Дард ва даво (93): Амал, сўз, хоҳиш-истак ва ниятдаги ширкнинг хатари

0

Бўлим

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога амалда, сўзда, хоҳиш-истакда ва ниятда ширк келтириш ҳам мазкур ширкка тобедир.

Аллоҳдан ўзгага сажда қилиш, Каъбадан бошқа ерни тавоф этиш, Яратгандан бошқаси учун ибодат ниятида ва бош эгиб соч олдириш, Аллоҳнинг ердаги ўнг қўли бўлмиш Ҳажарул асваддан бошқа тошларни ўпиш ва қабрларни ўпиш, силаш ҳамда уларга сажда қилиш амалдаги ширкка мисол бўлади.

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар қабрларини намоз ўқиладиган масжид қилиб олган кимсаларни лаънатлаганлар.

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳуд ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин[1].

Саҳиҳда келган бошқа ҳадисда: “Энг ёмон одамлар қиёмат қоим бўлган пайтда ҳануз тирик бўлган ва қабрларни ибодат этиладиган масжид қилиб олган кимсалардир[2], дейилган.

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобида келган ҳадисда айтадилар: “Сизлардан аввалги одамлар қабрларни масжид (ибодатхона) қилиб олишар эди. Ҳой одамлар, қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен сизларни бу ишдан қайтараман[3].

Имом Аҳмад “Муснад”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да нақл қилган ҳадисда эса: “Қабрларни кўп зиёрат қиладиган аёлларга ва у ерни ибодатхонага айлантириб оладиган ва чироқлар ёқиб қўядиган одамларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин[4].

Яна бир ҳадисда: “Пайғамбарларининг қабрларини масжид (ибодатхона)га айлантириб оладиган қавмга Аллоҳнинг қаттиқ ғазаби келади”, деганлар[5].

У зот айтадилар: “Сизлардан олдинги умматлар агар ораларида бир солиҳ киши вафот этса, унинг қабри устига масжид қуриб олишар ва масжидда ўша суратларни чизиб қўйишар эди. Ана ўшалар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида халойиқнинг энг ёмонидирлар[6].

Қабр устига қурилган масжидда Аллоҳга сажда қилган одамнинг ҳоли шундай бўлса, қабрнинг ўзига сажда қиладиган инсонларнинг ҳоли қандай бўлади?!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, қабримни ибодат қилинадиган бут-санам қилмагин[7], деб дуо қилган эдилар.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавҳидни жуда қаттиқ ҳимоя қилганлар. Ҳатто қуёшга ибодат қиладиган мушрикларга ўхшаб қолмаслик учун қуёш чиқадиган ва ботадиган пайтда Аллоҳ учун нафл намоз ўқишдан қайтардилар. Чунки улар ушбу икки вақтда қуёшга сажда қилишади. Шунингдек, аср ва бомдоддан кейинги вақт мушриклар қуёшга сажда қиладиган пайтга туташ бўлгани боис, ушбу икки вақтда нафл намоз ўқишдан қайтариб, ёмонликка (ширкка) элтувчи йўлни тўсдилар.

Аллоҳдан бошқага сажда қилишга келсак, бу ҳақда: “Бирон киши Аллоҳдан бошқага сажда қилиши мумкин эмас[8], деганлар.

Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзида “мумкин эмас, дуруст эмас, лойиқ эмас” деб келган сўз шаръан қаттиқ тақиқланган ишга айтилади. Бунга қуйидагилар мисол:

Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир” (Марям, 92).

Пайғамбарга шеър ўргатмадик ва шоирлик унинг учун дуруст эмасдир” (Ёсин, 69).

Қуръонни осмондан жинлар олиб тушганлари йўқ. Улар учун бунинг имкони йўқ ва улар бунга қодир бўлишлари мумкин эмас” (Шуаро, 210-211).

Фаришталар ҳақида бундай деган: “Улар дерлар: «Эй пок Парвардигор, бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир” (Фурқон, 18).

[1] Бухорий (435, 436); Муслим (531) ривояти.
[2] Аҳмад (1\405, 3844), Ибн Хузайма (789), Ибн Ҳиббон (6747), Баззор (1724) ва бошқалар ривоят қилишган. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобида (2949) мана бундай кўринишда келган: «Қиёмат фақат ёмон одамлар устида қоим бўлади».
[3] Муслим (532) Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[4] Аҳмад («Муснад», 1\229, 2030), Ибн Ҳиббон (3179) ривояти.
[5] Баззор. «Кашф ал-астор», 440; Ибн Абдулбар. «Тамҳид», 5\43.
[6] Бухорий (434) ва Муслим (528).
[7] Аҳмад, «Муснад» 2\246 (7358), Бухорий, «Тарих» (3\47), Ибн Саъд, «Табақот» (2\213) ва Абу Нуайм, «Ал-ҳиля» (7\317).
[8] Ибн Ҳиббон, 4162; Ибн Абу Дунё. «Ал-иёл», 534.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг