Фарзанд тарбиясидаги хатолар (5):Болаларни золим ва бемеҳр қилиш йўллари

0

Бечора ва нимжон инсонлар қаторида фарзандларингизга ҳам қўпол муомала қилинг. Қўлингиздан таёқ тушмасин! Ҳайвонларга ва табиатга нисбатан шафқатсиз бўлинг. Душманларингиз қалбларига қўрқув солиш учун доим ёнингизда пичоқ ёки бирон совуқ қурол олиб юринг. Фарзандларингиз кимдандир калтак еса ёки ҳақорат қилинса, уни шундай ташлаб қўйманг, орқасидан қувинг. Болангизни қўлидан тутиб уни урган боланинг уйига боринг ва ўчингизни олмасдан ортга қайтманг.

Жаҳонгир деган золим ва динсиз бир кишини танирдим. Ҳар доим қовоғи осилган, ҳаммага заҳрини сочиб юрарди. Қишлоқдагилар ва қўни-қўшнилардан бирон киши уни яхши кўрмас эди. Хотини ва болалари унинг ёмонлигидан қўрқиб кўнглини олишга ва жаҳлини чиқармасликка ҳаракат қилишарди.

Ҳовлида ёзилган дастурхонда овқатланиб ўтирар экан, олдига яқинлашган оч мушук ёки итни шундай боплаб тепар, бечора ҳайвон тепки зарбидан буралиб қолар эди. У эса, бу ишидан роҳатланиб, қаҳқаҳа отиб куларди.

Отига минганда оти терлаб, сўлагига бўғилиб қолай дегунча шпорлари билан унинг қорнига ниқтаб югуртирар эди. Отини аравага қўшган дамларда янада шафқатсизлашарди. Унга тоқатидан ортиқ юк ортар, қияликка чиқишда бечора отни шунақа қамчилар эдики, отнинг сирти қонга беланарди. Йўлдан ўтаётганлар бу ачинарли ҳолатни кўрмаслик учун юзларини тескари бурар эдилар.

У фарзандларини ҳам аямасди. Борди-ю, бирон ножўя иш қилиб қўйсалар, калтаклабгина қолмас, уларни дарахтга боғлаб қўяр ва соатларча оч ва сувсиз қолдирарди. Бир сафар бир чўпон қўйларини унинг ўтлоғидан ҳайдаб ўтгани учун шундай калтак еган эдики, бир ҳафта ётоғида ўрнидан туролмай ётиб қолганди!

Бировлар билан жанжалашиб қолса, уларни ҳақоратлар, таҳдидлар ёғдирарди. “Ҳозир сени оёқларим остига олиб, парчалаб ташлайман! Жаҳлимни чиқарма, ҳозир тишларингни қоқиб қўлларингга бераман! Менга бош кўтарган одамни онасидан туғилганига пушаймон қиламан!” дерди уларга ўдағайлаб.

Бу инсон қандай қилиб бу қадар қаттиққўл ва золим бўлиб, инсонийлик ҳаддидан чиққани мени қизиқтирарди. Иттифоқо, бир куни унинг болаликдаги ўртоғини учратиб қолдим. Ундан Жаҳонгирнинг қандай қилиб бундай золим бир инсон ҳолига келганини сўрадим. У шундай деди: “Жаҳонгир жуда омадсиз бола эди. Негаки, унинг золим бир отаси бор эди. Ҳамма қўшнилар ундан безор эдилар. Душмани сероб, дўсти эса умуман йўқ эди. Жаҳонгирга кичиклигиданоқ муштлашишни, тўппонча тутишни, пичоқ қўлланишни ўргатган эди. Унга ҳар доим шундай деганини эслайман: “Сув ухлайди, бироқ душман ухламайди. Эсингда бўлсин, ҳеч кимга ишонма! Бу дунёда фақат кучлилар ютади. Рақибингнинг кўзини очтирма, урдингми, албатта йиқит!”

Дадаси Жаҳонгирни қир-адирларга олиб борганда қушларга тош оттирар, уларнинг уяларини буздирар ва тухумларини тердирар эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни ҳовлиларига кирган қўшнининг итини тутиб олганди. Жаҳонгирнинг қўлига таёқ бериб, итнинг ҳамма томони қонга белангунича урдирган эди. Бечора ҳайвон жон аччиғида акиллар, ота-бола эса қаҳқаҳа отиб кулишар эди”.

Болаликдаги ўртоғининг у ҳақда айтганларидан кейин Жаҳонгирнинг золим ва динсиз бир инсон ҳолига келганига ҳеч ажабланмадим.

***

Билиб-билмасдан болаларига тарбия беришда бир қанча хатоларга йўл қўйган ва шунга қарамай болаларини яхши тарбиялаётганларини ўйлайдиган бир оилани танир эдим. Кичик ўғиллари Ойбек бирон нарсага қоқилиб ёки урилиб кетиб, жони оғриганда гўё буюк фалокат юз бергандай уни қучоғига олар, эркалатар, оғриган жойини ўпар, бу ҳам етмагандай урилиб кетган нарсасини бақириб койир ва унга «жазо» берарди: “Ҳа сеними, ярамас стол! Ўғлимнинг жонини оғритасанми-а?! Ҳозир мендан кўрасан! Мана сенга, мана сенга!”. Бу ҳам етмагандек, боланинг қўлига таёқ бериб, урилиб кетган нарсасини уришини айтарди. Шу зайлда боланинг роҳатланишини ва оғриғининг кетишини ўйларди.

Ойбек кўчага чиққанда ҳар доим уст-боши кир ва лой ҳолда уйга қайтарди. Онаси унинг бошини силаб кийимларини қандай кир қилганини сўраганда “Уйдаги безори итимиз қилди”, деган жавобни оларди. Онаси Ойбекнинг ёлғон гапирганини билган ҳолда уни тасдиқларди: “Ҳмм, демак ўша ифлос ит қилди дегин! Мен унга ўғлимнинг устини кир қилиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман!” дея ўғлининг ёнини оларди. Ойбек ҳам онасидан олган далда билан итга жаҳл қилар, қўлига тушган чўпак билан уни қувлар, етиб олган жойида бечорани калтаклар эди.

Ойбек вақт ўтган сайин ўта кетган ёлғончи ва шафқатсиз бўлиб улғайди. Унинг ёлғонларидан уйларидаги хизматкор аёл озор чекар эди. Бечора хотин бу эркатой, қулоқсиз ва тартибсиз бола тўзитган нарсаларни йиғиштиришдан, безориликларига чидашдан чарчаган эди.

Ойбекка овқат едириш туяни хандақдан сакратишдан ҳам қийинроқ эди. Хизматкор хотин қўлида коса билан унинг орқасидан юрар, бир қошиқ овқат едириш учун демагани қолмасди. У ҳар сафар хизматкор хотинни қийнар, қўлларини тирнар, оёқларига тепар эди. Онаси унинг бу қилиқларини кўрса ҳам индамасдан кулиб ўтиб кетарди. Унинг бебошликларига чидай олмаган хизматкор хотин ишни ташлаб кетган эди.

Ойбекнинг безорилиги ва хизматкорларга қилган ноҳақликларини эшитмаган қолмаганди. Шу сабабдан бирон хизматкор иш ахтариб уларнинг эшигини қоқмади.

Ойбек катта бўлгач, янада шафқатсиз ва ҳеч нарсадан қайтмайдиган бўлди. Уйларидаги мушук ва ит таёқ еяверганидан ҳамма томони яра-чақа бўлганди. Катта бўлгани сабаб энди ота-онаси ҳам унга гап уқтиролмайдиган бўлдилар. Тенгқурлари ундан узоқ юришар, биронтаси у билан ўртоқ бўлишни хоҳламас эди. Кўчаларда дайдиларга ўхшаб бир ўзи тентираб юрар ва уйга кечқурун кеч соатларда қайтарди. Кўп ўтмай ичкиликка ҳам ўрганди. Қўшнилари ичиб келганда ота-онасини уришини, уйдаги стол-стулни отиб синдиришини айтишар эди.

***

Анвар жуда ҳаракатчан, тиниб-тинчимас бола эди. Унинг мактабдан тўғридан-тўғри уйига қайтганини кўрганлар йўқ деса ҳам бўлади. Мактабдан чиқар-чиқмас маҳалладаги ўртоқлари билан топишиб, маҳалланинг бўш майдонида тўп ўйнарди. Уйга кеч келганда ҳар доимгидай отасидан калтак ерди. Калтак ейишга ўрганиб қолгани учун бунга кўп парво қилмасди. Ҳар сафар отасига мактабдан чиқар-чиқмас тўғри уйга келишига ваъда берар, бироқ эртаси куни берган ваъдасини унутиб, яна ўйинга берилиб кетарди. Анварда зўр бошқарувчилик қобилияти бор эди. Синфдошлари ва маҳалладаги ўртоқларини атрофига тўплаб, ўйин қурар, ким қайси вазифани бажаришини белгилар, ўйин қонун-қоидасини у ишлаб чиқар эди. Қоидаларга риоя қилмаган болани ўйиндан чиқариб юборар, ҳеч ким унинг қарорига эътироз билдира олмасди.

Анвар улғайган сари отаси калтагининг дозаси ҳам ортиб борарди. Отаси эски кўча безориларидан бўлганини эшитганимда болага раҳмим келиб кетди. Ўз даврида бутун туман аҳолиси ундан юрак олдирган экан. Ҳеч ким у билан тортишишни, жанжаллашишни хоҳламас, арзимаган бир келишмовчилик чиқса, бир мушт билан рақибини мағлуб этган экан.

Бир куни мактабдан чиқишда Анвар ва ўртоқлари йиғилдилар ва қўшни маҳалладаги болаларга ҳужум қилишга келишдилар. Кўча-кўйдан тош териб, чўнтакларини тўлдирдилар. Қўшни маҳалла болалари ҳеч нарсадан хабарсиз тўп ўйнаётган эдилар. Анвар одинда, жамоаси орқада ўйин майдони атрофида муносиб жойларга жойлашишди. Анвар жарангдор овозининг борича бақирди: “Ҳой мишиқилар! Агар ўғил бола бўлсанглар, биз билан урушасизлар”. Қарши тарафдан жавоб келмасдан дастлабки тошини отди. Қўшни маҳалла болалари ўзларини мудофаа қилиш учун ўйинни ташлаб, тош тўплашга тушиб кетдилар. Кўп ўтмасдан зўр тош отиш жангги бошланди. Болалар бир тарафдан тош отсалар, иккинчи тарафдан ўзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишарди. Шу аснода қарши тарафдан Ҳусан деган бола отган катта тош учиб келиб Анварнинг пешонасига тегди. Пешонаси ёрилиб, қонай бошлади.

Болалар нима қилишларини билмай довдираб қолишди. Ҳусан Анварнинг ёнига югуриб келиб: “Кечирасан, тош бошингга тегади, деб ўйламагандим. Ўзинг биласан, жанжални биз бошлаганимиз йўқ. Илтимос, даданга айтма, бўлмасам, мени дабдала қилади”, деди. Ҳусан ҳақли эди, жанжални улар бошламаганди. Устига-устак, кечирим сўради, ялиниб-ёлворди. Анвар: “Бўпти, дадамга айтмайман”, деди. Шундан кейингина Ҳусан хотиржам нафас олди.

Анвар уйига борганда пешонасидаги яра кўринмасин дея тўғри ўзининг хонасига кириб кетди. Отаси орқасидан кирди. Пешонасидаги ярасини кўриб, қаттиқ жаҳли чиқди. “Сен бировдан калтак едингми?” дея бақирди. Анвар қўрққанидан титрай бошлади. “Ҳеч кимдан калтак емадим, йўлда келаётганимда қоқилиб йиқилдим”, деди. “Йиқилдим де! Ҳам калтак е, ҳам ёлғон гапир!” деди ғазабнок ҳолда. “Мен сенга калтаклашни ўргатдим, калтак ейишни эмас. Калтак ейиш қандай бўлишини мана мендан кўр!” деди ва уни калтаклашга тушди. Бола яхшигина таёқ еганидан сўнг, ота такрор сўради: “Қани гапир, кимдан калтак единг?” Анвар яна калтак ейишдан қўрқиб, бўлган воқеани айтиб берди. Отаси: “Сенга тош отиб, бошингни ёрган, мендан ҳам калтак ейишинга сабаб бўлган ўша боладан энг қисқа вақтда қасос оласан. Йўқса, мендан кўрадиганингни кўрасан!” деди.

Анвар ўзи табиатан уришқоқ бола эди. Ҳусанни деб отасидан калтак еганини ўйлаб, унга тишини қайрай бошлади. Отасининг тезлаши билан ўзига-ўзи қасос олишга ваъда берди. Пайтни пойлаб, Ҳусанни бир чеккада ушлаб олиб, қўлидаги таёқ билан уни алами чиққунча урди. Бечора Ҳусан бир ҳафта ўрнидан туролмай ётиб қолди. Ҳамма бу ишни Анвар қилганини биларди, фақат кўзи билан кўрмагани учун биронтаси гапиришга журъат қилолмади.

Анвар жаҳли чиққанда дарров муштини кўрсатиб, “Нима демоқчисан, калтак егинг келиб қолдими?!” деб таҳдид қиларди. Атрофидан эски ўртоқлари ҳам тарқалиб кетишди. Анварнинг ўқиши ҳам ёмон эди. Шу сабабли мактабдан нафратланарди. Жаҳли чиққанда ўқитувчига ҳам бўйни йўғонлик қилишдан таб тортмасди. Кўпинча гўё мактабга кетаётгандай уйдан чиқар, попкасини ва галстугини ечиб, бир жойга беркитар ва қаерлардадир дайдиб, кечга томон уйга мактабдан қайтгандай кириб борарди. Охир-оқибат синфдан синфга қолди, ахлоқи бузуқлигидан мактабдан ҳам ҳайдалди. Отаси ҳам безори бола бўлганидан бир замонлар мактабдан ҳайдалганди. Шунинг учун у ҳам мактабни ва ўқитувчиларни ёқтирмасди. “Хафа бўлма, ақлимни таниганимдан бери ўқимишли одамларни ёқтирмайман. Кечгача креслосида ўтиради, ой охирида эса бирон иш қилмаса ҳам чўнтагини тўлдириб ойлик олишади. Бир этикдўз косиб, мактаб директоридан яхшироқ. Нимага, биласанми? Чунки у оёқ кийим ишлаб чиқаряпти”, дея ўғлига тасалли берди ўзича.

Дадасидан калтак ейишни кутган Анвар унинг бу гапларини эшитиб кўнгли ёришиб кетди. “Дада, – деди Анвар, мени бир этикдўзга шогирдликка беринг, оёқ кийим тикишни ўрганаман ва пул ишлайман”. Ота ўғлининг истагини бажо қилди. Уни таниш бир этикдўзга шогирдликка берди. Бироқ Анвар кўчама-кўча дайдиб юришга одатланган бўлганидан биринчи кунданоқ ичи сиқилди. Ҳожатга бориш баҳонаси билан дўкондан ташқарига чиқди ва қайтиб келмади. Эртаси куни уста отасига ҳолатни айтди. “Бу бола одам бўлмайди”, деди. Ота устадан бундай оғир гапларни эшитиб, жаҳли чиқди, аммо билдирмади. “Мен унга ишдан ўзбошимчалик билан кетиб қолиш нималигини кўрсатиб қўяман”, деди.

Уйга борса, бошига нималар келишини яхши билган Анвар ўша куни кўчада тунади. Отаси уни бекорга кутди. У отаси уйда бўлмаган вақтлар уйга келиб, қорнини тўйдирар, кейин яна чиқиб кетарди. Онаси ўғлининг бу ҳолатига қаттиқ қайғурар, бирон ишнинг бошини тут, деб ёлворарди. Фақат бу ёлворишлар Анварнинг бир қулоғидан кириб, наригисидан чиқиб кетарди. У куни келиб уйдан пул ўғирлашни бошлади. Пул тополмаган пайтлари уйдаги қимматбаҳо нарсаларни ўғирлар ва сотиб пул қиларди. Отаси уни бир неча бор ушлаб олди ва ҳолдан тойиб, ғазаби босилгунча дўппослади. Бироқ бефойда…

Анвар катта бўлгач, ёмон, бетамиз ўртоқлар орттирди. Қимор, ичкилик, ўғирлик, босқинчилик билан шуғулланди, хуллас, қилмаган иши қолмади. Умрининг аксар вақтини маҳкамаларда, қамоқларда ўтказди. Отаси ҳар сафар ўғлини қутқариш учун адвокат ёлларди, фақат натижа ўзгармасди. Биридан қутулиб, бошқасига тутиларди. Отаси бундай ёмон оқибатни тушуна олмас, битта-ю битта арзандасини қамоқларда умри хазон бўлишига рози бўлолмасди. Ўз қўллари билан ўғлини шу аҳволга солганини билмайдиган даражада нодон эди. Охири фарзанд доғига чидай олмасдан тўшакка михланди ва кўп ўтмасдан вафот этди.

Анвар отасининг ўлганини қамоқдалигида эшитди. Хафа бўлай деса, хафа бўлолмасди. Йиғламоқчи бўлди, бироқ йиғлай олмади. Қамоқдан чиқар-чиқмас дастлабки қилган иши отасидан қолган уйни сотиш бўлди. Онаси ҳар қанча ялинмасин, фойда бермади. Бечора хотин бунга лойиқ бўлмаса ҳам уйсиз қолиб, тиланчи ҳолига тушди. Маҳалладаги хотинлар уни кўришганда болаларига уни кўрсатиб, унинг бу аҳволга қандай тушганини айтиб берар, Аллоҳ ҳеч кимга бундай бадбахт фарзанд бермасин, деб дуо қилардилар.

Изоҳ қолдиринг