилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва орқаларига тамға босилиб: “Йиғиб, босиб ётган молларингиз шудир. Бермаганингиз сабабли энди аламли азобни тотинглар”, дейилади” (Тавба, 34-35).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига фақат уларни комиллик ва саодатга элтувчи амалларга буюриш ёки бахтсизлик ва зиён-заҳматга туширувчи ишлардан қайтариш учун нидо қилади.

Ушбу нидода ҳам Аллоҳ таоло мўмин бандаларига душманлари бўлмиш яҳуд ва насоролар ҳолидан хабар бермоқда. Улар ҳамиша Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи, яъни Исломни ёлғон сўзлари билан бекор қилмоқчи бўладилар. Аллоҳ гарчи ўша кофир ва мушриклар ёқтирмасалар-да, Ўз динини мукаммал қилиб, ҳақни ғолиб қилади.

Хусусан, бу нидода аҳли китобларнинг олим ва роҳиблари ҳоли ҳақида, уларнинг ўта молпарастлиги, ундаб юрган динлари оми ва жоҳил кишилар учун алдов экани ҳақида хабар берилди.

Аллоҳ таоло деди: “Аҳли китобларнинг олим ва роҳибларидан кўпи…” Аҳли китобларнинг олимлардан мурод яҳуд олимлари, роҳибларидан мурод эса насоро роҳибларидир. Чунки насороларнинг олимларини “қиссислар” деб айтилади.

Одамларнинг молларини ноҳақ йўллар билан оладилар”. Яъни одамлар молини ҳар хил ёлғон ва ҳийлалар билан, хусусан пора олиш ёки гуноҳ қилган кимсаларга гуноҳи кечирилгани тўғрисида ҳужжат ёзиб бериш каби турли найранглар ишлатиб оладилар.

Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар” деган сўзларидаги йўлдан мурод Ислом динидир. Улар ўзларига эргашган яҳуд ва насоролардан текин хизматчи сифатида фойдаланиб, шунинг ҳисобига фаровон ҳаёт кечиришгани учун одамларни Исломдан тўсадилар. Чунки уларга эргашган кишилар Исломни қабул қилгудек бўлса, улар устидан ҳукм юритиш ва мол-дунёларига эгалик қилишдан маҳрум бўладилар, уларни биров эсга олмай, ҳаётда ном-нишонсиз кетадилар. Шунинг учун ҳозирги кунга қадар ҳам улар бутун вужудлари билан Исломга қарши турибдилар.

Олтин-кумушларини босиб ётадиган, уларнинг закотини бермайдиган кимсаларга аламли азоб хабарини беринг”. Бу сўзлар мўминлар ҳам яҳуд олимлари ва насоро роҳиблари тушган ҳолатга тушиб қолмасликлари учун Аллоҳ таолодан яна бир огоҳлантириш бўлди. Аллоҳ уларга олтин-кумушни жамлаб, босиб ётадиган, уни Аллоҳ йўлида бермайдиган кимсалар хоҳ кофир-мушриклардан, хоҳ мусулмонлардан бўлсин, ким бўлса ҳам аламли азобга гирифтор бўлишини хабар берди. Чунки олтин-кумуш ишларнинг асоси ва фаровон ҳаёт кечириш асбобидир.

Рофизий (шиа) олимларини ҳам яҳуд олимлари ва насоро роҳиблари йўлини тутганлар қаторига киритиш мумкин. Уларнинг имомлари ҳам ўшалар каби ўзларига эргашган кишиларнинг мол-дунёсини ноҳақ йўллар билан ейдилар. Улар ҳар бир кишининг топган пулидан, бу даромад қаердан келишидан қатъи назар, бешдан бирини ўлпон сифатида оладилар. Буни менга ўзларининг ичидаги одам айтиб берган.

Аллоҳ таоло олтин-кумушни босиб ётган кишиларга қандай азоб беришини баён қилди. Қиёмат куни улар жамлаган олтин ва кумуш парчаларини дўзах ўтида қиздирилиб, шу билан уларининг пешоналари, ёнлари ва орқаларига тамға босилади. Жасадларида бирон ерни қолдирмай шу қизиган парчаларни босилади.

Абу Лаҳабга жаҳаннамда киноя ва таҳқир билан: “Сен бугун шу азобни тот! Ахир сен қавминг ичида қудратли ва обрў-эътиборли кишисан-ку”, деб айтилганидек, уларга ҳам: “Тўплаб, босиб ётган молларингиз шудир. Бермаганингиз сабабли энди аламли азобни тотинглар”, деб айтиладики, бу билан жисмоний азобланишларига маънавий азобланиш ҳам қўшилади. Бундай истеҳзо ва таҳқир билан берилган маънавий азобнинг алами баданга берилган жисмоний азобнинг оғриғидан кам эмас, балки ундан-да аламлидир. Аллоҳ таолонинг: “Қиёмат куни олтин ва кумушлар қиздирилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва орқаларига тамға босилиб: Тўплаб, босиб ётган молларингиз шудир. Бермаганингиз сабабли энди аламли азобни тотинглар”, дейилади”, деган сўзининг маъноси ва мақсади шудир.

Мана шу оят нозил бўлганда мусулмонлар ўта оғир ғам-ташвишда қолдилар, бу ҳукм уларга оғир келди. Умар разияллоҳу анҳу: “Мен сизларнинг ташвишингизни енгиллатаман”, деди. Сўнг тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: “Эй Расулуллоҳ, бу оят саҳобаларни ташвишга солиб қўйди”, деди. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло молларингизни поклаш учун закотни ва сиздан кейин меросхўрларингизга қолиши учун меросни фарз қилди”, деб айтган эдилар, Умар разияллоҳу анҳу такбир айтиб юборди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Умар, ҳар бир киши учун энг яхши жамғарма нима эканини айтайми? Қараса кўзи қувонадиган, бирон ишга буюрса итоат этадиган, йўқлигида (эрининг моли ва обрўсини) сақлайдиган солиҳа аёл энг яхши жамғармадир” (Абу Довуд (1664) ва Ибн Можа (1857) ривояти).

Бу ҳадис мол-дунё жамлаш ҳақидаги оятдан сўнг мўминлар қалбига тушган қўрқувни аритди. Ҳақиқатда мол-дунё жамлаш ҳаром ва ман қилинган бўлганида, мерос ҳақидаги оятлар қандай нозил қилинган бўлар эди?!

Фурсатдан фойдаланиб, мерос қандай тақсимланиши ҳақида бир оз тўхталсак фойдадан холи бўлмас.

Кишининг мероси ворисларига қуйидагича тақсим қилинади:

Бир ўғилга икки қиз улуши миқдорида берилади.

Вафот этган кишининг ортида фарзандлари ва ота-онаси қолаётган бўлса, ота-онасидан ҳар бирига мероснинг олтидан бири тегади.

Агар ортида фарзанд қолдирмаган бўлса, онасига учдан бири, қолгани эса отасигадир.

Вафот этган эр ўғил ёки қиз фарзанд қолдирмаган бўлса, мероснинг тўртдан бири хотинга бўлади.

Агар эр фарзанд қолдирган бўлса, хотинга саккиздан бири тегади.

Агар хотин вафот этса ва ўғилми-қиз фарзандлари бўлса, қолдирган меросининг тўртдан бири эрга тегади. Агар ундан фарзанд қолмаган бўлса, қолдирган меросининг ярми эрга бўлади.

Агар бир эркак ё аёл вафот этса ва унинг ота-онаси ҳам, боласи ҳам бўлмаса, она бир ака-укаси ё опа-синглиси бўлса, шунингдек, ота томондан қариндошлари бўлса, ака-сингилдан ҳар бирига мероснинг олтидан бири тегади ва қолгани ота томон қариндошларга бўлади.

Агар она бир ака-ука ёки опа-сингиллар кўпчилик бўлса, уларнинг барчаси учдан бир улушда шерик бўладилар, қолгани ота томон қариндошларга бўлади.

Агар боласи бўлмаган киши вафот этса ва ортида опаси ё синглиси қолган бўлса, опаси ё синглисига у қолдирган мероснинг ярми тегади.

Агар фарзанди бўлмаган опа ё сингил вафот этса, унинг барча молини ака ё ука мерос қилиб олади.

Агар вафот этган кишининг иккита опа-синглиси бўлса, икковларига у қолдирган молнинг учдан иккиси тегади ва қолгани амаки каби ота томон қариндошларга бўлади.

Агар опа ё сингил вафот этиб, ортида бир нечта ака-ука ва опа-сингиллар қолган бўлса, ота вафот этганида бир ўғил болага икки қиз улуши миқдорида берилгани каби, қолдирилган меросни бир эркакка икки аёлнинг улушича тақсимлаб оладилар.

Шуни билиш лозимки, аввал васиятлар бажарилиб, зиммадаги қарзлар ҳақдорларга берилади, шундан сўнг мерос тақсимланади.

Бу тақсимот вафот топган киши қолдирган молдаги Аллоҳ таолонинг тақсими бўлиб, агар мол-дунё жамлаш ҳаром бўлганида эди, баён қилинган шаклдаги тақсимлаш билан Қуръон оятлари нозил бўлган бўлармиди?

Шунинг учун уламолар закотини берган кишининг тўплаган моли ҳаром ҳисобланмаслигига ва азобга сабаб бўлмаслигига, йиллик закоти ўталмаган мол соҳиби азобга гирифтор бўлишига ижмо қилишган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қайси бир киши молининг закотини ўтамас экан, қиёмат куни оловдан қуйма парчалар қилиниб, улар билан ана шу мол эгасининг пешонаси, ёнбоши ва орқасига тамға босилади. Бу ҳол миқдори эллик минг йилга тенг бўлган бир кунда то бандалар ўртасида ҳукм қилингунга қадар давом этади. Шундан кейин у ё жаннатга, ё дўзахга равона бўладиган йўлини кўради” (Насоий ривояти).

Шу мазмундаги яна бир ҳадисда бундай деганлар: “Кимнинг туяси ё қўйи ё сигири бўлса-ю, уларнинг закотини бермаса, ҳисоб-китоб тугагунга қадар қиёмат майдонида азобга тутилади, сўнг жаннатга ё дўзахга равона бўлади”.

Бу гапларни ҳамиша ёдда тутайлик.

Динимиздаги билиш фарз бўлган илмларни одамларга ўргатайлик. Уларни ўрганган илмларига амал қилишга тарғиб қилайлик. Зеро, Аллоҳ азоби қаттиқ, ҳисоби тез зотдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг