Намоз: Эркак ва аёлнинг намоздаги зийнати

0

в) Эркак ва аёлнинг намоздаги зийнати

Эркак ва аёлнинг одамлар олдида очиб юриши ҳаром бўлган аврати тўғрисида сўз юритган эдик. Энди уларнинг намоздаги авратини баён қиламиз.

Жумҳур уламолар фикрича, намоз дуруст бўлиши учун авратни тўсиш шарт.

Айрим моликий мазҳаби уламоларининг фикрича, намозда авратни тўсиш шарт эмас, вожиб. Шавконий «Найл ал-автор»да шу фикрни тўғрироқ деган.

Аксар моликий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, намозда авратни тўсиш эсда бўлган ва қодир бўлганда шарт, унутган ва ожиз бўлганда эса, аврат очиқ бўлса ҳам намоз дуруст бўлаверади.

Намозда авратни тўсиш шартлигига энг очиқ далил Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: «Аллоҳ ҳайз кўрувчи (яъни балоғат ёшига етган) аёлнинг рўмолсиз ўқиган намозини қабул қилмайди»[1].

Уламолар бу бобга «авратни тўсиш» деб ном қўйишган. Бироқ бу бобни «намоз либоси» ёки «намоз зийнати» деб номлаш мақсадга мувофиқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Ҳар масжид (намоз)да зийнатингизни олинглар», деган. Қалаверса, намозда тўсиш лозим бўлган аврат одамлар олдида очиш ҳаром бўлган авратдан фарқ қилади. Биз юқорида одамлар олдида очиб юриш ҳаром бўлган аврат хусусида айтган эдик. Қуйида намозда тўсиш вожиб бўлган аврат ҳақида сўз юритамиз:

Биринчи: эркакларнинг намоз либоси

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир тарафи елкадан тушмаган битта кийимда намоз ўқимангиз»[2]. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Битта кийимда намоз ўқишга тўғри келса, агар кийиминг кенг бўлса, унга ўраниб ол, агар тор бўлса, у билан (фақат) белингдан пастини ўраб ол»[3].

Шунга кўра, эркак киши битта кийимда намоз ўқиши жоиз. Агар бу кийим кенг бўлса, уни елкасидан ташлаб ўраниб олади. Агар тор бўлса, фақат белидан пастига ўраб олади.

Аслида, эркак киши иккита кийимда намоз ўқигани, бири билан авратини, иккинчиси билан баданининг юқори қисмини тўсгани афзал. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан битта кийимда намоз ўқиш ҳақида сўрайди. Шунда у зот: «Ҳамманинг ҳам иккита кийими бўлавермайди-ку!»[4] деб жавоб берадилар. Имом Бухорийга оид бир ривоятда бундай қўшимча бор: «Кейинроқ бир киши Умардан шу саволни сўради. Умар айтди: «Аллоҳ кенг қилса, сизлар ҳам кенгайтиринг (яъни Аллоҳ мол-давлатингизни кўпайтирса, сизда унинг асорати кўринсин). Инсон бисотидаги кийимларидан ўзига лойиқ ва муносибини кийсин. Инсон изор (белдан пастга ўраладиган мато) ва ридо (елкадан ташланадиган мато)да, изор ва кўйлакда, изор ва тўнда, шалвар ва кўйлакда, шалвар ва тўнда, калта иштон ва тўнда, калта иштон ва кўйлакда намоз ўқисин».

Иккинчи: аёлларнинг намоз либоси

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ ҳайз кўрувчи (яъни балоғат ёшига етган) аёлнинг рўмолсиз ўқиган намозини қабул қилмайди». Жумҳур уламолар фикрига кўра, аёл киши намозда юзи ва кафтларидан бошқа бутун баданини тўсиши шарт. Бунинг учун узун кўйлак кийиши ва рўмол ўраши етарли бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия аёл киши оёқларининг тўпиғидан пасти очиқ ҳолда намоз ўқиши жоиз эканини тўғрироқ деб билган. Шунингдек, бу фикрни «Ал-инсоф» китоби муаллифи Мирдовий ихтиёр қилган. Уларнинг далили шундан иборатки, аёл киши уйидан кўчага чиқмоқчи бўлса, фақат ҳижоб кийишга буюрилган. Аммо аёлни уйида, гарчи намоз ўқиш учун бўлса-да, ҳижоб кийишга буюрган бирон далил келмаган. Демак, аёл киши уй либоси билан намоз ўқиши дуруст бўлади. Маълумки, аёл киши кўпинча уйида оёқларининг тўпиғидан пастини очиб юради. Шунга қарамасдан, намозда оёқларининг мазкур жойини ёпишга буюрилмади. Соч ва бўйинга келсак, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, намозда соч ва бўйинни тўсиб турадиган рўмол ўрашга буюрилди.

Абдураззоқ саҳиҳ санад билан Умму Ҳасандан ривоят қилади. Умму Ҳасан айтади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Умму Саламани кўйлак ва рўмолда намоз ўқиганини кўрдим». Молик «Ал-муваттоъ»да (1/160) етим ҳолида Маймуна разияллоҳу анҳонинг қарамоғида ўсган Абдуллоҳ Хавлонийдан ривоят қилади. У айтади: «Маймуна кўйлак ва рўмолда намоз ўқир, эгнида изори (лозими) бўлмас эди» (Санади саҳиҳ).

Бироқ аёл киши бошини ёпадиган рўмол, баданини тўсадиган кўйлак ва иккисининг устидан боши узра ёпиб турадиган устки кийимда намоз ўқиши афзалроқдир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Аёл киши намоз ўқиса, барча кийимларини: кўйлак, рўмол ва халатини кийиб намоз ўқисин»[5].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Кийимнинг шарти қараган кишига баданнинг рангини кўрсатмайдиган бўлишидир. Бинобарин, баданнинг оқ ёки қоралиги билиниб турадиган даражада юпқа кийим кийиш ярамайди.

  2. Эркакларнинг бадан билинадиган даражада тор шимда намоз ўқишлари макруҳдир. Аммо аёл кишининг шимда намоз ўқиши Аллоҳга нисбатан одобсизликдир. Чунки аёл бу ҳолатда ўзини эркакларга ўхшатган бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини эркакларга ўхшатган аёлларни лаънатлаганлар. Аёл киши Ислом диёри мубтало бўлган бу каби кийимларни кийиб намоз ўқир экан, намоз уни фаҳш ва мункар ишлардан тийиши мумкинми?! Намоз ўқиётган инсон амали қабул бўлишига олиб борувчи одоб ва ахлоққа риоя этиши лозим. Зеро, амалнинг фиқҳий жиҳатдан дуруст ва соғлом бўлиши билан унинг Аллоҳ наздида мақбул бўлиши ўртасида фарқ бор. Қанчадан-қанча амаллар борки, фиқҳий нуқтаи назардан дуруст бажарилади, лекин тақвога риоя қилинмагани боис Аллоҳ уни қабул этмайди.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, талай уламолар фикрича, кийим ҳаром бўлса, у билан ўқилган намоз ботил бўлади. Бу фикр зоҳирийлар ва ҳанбалийларнинг фикридир, валлоҳу аълам.

  1. «Ал-муҳаззаб» китобининг муаллифи айтади: «Аёл кишининг кўйлаги бадани кўринмайдиган даражада қалин бўлиши, шунингдек, руку ва саждада ички кийимларини билдирмаслик учун устки кийимини баданига ёпиштирмай туриши мустаҳабдир»[6].

  2. Эркак киши бошяланг намоз ўқиши дуруст бўлса-да, намоз зийнати комил бўлиши учун салла (ёки бошқа ҳар қандай бош кийим) кийиши афзалдир.

[1] Ҳасан. Абу Довуд (641), Термизий (377), Ибн Можа (655) ривояти.
[2] Бухорий (359), Муслим (516), Абу Довуд (626), Насоий (1\125) ривояти.
[3] Бухорий (361), Муслим (3010), Абу Довуд (634) ривояти.
[4] Бухорий (365), Муслим (515), Абу Довуд (625), Насоий (2/69) ривояти.
[5] Ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан ривоят қилган, 2/225.
[6] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 3/172.

Изоҳ қолдиринг