Дард ва даво (94): Сўз, хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширк

0

Бўлим

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш турларидан яна бири сўздаги ширк. Бунга мисол Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят этган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса, ширк келтирибди[1]. Ҳоким ва Ибн Ҳиббон ҳадисни саҳиҳ деган.

Бировга қараб: “Бу иш Аллоҳ ва сен хоҳласанг бўлади” деб айтиш ҳам ширкнинг шу турига киради. Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, бир киши келиб Пайғамбаримизга: “(Ҳар бир иш) Аллоҳ ва сиз истасангиз бўлади”, деб айтди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима, мени Аллоҳга тенглаштиряпсанми?! Ёлғиз Аллоҳ истаса бўлади, деб айт[2], дея жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло айрим ишларда банда хоҳиш-истагининг таъсири борлигини айтган бўлишига қарамай пайғамбаримизнинг жавоби шундай бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “(Қуръон) сизлардан тўғри йўлда бўлишни истаган одамлар учун эслатмадир” (Таквир, 28). Энди, мана бундай сўзларни айтадиган кишилар ҳақида нима дейиш мумкин: “Мен Аллоҳга ва сенга таваккул қиламан”. “Мен Аллоҳнинг ва сенинг ҳимоянгдаман”. “Менинг Аллоҳдан ва сендан бошқа ҳеч кимим йўқ”. “Бу иш Аллоҳ ва сен тарафингдан амалга ошди”. “Бу иш Аллоҳнинг ва сенинг бараканг ила ҳосил бўлди”. “Аллоҳ менинг осмондаги, сен ердаги суянчиғимсан”. Ёки “Аллоҳга ва фалончининг ҳаётига қасам ичаман” ёки “Аллоҳга ва фалончига атадим” ёки “Мен Аллоҳга ва фалончига тавба қиламан” ёки “Аллоҳдан ва фалончидан умид қиламан” ва ҳоказо сўзларни айтадиган киши ҳақида нима деб ўйлайсиз?!

Мазкур сўзлар билан Пайғамбаримизга “Аллоҳ ва сиз хоҳласангиз бўлади” деган кишининг сўзини солиштириб кўринг. Сўнг қайси бири ёмонроқ эканига қаранг. Шунда мазкур сўзларни айтган киши ҳалиги сўзни айтган кишига қараганда Пайғамбаримизнинг ушбу дашномли сўзига ҳақлироқ экани сизга аён бўлади. Ҳалиги киши айтган сўзи билан Пайғамбаримизни Аллоҳга тенглаштирган бўлса, кейинги мисоллардаги сўзларни айтган киши эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тенг келмайдиган, эҳтимол у зотнинг душмани бўлиши мумкин бўлган кимсани оламлар Раббига тенглаштирмоқда!

Сажда, ибодат, таваккул, инобат, тақво, қўрқиш, яхшилик умид қилиш, тавба, назр, қасам ичиш, шунингдек, тасбеҳ, такбир, таҳлил, ҳамд ва истиғфор айтиш, тоат-ибодат мақсадида соч олдириш, Каъбани тавоф қилиш, дуо – буларнинг барчаси холис Аллоҳнинг ҳаққи ҳисобланади. Улардан биронтасини, хоҳ у Аллоҳга яқин фаришта бўлсин, хоҳ пайғамбар бўлсин, Аллоҳдан бошқаси учун бажариш дуруст ҳам, мумкин ҳам эмас.

Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бир гуноҳга қўл урган кишини олиб келишади. У зотнинг олдига келганда: “Ё Аллоҳ, мен Сенга тавба қиламан, Муҳаммадга тавба қилмайман”, деди. Пайғамбаримиз: “Бу тавба кимнинг ҳаққи эканини билди[3], дедилар.

Бўлим

Хоҳиш-истак ва ниятлардаги ширкка келсак, у соҳилсиз денгизга каби чексиздир. Ундан нажот топадиганлар кам. Ким амали ила Аллоҳнинг юзидан бошқа нарсани ирода қилса ёки Унга яқин бўлиш, Ундан мукофот умид қилишдан бошқа нарсани мақсад этса, дарҳақиқат, нияти ва хоҳиш-истагида Аллоҳга ширк келтирган бўлади.

Ихлос – банда сўзи, амали, хоҳиш-истаги ва ниятини холис Аллоҳ учун йўналтиришидир. Иброҳим алайҳиссаломнинг дини бўлмиш ҳанифлик шудир. Аллоҳ таоло барча бандаларни шунга буюрган, ундан бошқасини ҳеч кимдан қабул қилмайди. У Исломнинг моҳиятидир. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Исломдан ўзга дин истаса, (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Оли-Имрон, 85). Бу дин Иброҳим алайҳиссаломнинг дини бўлиб, ундан энг эсипаст кимсаларгина юз ўгиради.

[1] Аҳмад (2\125, 6072), Абу Довуд (3251), Термизий (1535), Ибн Ҳиббон (2177), Ҳоким (7814) ва бошқалар ривоят қилган.

[2] Аҳмад (1839), Бухорий («Ал-адаб ал-муфрад», 234), Ибн Можа (2117), Насоий («Амалу ал-явми вал-лайла», 988) ва бошқалар ривоят қилган.

[3] «Муснад», 3\435, 15587.

Изоҳ қолдиринг