Қабр қандай бўлишига оид масалалар (6)

0

137 – Қудуқда ўлган одамни чиқариб олишнинг иложи бўлмаса…

Ибн Қудома айтади: «Кимдир буғли қудуққа тушиб ўлса, агар нам ёпинчиқларни қудуқ ичида айлантириш орқали унинг буғини тортиб олиш, сўнг кимдир тушиб маййитни олиб чиқиш имкони бўлса ёки илгаклар ёрдамида маййит жасадини «мусла» қилмай (парчаламай) олиб чиқиш имкони бўлса, шундай қилиш лозим. Чунки маййитни имкон борича зарар етказмай ювиш лозимдир, худди ер устида ўлган киши каби. Агар қудуқ буғи йўқолганига шубҳа бўлса, шамчироқ сингари бирор (оловли) нарсани тушириб кўриш керак. Агар у ўчиб қолса, буғ ҳали тугамаган бўлади. Ўчмаса, буғ тугаган бўлади. Чунки айтишларича, олов ҳам тирик жон яшай оладиган муҳитдагина яшайди. Агар маййитни мусла қилиб олиб чиқишдан бошқа йўл топилмаса ва қудуққа зарурат бўлмаса, қудуқ кўмилиб, текисланади. Шундай қилиб, қудуқ унинг қабрига айланади. Агар қудуқнинг кўмиб ташланиши йўловчиларга зиён етказадиган бўлса, жасадни илгаклар ёрдамида мусла қилиб бўлса ҳам олиб чиқилади. Чунки шундай қилиниши билан кўп ҳуқуқлар риоя этилади: йўловчилар манфаати, маййитни ювиш кабилар шулар жумласидан. Маййит қудуқ тагида қолган ҳолатида (сув сабабли) муслага учраши янада ёмонроқдир. Чунки бунинг ортидан жасаднинг титилиши ва бадбўй хид таралиши келиб чиқади.

Агар бир гуруҳ одамлар қудуқ атрофида тўхтаган бўлиб, уларнинг сувга эҳтиёжлари бўлса ва сувсизлик сабабли жонларига зарар етишидан қўрқишса, бир овоздан маййитни қудуқдан олиб чиқишлари шартдир, гарчи мусла қилиб бўлса ҳам. Чунки бу иш тириклар жонига талафот етишидан кўра енгилроқдир. Шунинг учун ҳам, агар тирик одамнинг авратини тўсиш учун маййитнинг кафанидан бошқа мато топилмаса, у тирикка берилади. Чунки маййитни мусладан сақлаб қолишдан кўра тирик одамнинг ҳурмати ва ҳаётини сақлаш авлороқдир. Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳнинг наздида бир мусулмон ўлдирилишидан кўра енгилроқдир. Ҳатто маййит бировнинг молини ютиб юборган бўлса, тирикнинг молини сақлаб қолиш учун маййитнинг қорни ёрилади. Жонни сақлаб қолиш эса молни сақлаб қолишдан авлороқдир, валлоҳу аълам»[1].

138 – Музли ўлкаларда дафн этиш

«Доимий фатво қўмитаси»дан сўралди: «Маълумки, маййит кафанга ўралиб, устидан тупроқ тортиш йўли билан дафн этилади. Бироқ Канада шимолида, эскимослар яшайдиган ҳудудларда бу қандай амалга оширилади? У ерда тупроқ йўқ, атроф бир неча қават муз қатлами билан қопланган. Агар музни синдириб, музли чуқур ҳосил қилиб, у ерга маййит кўмилган тақдирда ҳам муз остида жасадлар чиримайди ва йўқ бўлиб кетмайди. Орадан ўнлаб ёки юзлаб йиллар ўтса ҳам, жасад айни кўринишда сақланиб тураверади. Дафн этилган жасадлар музлар эриши натижасида ташқарига чиқиб қолиши ҳам мумкин. Ҳақиқатда шундай ҳолатлар бўлган. Шунда одам жасади оч қолган ваҳший ҳайвонларга ем бўлади. Шундай кўринишда муз остига дафн қилиш жоизми? Ёки маййитни ювгандан сўнг кафанга ўраб, сўнг уни куйдириб, кулга айлантириб юборган афзалми? Муҳтарам устозлар, сизларга вазиятни қўлдан келганча тушунтириб беришга ҳаракат қилдим. Саволимга ушбу шимолий минтақа ҳолатидан келиб чиқиб жавоб беришингизни умид қиламан, тупроққа бурканган Ўрта шарқ минтақаси ҳолатидан келиб чиқиб эмас. У ерларда маййит жасадини тупроқ билан кўмиш мумкин, бироқ Канада шимолининг чекка минтақасида тупроқ қатламлари йўқ, ўнлаб метр ковланса ҳам тупроққа етиб борилади, деб ўйламайман.

Жавоб: Эскимослар ўлкаси каби музли юртларда вафот этган мусулмон маййитнинг жасадини куйдириш жоиз эмас. Балки маййитнинг валийси қўлидан келганича уни музлик бўлмаган ўлкага кўчиришга ҳаракат қилиши, тупроқ остига дафн этиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, муз қатламларидан қабр ковлаб, бошқа одамлар сингари дафн этилади. Мусулмон учун енгиллик ва кенгчилик берилган далилларнинг умумидан келиб чиқиб шундай қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Қодир бўлганингизча Аллоҳдан тақво қилинг» (Тағобун, 16), дейди. Яна У зот: «Аллоҳ ҳеч кимсага тоқатидан ортиқ нарсани юкламас» (Бақара, 286), дейди»[2].

139 – Вабо тарқалгани ёки маййит васият қилгани сабабли жасадни ёқиш

Миср диёри муфтийси Шайх Ҳасанайн Махлуфдан сўралди: «Вабо тарқалиши ёки маййит васият қилгани сабабли мусулмон маййит жасадини куйдириш тўғрисида шариат ҳукми нима?

Жавоб: Инсон тириклик пайтида ҳам, ўлганидан кейин ҳам ҳурматга лойиқ экани борасида мусулмонлар ўртасида ихтилоф йўқ. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг: «Биз одамзотни мукаррам қилдик» (Исро, 70) ояти ҳам шунга далолат қилади. Маййит жасадини лаҳад ёки қабрга Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига биноан, саҳиҳ ҳадисларда у зот баён қилганидек, саҳобалар, тобеинлар ва бугунгача мусулмонлар амал қилиб келаётганидек суратда дафн этиш инсонни вафотидан сўнг ҳурматлаш жумласидандир. Ҳеч бир ҳолатда мусулмон жасадини ёқиш жоиз эмас, гарчи унинг ўзи шуни васият қилган бўлса ҳам. Бундай васият ботилдир, амалга оширилмайди. Жасадларни ёқиш мажусийлар урф-одатидир. Маълумки, пок шариатимизга тўғри келмайдиган ишларда уларга тескари иш тутишга буюрилганмиз, валлоҳу аълам»[3].

[1] «Ал-муғний», 3/471-472. Қаранг: Аҳмад аш-Шувайкий. «Ат-тавзиҳ фил-жамъи байна ал-муқниъ ват-танқиҳ», 1/388. Муҳаққиқ: Носир ал-Маймон. «Ал-мактаба ал-маккийя» нашри.

[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/343, 16722-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[3] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 7/2517, 1047-фатво, 18/11/1372 ҳ.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг