Бухорий Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Бу кунлар (яъни зулҳижжанинг аввалги ўн куни)да бажарилган солиҳ амалларчалик Аллоҳга суюклироқ бўлган амаллар йўқ”. Саҳобалар дедилар: “Ё расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам (зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган амалларга тенг келмайди)ми?”. “Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам унга тенг келмайди, фақат мол ва жони билан жиҳодга чиқиб, бунинг ҳеч қайси билан уйига қайтмаган (яъни жанг майдонида шаҳид бўлган) киши бундан мустаснодир”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам»[1].
Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳадис зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш фазилатига далил қилинади. Чунки рўза ҳам ҳадисда зикр қилинган солиҳ амаллар жумласидандир»[2].
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу тўққиз кунда рўза тутиш макруҳ эмас, аксинча, бу кунларда ва айниқса зулҳижжанинг тўққизинчи куни бўлмиш арафа куни рўза тутиш ўта эътиборли мустаҳаб амаллардан»[3].
Нававий раҳимаҳуллоҳ билдирган фикрни «Сунани Абу Довуд» ва бошқа ҳадис тўпламларида келган ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. Унда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжанинг тўққизинчи куни, ошуро куни ва ҳар ойда уч кун рўза тутар эдилар»[4].
Лекин Имом Муслим Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадис мавзуга чигаллик киритади. Унда Ойша разияллоҳу анҳо шундай дейди: «Мен ҳеч Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида рўза тутганини кўрмадим»[5].
Уламолар бу чигалликни бартараф этиш учун турлича фикрлар билдиришган.
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ойша разияллоҳу анҳонинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида рўза тутмадилар», деган гапи «У зот бу кунларда касаллик, сафар ва ундан бошқа узрлик ҳолатлар сабабли рўза тутмадилар» деб талқин қилинади. Ёки бўлмаса Ойша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутганларини кўрмаган, бироқ бундан аслида ҳам у зотнинг бу кунларда рўза тутмаганликлари келиб чиқмайди»[6].
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан бирон амални яхши кўрсалар-да, умматига фарз бўлиб қолишидан қўрқиб тарк қилар эдилар. Эҳтимол, шунинг учун бу кунларда рўза тутмагандирлар»[7].
[1] Бухорий (969), Абу Довуд (2438), Термизий (757), Ибн Можа (1727) ривоят қилишган. [2] «Фатҳ ал-Борий», 2/460. [3] «Шарҳи Муслим», 3/245. [4] Албоний саҳиҳ деган. Абу Довуд (2437), Насоий (4/205) ва Аҳмад (6/423) ривоят қилишган. [5] Муслим (1176), Абу Довуд (2439), Термизий (756), Ибн Можа (1729) ривоят қилишган. [6] «Шарҳи Муслим», 3/245. [7] «Фатҳ ал-Борий», 2/460.