Охирзамон қирғинлари (22): Асли-асоси бўлмаган охирзамон қирғинларини тўқиб чиқариш

0

Иккинчи масала: асли-асоси бўлмаган охирзамон қирғинларини тўқиб чиқариш

Бу мавзу муқаддима ва икки бўлимдан иборат.

Муқаддима

Инсоният келажакда содир бўладиган воқеа ва ҳодисаларни билишга интилиш табиати билан яратилган[1]. Шунинг учун илоҳий ваҳий дунё ва охиратдаги ҳолатлардан инсоннинг билишга эҳтиёжи бўлган маълумотларни хабар беришга алоҳида эътибор қаратган. Инсоният яратилишидан бошлаб, то жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киргунича содир бўладиган ҳодисаларни, ҳатто жаннатдаги роҳат-фароғат ва лаззат турларини ва дўзахдаги хорлик ва азоб кўринишларини ҳам баён қилган.

Лекин ваҳийнинг соф, тиниқ ва зилол булоғидан қониб ичмаган кимсалар унинг нурини кўролмайдилар. Натижада бидъат-хурофот ва ёлғон-яшиқ гумонлар водийсида тентираб юрадилар, мунажжим ва башоратчи дажжолларнинг сўзларига қулоқ тутадилар[2].

Ёлғон ҳадислар тўқиш ортидан тирикчилик қиладиган айримлар бундай содда ва авом инсонларни осон ўлжа билдилар. Инсонлардаги ҳадик ва хавфсираш, интилувчанлик ва сабрсизлик уларни келажакда содир бўладиган қирғинлар кўринишидаги тўқима гапларга қулоқ соладиган қилиб қўяди. Айниқса, бу инсонлар мазкур тўқима қиссаларда зикр қилинган олишувчи томонлардан бири бўлишса, ҳар қандай ёлғонни эшитишга шай бўлиб қоладилар.

Фурсатдан фойдаланган ҳадис тўқувчилар баъзи халқлар даражасини кўтариш, бошқаларнинг эса қадрини туширишга хизмат қиладиган ёлғон қирғинлар тўқиб чиқаришга киришдилар. Баъзи лақма ва калтафаҳм раҳбарлар бу бемаъни ва аҳмоқона тўқима қиссалар билан алданиб қолгач, улардан баъзи таъмагир кимсалар вазирлик ва шу каби юқори мансабларни эгаллаш йўлида бу тўқима ҳадислардан фойдаландилар[3].

Биринчи бўлим: тўқима қирғинлар ҳақида қисқача маълумот

Охирзамон қирғинларига оид китоблар аббосийлар замонида пайдо бўлди[4]. Улардан саҳиҳ ривоятларга мувофиқ бўлганлари ҳам, ёлғонга асосланганлари ҳам бор эди. Шундан кейин одамлар охирзамон қирғинлари ҳақида насрий ва шеърий асар ва китоблар ёзишни бошлаб юбордилар[5].

Ношаръий асос устига қурилган охирзамон қирғинларидан бири[6] Ибн Абу Ақиб қирғинидир[7].

Ибн Убу Ақиб қирғини аббосийлар тарафдорларидан бири томонидан шиаларга оид сиёсий шеърлар кўринишида ёзилган. Унда умавийлар тарафидан содир бўлган зулмлар, бу зулмлардан ростлари ҳам, ёлғонлари ҳам тилга олинган. Шунингдек, унда умавийлар даври тугашига яқин қолгани, аббосийлар халифалиги келиши ва улар замонида шиаларга кўп яхшиликлар ва бахт-саодат рўёбга чиқиши башорат қилинади. Бу қирғин Ибн Абу Ақиб деган тўқима шахсиятга нисбат берилган. Мазкур тўқима қирғинда келишича, умавийлар уни қўлга тушира олмайдилар. Бузуқ ниятли кимсалар ўзларининг бузуқ эътиқодларини ёйиш учун бу тўқима қирғинни қулай восита қилиб олишган. Бузуқ эътиқодларини шеърий услубда ёзиб, сўнг уни Ибн Абу Ақибга нисбат берганлар.

Шеърнинг матлаи шундай бошланади:

Ҳодисалар ичра кўрдим ажиб ҳолат,

Сабабларин менинг сўзларим ёзсин[8].

Умуман олганда шиалар нақл қиладиган охирзамон қирғинлари аслсиз тўқима қирғинлар жумласидан ҳисобланади. Шиалардан келган охирзамон қирғинларининг хулосаси қуйидагича: уларнинг ғойиб бўлган Маҳдийлари чиққанда:

  • баъзи шиалар унинг олдига ҳавода учиб борадилар, барчалари араблардан бошқа халқлардан бўлишади!

  • Аллоҳ Маҳдийнинг бутунжаҳон ҳукумати соясида ҳузур-ҳаловат кўришлари учун шиаларнинг вафот этиб кетган солиҳларини ва ўтган умматларнинг баъзи солиҳларини тирилтиради;

  • Маҳдий Маккада Ҳарами шарифнинг имом-хатибини ўлдиради, Масжиди Ҳаромни бузиб, фақат пойдеворини қолдиради;

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини бузиб, уни илгариги ҳолига қайтаради;

  • Масжидларнинг минораларини йиқитади;

  • Аллоҳнинг Китобида очиқ оятлар билан оқланган мўминлар онаси Ойша[9] разияллоҳу анҳони қабридан турғизиб, унга ҳад жазосини ижро қилади;

  • Пайғамбаримизнинг икки саҳобаси Абу Бакр ва Умар разияллоҳу аноҳумоларни қабрларидан чиқариб, иккисини ҳам чормихга осади;

  • Бутун арабларни қиличдан ўтказади! Алалхусус, Қурайшнинг жангчиларини ўлдиради, зурриётларини қул қилади;

  • Бани Умайянинг орқасидан тушади. Улар Румга қочишади. Румликлар уларни насроний бўлмагунларича қабул қилмайди, шунда улар насронийликни қабул қиладилар;

  • Маҳдий арабларнинг ишини битиргач, дунёнинг бошқа давлатларига қарши ҳужумга ўтади[10].

Иккинчи қисм: уламоларнинг охирзамон қирғинларига оид тўқима хабарларга муносабатлари

Уламолар тўқима қирғинларнинг ботиллиги, уларнинг асли йўқлигини баён қилишга алоҳида эътибор қаратганлар. Тўқима қирғинлар тўғри ва нотўғри хабарлар қоришмасидан иборат хабарлар эканига ишора қилганлар. Яъни бундай хабарлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган баъзи башоратлар, воқеликка мос келган тушлар, саҳобалар ва улардан кейингиларнинг кароматлари, коҳинлар, мунажжимлар ва аҳли китобларнинг сўзларидан иборат бир-бирига аралашиб кетган хабарлардир[11].

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ қуйидаги сўзлари билан тўқима қирғинларни қасд қилганлар:

“Уч турдаги китоблар борки, уларнинг асли йўқдир: ғазотлар, қирғинлар ва тафсир”[12].

Имом Аҳмаднинг “уларнинг асли йўқдир” деган сўзидан мурод кўпинча бундай хабарларнинг санадлари саҳиҳ ва муттасил (туташган) бўлмайди, демакдир[13].

Хатиб Бағдодий[14] раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг сўзини шундай изоҳлаган:

“Имом Аҳмаднинг бу гапларини шундай маънога йўйиб тушунишимиз керак, асли йўқ китоблардан мурод ишончсиз ва саҳиҳ бўлмаган мазкур уч йўналишда ёзилган махсус китоблардир. Бунга сабаб бу китоблар муаллифларининг аҳволи ёмонлиги, ровийлари адолатли эмаслиги (ишончсизлиги) ва қиссахонлар уларга ўзларидан қўшимчалар қўшганидир. Қирғинларга оид китобларнинг ҳаммаси мазкур ҳолатдадир. Санадлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ишончли жиҳатдан ва очиқ-равшан йўллар билан боғланган озгина ҳадисларни ҳисобга олмаганда охирзамонда кутилган қирғинлар ва фитналарга оид хабарлар саҳиҳ эмасдир”[15].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ назм-шеър ва унга ўхшаш шаклда ривоят қилинган барча охирзамон қирғинларининг ёлғон, тўқима ривоятлар эканига ишора қилган[16].

Хулоса қилиб айтганда, охирзамон қирғинларининг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўл билан келганлари ҳам, асли бўлмаган ёлғон ва тўқималари ҳам мавжуд. Мусулмон киши тўқима ривоятларни қўйиб, саҳиҳ хабарлар билан кифояланиши вожибдир[17].

[1] Қаранг: ал-Муқаддим. “Ал-Маҳдий”, 170.

[2] Қаранг: Ибн Қаййим, “Мифтоҳ дор ас-саодат”, 2/257.

[3] Қаранг: Ҳамадоний. “Такмилат тарих ат-Табарий”, 1/64, 65; Шайбоний. “Ал-комил фит-тарих”, 8/230, 231; Нувайрий. “Ниҳоят ал-араб фи фунун ал-адаб”, 23/94, 95; “Тарих Ибн Халдун”, 3/468, 469; “Муқаддимат Ибн Халдун”, 341; Ибн Азрақ. “Бадоиъ ас-силк фи табоиъ ал-мулк”, 1/150.

[4] Бу ўриндаги гап мусулмонларга тааллуқли, йўқса охирзамон қирғинларига оид китоблар қадим замонлардан бери мавжуд. Ҳатто улардан милоддан аввалги 900 йилларда ёзилганлари ҳам бор (Қаранг: “Малоҳим Ибн Убай Ақиб”, 9; “Малоҳим арз ар-рисолот”, 15-19, 35, 36).

[5] Қаранг: “Муқаддима Ибн Халдун”, 338, 339; “Малоҳим Ибн Убай Ақиб”, 12-14.

[6] Мазкур қирғинлардан баъзиларига назар солиш учун қаранг: “Вафаёт ал-аъён”, 6/211, 212; “Ал-вофий бил-вафаёт”, 3/137, 15/300; “Ал-илмом бил-эълом”, 5/360-366; “Муқаддима Ибн Халдун”, 338-342; “Бадоеъ ас-салк”, 1/150; “Аз-зовъ ал-ломеъ”, 2/250; “Луқата ал-ажлон”, 38-40; “Малоҳим Ибн Убай Ақиб”, 13-24.

[7] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва баъзи олимлар “Ибн Убай Ақиб”нинг воқеликда мавжуд бўлмаган номаълум (рамзий) шахс эканини айтишган. “Мажмуъ фатово Ибн Таймия” китобида (4/79, 11/55) унинг исми “Ибн Ғанзоб” дея нотўғри ёзилган, “Минҳож ас-сунна” китобида (7/182) эса “Ибн Ақиб” дея қисқартирилган ҳолда келтирилган. У Абдуллоҳ ибн Башшор ибн Убай Ақибдир.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ақибга нисбатлаган қирғин шеъри Нуриддин (Занкий) ва Салоҳиддин (Айюбий) замонида яшаган баъзи жоҳил шиаларнинг назмлардандир. Унда мазкур ҳодисаларга мос келмайдиган қирғинларни саводсизларча ва нодонларча назм кўринишида айтиб ўтилган” (“Минҳож ас-сунна”, 7/182, 183 қисқартириб олинди).

Қаранг: “Тарих ат-Табарий”, 5/448; “Тарих мадинати Дамашқ”, 62/293; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 4/79; “Ал-мунтақо мин минҳож ал-эътидол”, 469; “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 12/356; “Малоҳим Ибн Убай Ақиб”, 6, 23, 29, 30, 55.

[8] Қаранг: “Кашф аз-зунун”, 2/1818; “Малоҳим Ибн Абу Ақиб”, 23, 55.

[9] У Сиддиқ қизи Сиддиқа Ойша бинти Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳумо бўлиб, мусулмон аёлларнинг энг фақиҳидир. Ҳижратдан 9 йил олдин дунёга келган, ҳижрий 2 йилда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан турмуш қурган ва Пайғамбаримизнинг энг севимли аёллари бўлган. 2210 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 58 йилда вафот этган (Қаранг: “Истийъоб”, 4/435-439; “Сияру аълом ан-нубало”, 2/135-201; “Ал-исоба”, 8/231-235).

[10] Қаранг: Исмоил Ҳаририй. “Аҳдос охири аз-замон фи марвийёт аҳл ал-байт”, 205; Муҳаммад Табасий. “Ал-имом ал-Маҳдий ал-муслиҳ ал-оламий ал-мунтазар”, 84-89, 109, 110, 135, 136, 153-157, 159, 161, 173; Маҳдий Фатловий. “Саврат ал-муваттиъин лил Маҳдий”, 53; Форуқ Мусавий. “Ал-ҳатмийёт мин алоим аз-зуҳур”, 65, 83, 162, 255, 266, 282, 407-409; Жаъфар Атрисий. “Мо қабла ниҳоя ат-тарих зуҳур қоим Оли Муҳаммад ал-Маҳдий ал-мунтазар”, 505, 519; Маҳмуд Мусавий. “Мўъжам ал-фитан ал-малоҳим”, 1/359-361, 2/50, 3/308, 4/6, 11, 12, 42; Комил Сулаймон. “Явм ал-халос фи зилли ал-қоим ал-Маҳдий”, 256-275, 276, 286, 306-327, 343-346, 369, 404, 409.

[11] Қаранг: “Зод ал-маод фи ҳадйи хайр ал-ибод”, 5/787-789.

[12] “Ал-жомеъ ли ахлоқ ар-ровий”, 2/162 (Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 13/346; “Лисон ал-мийзон”, 1/11).

[13] Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 13/346; “Минҳож ас-сунна”, 7/435-436; “Ал-мусаввада”, 157; Ибн Касир. “Талхис китоб ал-истиғоса”, 1/76; “Ал-итқон фи улум ал-Қуръон”, 4/207, 208.

[14] У Имом ҳадис ҳофизи Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Бағдодий бўлиб, Хатиб Бағдодий номи билан танилган. Маҳоратли ҳадис ҳофизларидан ва чуқур билимли уламолардан бўлган (Қаранг: “Вафаёт ал-аъён”, 1/92, 93; “Тарих ал-Ислом”, 10/175-188).

[15] “Ал-жомеъ ли ахлоқ ар-ровий”, 2/162, 163 (Қаранг: “Лисон ал-мийзон”, 1/207).

[16] Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 4/79-82.

[17] Қаранг: “Абжад ал-улум”, 2/519.

Изоҳ қолдиринг