Муҳаддислар амири – Имом Бухорий (3)

0

Бухорийнинг ўзига хос услуби

Бухорийнинг бутун ҳаётида, хусусан, илм ва ҳадис ёзишда ўзига хос услуби бор эди. У “Саҳиҳи Бухорий” китобидаги ҳадисларни ўн олти йил мобайнида бениҳоят аниқлик, давомий изланиш, сабр-тоқат билан тўплади. Бундай сифатлар ундан олдинги ва кейинги муҳаддисларда топилиши амри маҳол. Чуқур изланишлар билан бирга, Бухорий китобга киритилган ҳар бир ҳадис олдидан ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқиган. Бухорий роҳимаҳуллоҳ билан бирга тунаган шогирдларидан бири, унинг бир кечада ўн саккиз марта уйқудан уйғонгани, чироқни ёқиб, фикрига келган мулоҳазаларни қоғозга туширганини нақл қилган.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай дейди: “Абу Абдуллоҳ билан бирга сафарга чиқсам, жазирама ёз кунларини ҳисобга олмаганда, кўпинча бир уйда ётар эдик. Бир кечада 15-20 марта уйғонар, чироқни ёқиб, ҳадислар ёзилган дафтарига айрим мулоҳазаларни қайд қилар эди”.

Ривоят қилинишича, Бухорий: “Мен ҳадисни бошқаларга ўхшаб суриштирмай ёзиб кетавермадим. Бир одамдан ҳадис олмоқчи бўлсам, ундан исми, куняси ва насабини, агар у заковатли бўлса ҳадисни қандай эшитганини сўраб олардим. Акс ҳолда, менга китобини чиқариб, асл нусхасини кўрсатишини сўрардим” – деган.

Аббос Даврий Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳақида шундай дейди: “Муҳаммад ибн Исмоилчалик ҳадис излайдиган бирор кишини кўрмадим… Агар ундан бирор гап эшитсанглар, қолдирмай ёзиб олинглар”.

Бухорий шундай дейди: “Мен ҳадисдан дарс беришни бошлаганимда ҳадислардан саҳиҳ ва заифини ўрганган, ҳамма фиқҳий китобларни ўқиган, Басрага беш марта борган, у ердаги олимлардан бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис қолдирмай ҳаммасини ёзиб олган эдим. Албатта мен билмаганларим бундан мустаснодир”.

Бакр ибн Мунир айтади: “Абу Абдуллоҳни: “Мен Аллоҳга йўлиққанимда бирор бир кишини ғийбат қилганим учун мени жавобгар қилмаслигини умид қиламан” – деганини эшитдим. Ҳа, у тўғри айтади. Жарҳ ва таъдил борасидаги гапларини ўқиган киши унинг биров ҳақида гапиришда қанчалик тақволи эканини, заиф деб санаган одамларига инсоф билан ёндашганига гувоҳ бўлади. Чунки бошқалар ҳақида кўпинча: “унинг ҳадиси мункар”, “муҳаддислар у ҳақида гапиришмаган”, “шубҳали одам”, деган. Унинг ровийларга тавсифнома берган чоғида “фалончи каззоб”, “ҳадис тўқийди”, деган гапларини кам учратасиз. Бу ҳақда Бухорийнинг ўзи ҳам: “Агар мен биров ҳақида “унинг ҳадисида шубҳа бор”, десам, демак, у муттаҳам, ишончсиз одам ҳисобланади”, – дейди. Шу боис, юқорида айтиб ўтганимиздек “Мен Аллоҳга йўлиққанимда бирор бир кишини ғийбат қилганим учун мени жавобгар қилмаслигини умид қиламан”, деган эди. Мана бу тақвонинг энг юксак кўринишидир.

Илмий ижоди

Бухорийдаги фавқулодда заковат, ўткир зеҳн, илм олишга бўлган интилиш ва сабр-матонат, ҳадислар, жарҳ ва таъдил фани ҳамда санадлар (ровийлар силсиласи) борасидаги пухта билим, ҳадисларнинг саҳиҳ ва заифини ажрата олиш соҳасидаги юксак иқтидор, унга бу хусусда кўплаб бебаҳо илмий асарлар яратишга имкон берди. У ўн саккиз ёшида асарлар ёзишни бошлади. Унинг ҳадис соҳасидаги илмий китоблари ҳанузгача ўқиб-ўрганилмоқда.

Бухорий роҳимаҳуллоҳ йигирмадан ортиқ китоб ёзди. “Адаби Муфрад”, “Тарихи Кабир” (бу китоб ҳадис ровийларининг таржимаи ҳоллари ҳақида бўлиб, унда ровийларнинг исми алфабет бўйича тартибланган), “Тарихи Сағир” (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва улардан кейин ҳижрий 256 йилгача ҳаёт бўлган ровийлар ҳақидаги қисқача тарих китоби), “Бандаларнинг ишлари Аллоҳ тарафидан яратилганлиги”, “Намозда қўлни кўтариш”, “Кунялар” ва бошқа китоблар шулар жумласидан.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг