Сийрат: Яширин даъватнинг давом этиши

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам яширин даъватни давом эттирдилар. Энг аввал яқин қариндошларини, ёру-биродарларини Исломга чақирдилар. Хоссатан даъват ишларида у зотга кўмакчи ва қўлловчи бўладиган кишиларни даъват этишга муваффақ бўлдилар. Улар яширин даъват доирасини кенгайтиришда катта ташаббускорлик кўрсатиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўмакчи бўлдилар. Ўша давр даъватнинг энг оғир босқичи эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашган мўминлар даъват йўлида қаттиқ қийинчиликка, оғир машаққатга дуч келар ва ўзлари ишонган одамларнигина даъват этар эдилар. Бу эса даъват ўзининг илк қадамларини эҳтиёткорона босганлигини ҳамда даъват топшириқларини ўз манбаидан олиш ва уни тарқатиш ўта қийин бўлганини кўрсатади. Зеро бу динга кирган киши аввало намоз ўқишга ва Қуръондан имкон қадар таълим олишга буюрилар эди. Қавми олдида намоз ўқиш ёки Қуръон ўқиш осон иш эмас эди, албатта. Шунинг учун ўша пайтда мусулмонлар қавмларидан яширинча дараларга, водийларга чиқиб кетиб намоз ўқир эдилар.

Хавфсизлик ҳисси:

Бу босқичнинг асосий белгиси махфийлик эди, ҳатто киши энг яқин одамидан ҳам ақидасини яширишга мажбур бўлар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват ишини яширин олиб боришга кескин буйруқ берган эдилар. Бу борада қилган ишларидан бири Исломга кирган бир ёки икки кишини бадавлатроқ бўлган учинчи кишига қўшиб, бир оила каби қилиб қўйишлари бўлди. У топганини улар билан баҳам кўрар ва учовлари бир-биридан динни ўрганар эди. Яъни ким Қуръондан бирон нарса ўрганса, уни шеригига ҳам ўргатиши керак эди. Шундай қилиб, биродарчилик асосидаги оилалар ва таълим ҳалқалари тузилди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни Қуръон асосида тарбияладилар. Саҳобаларга ақида, ибодат, одоб-ахлоқ, хавфсизлик чоралари ва бошқа ишларни таълим бердилар. Қуръони каримда хавфсизлик чораларини кўриш муҳимлиги ҳақида сўз юритган ояти карималар мавжуд. Чунки умматнинг оёққа туриб олиши учун унинг ҳар бир шахси эркин ҳаракат қила олиши керак. Хоссатан Исломни ҳимоя қиладиган, уни ҳаётга татбиқ этишга уринаётган тоифада бундай чораларга эҳтиёж катта. Шунинг учун хавфсизлик чораларини кўриш тўғрисидаги таълимнинг уруғи Маккада, даъватнинг илк дамлариёқ экилганини кўрамиз. Даъват иши кенгаяр экан, хавфсизлик чоралари устида иш олиб бориш ҳам кенгайиб борди, ҳатто даъват иши давлат ишига айланар экан, хавфсизлик чораларини кўриш том маънода кучайди.

Саҳобалар Исломга чақирмоқчи бўлган киши ҳақида атрофлича маълумот тўплар эдилар. Бу ишга алоҳида тайинланган кишилар бор эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг яширин ишларидан душманлари хабардор бўлиб қолмаслиги учун кучли хавфсизлик тизимини йўлга қўйдилар.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини ўқир эканмиз, шахсларни тарбия қилиш бошланганидан тортиб, ҳатто исломий давлат барпо этилганидан кейин ҳам хавфсизлик чораларига қаттиқ аҳамият қаратилганига гувоҳ бўламиз. Исломий ҳаракатлар ва мусулмон давлатлар бугунги даврда ҳам Исломни ва мусулмонларни яҳуд, насоро ва бошқа ғайридинлардан иборат душманлардан ҳимоя қилиш учун замонавий, тараққий этган хавфсизлик хизматларига ўта муҳтожлар. Мусулмонлар ичкаридан ва ташқаридан раҳна соладиган душманларини таниб олишлари ва уларнинг ғаразли режаларидан бохабар бўлишлари зарур. Албатта, бундай хизматлар Қуръон ва Суннатдан олинган манбалар асосига бино қилиниши керак бўлади. Токи бу соҳада ишлайдиганлар омонатли, холис мусулмонлар бўлиб, хиёнатга йўл очилмасин.

Мусулмонлар бу ишга аҳамият қаратишлари уларни душманларнинг суиқасдларидан огоҳ этади. “Агар душманингни ҳам, ўзингни ҳам билсанг, ҳар қандай уруш оқибатидан қўрқмайсан. Агар ўзингни билсанг-у душманингни билмасанг, ҳар қандай жангда мағлубиятга учрашинг муқаррар”[1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари саҳобаларни ҳар соҳада тарбия қилар эдилар. Уларни оилаларга бўлиб, яъни гуруҳ-гуруҳ қилиб қўяр эдилар. Масалан, Фотима бинти Хаттоб ва унинг эри (Умарнинг амакиваччаси) Саид ибн Зайд  Нуайм ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳом ибн Адий билан биргаликда бир оила эдилар. Хаббоб ибн Арат уларнинг муаллими эди. Вазифалари Қуръонни таълим олиш эди. Қуръонни ўрганишда фақатгина унинг тажвидига, ҳарфларини махраждан чиқаришга, кўп ва тез ўқишга чекланмаган эдилар. Балки асосий мақсад маъно-мазмунларини тушуниш, буйруқ ва қайтариқларини билиш ва унга амал қилиш эди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ишларни ўта пухта режалаштирар, ҳар бир қадамни ўйлаб босар эдилар. Бир кун келиб даъват иши ошкор амалга ошишини ва унда иш янада мураккаблашишини яхши билар эдилар. У зотнинг режаларига кўра, ҳозирги тартибдаги мўмин жамоа бир мураббийга муҳтож ва одамлар кўзидан узоқда у билан учрашиб, ундан тарбия олиши керак эди, мураббий эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари эди. Бу орада мусулмонларнинг сони кўпайиб, Хадича разияллоҳу анҳонинг уйига сиғмай қолдилар. Шу сабабли Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқам ибн Абу Арқамнинг уйини ихтиёр этдилар.  Чунки вазият жуда ҳам оғир эди, яширин иш олиб боришни тақозо этарди. Мураббий етакчи издошлари билан одамлардан узоқроқ ерда учрашиши мақсадга мувофиқ эди. Уларга назарий ва амалий  ўгитлар бериб туриши, келажакда улардан даъват йўлида етакчи шахсиятлар тарбиялаши керак эди.

[1] “Ал-истихборот ал-аскария фил-ислом”, 111, 112 бетлар.

Изоҳ қолдиринг