Эй иймон келтирганлар (54): Аллоҳдан тақво қилишга ҳамда ният, сўз ва амалда ростгўй бўлишга буйруқ

0

Эй иймон келтирганлар, ҳар бир ишингизда Аллоҳдан қўрқинг ва иймонларида ростгўй бўлган кишилар билан бирга бўлинг” (Тавба, 119).

Шарҳ:

Муҳтарам ўқувчи, мўминлар иймон билан чин маънода тирик экани ҳақида юқорида ҳам бот-бот айтиб ўтдик. Ҳақиқатда шундай, мўминлар иймонлари билан тирикдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ азза ва жалла уларга иймон сифати ила нидо қилади. Зеро, мўминлар қалби очиқ бўлганидан эшитиш, сўзлаш, амал қилиш ва тарк қилишга лаёқатлидирлар. Кофирлар эса ундай эмас. Улар куфри сабабли ҳис этмайдиган ўликдан баттардир. Бирон амални бажаришга ё тарк қилишга чорланса қабул этмайди, панд-насиҳатни олмайди, нидо қилинса эшитмайди. Мўминлар бунинг аксича, том маънода тирик бўлиб, нидо қилинса ижобат этади, бирон ишга буюрилса бажаради, қайтарилса тийилади.

Бу илоҳий нидода икки буюк иш ҳақида сўз кетади:

Биринчи иш: Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилиш. Эсласангиз, бу ҳақда юқорида ҳам сўз ўтган эди. Яна такрорлаш фойдадан холи бўлмайди. Тақво Аллоҳ ва Расули буюрган ё қайтарган барча ишларда итоат этишдир. Чунки Аллоҳ таолонинг азоби, ғазаби ва жазосидан сақланиш фақатгина Унга итоат этиш, ҳукмига таслим бўлиш, қазо ва қадарига рози бўлиш билан бўлади.

Билимдон мўмин Аллоҳ таолонинг дўстлиги тақво билан қўлга киритилишини яхши билгани учун Парвардигори уни ва бошқаларни тақвога буюришидан хурсанд бўлади. Аслида, энг буюк шараф, олий мақсад ва орзу-истак ҳам Аллоҳнинг дўстлигини қозонишдир. Аллоҳнинг дўстлигига тақво билан эришилади. Тақво нафсни поклайди. Тақводор мўмин буюрилган ишларни бажариш ва қайтарилган ишлардан четланиш билан нафсини поклайди. Банда нафсини покласа, Парвардигори ундан рози бўлади, уни яхши кўриб, Ўзига дўст тутади.

Тақво ўз-ўзидан ҳосил бўлмайди, албатта. Тақвога эга бўлишни истаган киши Аллоҳ суядиган ва суймайдиган ишларни билиши лозим, токи нафсини поклаш учун Аллоҳ суядиган ишларни қай тарзда амалга ошириш тўғрисида билимга эга бўлсин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло илм талаб қилишни ҳар бир мўмин ва мўминага фарз қилган.

Иккинчи иш: Сўзида ҳам, ишида ҳам содиқ ва ростгўй кишилар билан бирга бўлиш. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, ҳар бир ишингизда Аллоҳдан қўрқинг ва иймонларида ростгўй бўлган кишилар билан бирга бўлинг”. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам улардан ажралманг, ҳамиша бирга бўлинг. Охиратда ҳам улар билан бирга бўлишингиз учун ниятларингиз уларнинг ниятлари каби, сўзингиз сўзлари, амалингиз амаллари, орзуларингиз орзулари каби бўлсин. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ростгўй бўлинглар. Дарҳақиқат, росгўйлик яхшиликка, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши давомий равишда рост сўзлар экан ва ростгўйликка интилар экан, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (ростгўй) деб ёзиб қўйилади” (Муттафақун алайҳ).

“Сиддиқ” деб ёзиб қўйилса, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга ўхшаган содиқ кишилардан бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр разияллоҳу анҳуни Сиддиқ деб номлаган эдилар. Қуръонда ҳам бунга ишора қилинган оят бор: “Фақат ростликни, ҳақни келтирган ва уни тасдиқ этганлар – ана ўшалар тақводор зотлардир” (Зумар, 33). Ростлик ва ҳақни келтирган зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсалар, уни тасдиқ этган киши Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудир.

Сиддиқлардан бўлишнинг яна бир йўли зоҳиру ботинда, махфий ва ошкор, тангликда ҳам, фаровонликда ҳам Аллоҳ ва Расулига итоатда бўлишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳ ва Расулига итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ уларга жаннат инъом қилган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар билан бирга бўладилар. Ўшалар жаннатдаги энг яхши ҳамроҳлардир. Бу улкан фазлу марҳамат Аллоҳдандир. Аллоҳнинг ўзи етарли билувчидир” (Нисо, 69-70).

Бу илоҳий нидода келган ишларни, хоссатан ростгўйликни, унинг қийматини ва ҳақиқатини яхши билиб олинг ва одамлар орасида шу сифат билан танилишга ҳаракат қилинг.

Табук ғазотида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан урушиш учун Мадинаи Мунавварага бостириб келмоқчи бўлаётган Рум қўшинига қарши оммавий сафарбарлик эълон қилганларида мунофиқлар арзимас баҳоналар ва ёлғон узрлар билан урушга чиқмай қолиб кетдилар. Айрим иймони заиф мусулмонлар ҳам жангга чиқмасликка баҳоналар келтириб, узр сўрадилар. Дарҳақиқат, бу ғазот юртда қурғоқчилик ва очарчилик авж олган пайтга, қолаверса, ёзнинг жазирама иссиқ кунларига тўғри келган эди. Ҳатто Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн олмай ҳам қолиб кетганлар бўлди. Лекин Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг қилиш учун келаётганларидан хабар топган душман қўрқоқлик қилиб, жангга чиқиш фикридан воз кечади ва орқасига қайтиб кетади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар Мадинага қайтишганида жангга чиқмай қолиб кетган кишилар нима сабаб чиқмаганини айтиб, узр сўраб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг тилларидаги узрларини қабул қилдилар, қалбларини Аллоҳга ҳавола қилдилар. Жангдан қолиб кетганлар орасида уч киши – Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя ва Мурора ибн Рабиъ исмли саҳобалар ҳам бор эди. Улар бошқалар каби арзимас ёки ёлғон баҳоналар айтмай, ҳеч қандай сабабсиз қолиб кетишганини рўйирост айтдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни улар билан алоқани узиб туришга буюрдилар. Уларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Мадина аҳли ва ҳатто хотинлари ва фарзандлари билан алоқалари узилиши анча кун давом этди. Бу уч саҳоба сабр-матонат ва садоқат билан эллик кунни ўтказдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, тавбалари қабул бўлгани хабарини берди: “Шунингдек, ансорлар ичидан тавбалари қабул қилиниши ортга сурилган уч кишининг тавбаларини ҳам Аллоҳ қабул қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга чиқишдан қолиб кетишган ва бунга қаттиқ қайғуришган эди. Қолиб кетишганидан пушаймон бўлиб, ғам чекканларидан кенг ер уларга торайиб кетган, ғамнинг зўридан кўнгиллари қаттиқ сиқилган ва улар Аллоҳдан қочиб, бошқа бировнинг паноҳига бориш имконсиз эканига аниқ ишонч ҳосил қилишган эди. Аллоҳ таоло уларни тоатга муваффақ қилди. Албатта, Аллоҳ бандаларининг тавбаларини қабул қилувчи ва уларга раҳмли Зотдир. Эй иймон келтирганлар, ҳар бир ишингизда Аллоҳдан қўрқинг ва иймонларида ростгўй бўлган кишилар билан бирга бўлинг” (Тавба, 118-119).

Бу икки оят Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазотга чиқишдан қолиб кетган уч кишига ростўйликлари сабабли нажот берганини ва тавбаларини қабул қилганини кўрсатади. Шунинг учун Аллоҳ мўмин бандаларини ростгўй бўлишга чақирди. Ростгўйликда яхшилик ва барака бор. Ростгўйлик кишини дўзахдан нажот топиб, яхшилар диёри бўлмиш жаннатга киришига сабаб бўлади. Аллоҳим, бизни ҳам ростгўй бандаларингдан қилгин. Омин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг