Эй иймон келтирганлар (55): Исломга кириб саодат топишлари учун кофир қавмга қарши жанг қилишнинг вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, Ислом диёрига яқин бўлган кофирлар билан урушинг. Кофирлар сизларда қаттиқлик ва шиддатни кўрсин. Шуни билингки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” (Тавба, 123).

Шарҳ:

Бу илоҳий нидода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари яқинлашганига ишора бор. Чунки Аллоҳ таоло Расулини жиҳод қилишга буюрар эди, у зотга эргашган мўминлар эса набийлари билан бирга бўлар эдилар. Масалан: “Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг, уларга нисбатан қаттиққўл бўлинг” (Тавба, 73). Буйруқ пайғамбарга қаратилган ва табиийки асҳоблар у зот билан бирга жиҳодга чиқардилар. Аммо бу нидода Аллоҳ буйруқни мўминларга қаратди: “Эй иймон келтирган кишилар, урушни Ислом диёрига энг яқин бўлган кофирлардан бошланг. Кофирлар сизларда қаттиқлик ва шиддатни кўрсин. Билингки, албатта Аллоҳ таоло Ўз ёрдами билан тақводорлар билан биргадир”.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак умрлари охирлаб қолганида Арабистон ярим ороли ширкдан тозаланиб, Ислом диёрига айланди. Шунда Аллоҳ таоло мўминларни пайғамбарларидан кейин ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳодни давом эттиришга амр этди ва бу борада қандай йўл тутишга йўллаб қўйди. Энг аввал даъват ва жиҳодни ўз диёрларига яқин бўлган кофир диёрлардан, яъни Арабистонга қўшни бўлган Урдун, Шом ва Ироқ каби ўлкалардан бошлашга амр этди. Ўзларига қўшни бўлган диёр яқинида қўшин жойлаштириб, ўша диёрдагиларни уч ишдан бирига чақирадилар: Биринчиси: Раҳмат, адолат, поклик, софлик, иззат ва каромат дини Исломни қабул қилишга даъват этадилар. Агар бундан бош тортсалар, иккинчи ишни – мусулмонлар ҳимоясига киришни таклиф қиладилар. Буни қабул қилсалар, мусулмонлар уларнинг диёрларига кириб, шариат ҳукмларини татбиқ этадилар ва уларни жизя тўлашлари муқобилига ўз ҳимояларига оладилар. Жизя солиғи ҳаммадан эмас, фақат эркаклардан олинади, қариялар, болалар ва аёллардан олинмайди. Ислом динининг бу раҳматини, нурини, адолат ва софлигини кўрган ўша диёрдаги кишилар, мажбурланмаган, зўрланмаган ҳолда, ўз хоҳиши ва ихтиёри билан Исломни қабул қилади. Шунда ҳам қабул қилмаса, унда учинчи ишга ўтилади: кофирлар билан то улар тор-мор этилиб, Ислом лашкарлари куч билан уларнинг диёрига киргунига қадар жанг қилинади. Ерлари Ислом ва мусулмонлар мулкига айланади, хазиналарига мусулмонлар эгалик қилади, ўша диёрлар мусулмонлар давлати ичига киради. Сўнг унга қўшни диёр яқинига қўшин тортиб бориб, худди биринчи диёрга қилинган ишларни амалга оширадилар. То дин Аллоҳга холис бўлмагунича ва ер юзида мусулмон бўлмаган одам қолмагунича шу ҳол давом этади. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, урушни Ислом диёрига энг яқин бўлган кофирлардан бошланг”.

Кофирлар сизларда қаттиқлик ва шиддатни кўрсин”. Яъни кофирлар сизлардан қўрқиб, ҳайиқиб туришлари, мағлуб бўлиб, оёқлари қалтираб, олдингизда тиз чўкишлари учун уларга куч-қувватингиз ва қатъиятингизни кўрсатиб қўйинг.

Шуни билингки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”. Яъни Аллоҳ уларга ёрдам бериши ва куч-қувват ато этиши билан биргадир. Тақводор бандалар ширк ва маъсиятлардан сақланган, ғалаба пайтида ҳам, мағлубият пайтида ҳам илоҳий суннатлардан чиқмаган кишилардир.

Дарҳақиқат, саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Аллоҳнинг амрига буйсунишни амалий тарзда кўрсатиб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг Арабистон ярим ороли теварагидаги Исломдан қайтган муртадларга қарши жанглар тугаши биланоқ Расулуллоҳнинг халифаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу хочга қуллик қилувчи Рум давлатига ва оловга сиғинувчи Форс давлатига қарши Ислом лашкарларини сафарбар этди. Кейинги халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳам жиҳод ишини давом эттириб, шарқу ғарб салтанатларини қўлга киритди. Кисронинг тахтини синдиргани учун Умар разияллоҳу анҳудан интиқом олган мажусий Абу Луълуа мўминлар амирини Расулуллоҳнинг меҳробларида шаҳид қилгач, халифалик Усмон разияллоҳу анҳуга ўтди. Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Аллоҳнинг: “Эй иймон келтирганлар, урушни Ислом диёрига энг яқин бўлган кофирлардан бошланг” буйруғини амалга ошириб, жиҳод ва жангларни давом этдирди. Ислом ерлари шарқу ғарбга кенгайиб, кўпгина мамлакатлар Ислом динига кирди. Шу зайл уч аср мобайнида жиҳод ва футуҳотлар давом этиб, Ислом диёрининг ҳудуди шарқу ғарбга кенгайиб борди. Бу уч аср ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтган эдилар: “Сизларнинг яхшиларингиз менинг асримда яшаганлар, сўнг кейинги асрдагилар, сўнг ундан кейинги асрдагилардир” (Бухорий (2651), Муслим (2535) ривояти).

Бу уч олтин аср ўтиши билан мажус, яҳуд ва насоролардан иборат уч душман Ислом умматига турли макр-ҳийлалар ишлатиб, мусулмонлар сафини бўлишга, орага ихтилоф солиш, лашкарни тарқоқ ҳолга келтириш, ўлкаларни парчалаш ва одамларни пароканда қилишга астойдил интилди ва бир нав мақсадига эришди ҳам. Фатҳ қилинган ерларни аста-секин қайтариб олди. Бир пайтлар кенг бўлган Ислом ерлари торайди. Тараққиёт ва ривожланиш тўхтади.

Бугунга келиб, башарият урчиб кетган иллатлар, касалликлар, зулм ва ёмонликлардан халос этиши учун Ислом динига кўз тикиб турибди. Шояд меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло мўминларни тавба қилишга муваффақ этса, тавбаларини қабул қилса ва яна уларнинг гап-сўзлари бир жойдан чиқиб, давлати бир бўлиб, зиммаларидаги вазифаларини бажаришга киришсалар, исломий давлатларга қўшни бўлган диёрлaр аҳлини даъват қилсалар, ерларини фатҳ этиб, Исломга киришларига сабабчи бўлсалар… Шунда Аллоҳ таолонинг Расули тилидан айтган ваъдаси тамомига етар эди: “Аллоҳ бу ишни (яъни Ислом динини) албатта охирига етказади. Ҳатто шаҳар, қишлоқ, чўл-даштда бирон уй қолмай, азизни азизлаб, хорни хорлаб Ислом кириб боради” (Аҳмад, Табароний ва Ҳоким ривояти). Яъни Ислом етмаган жой қолмайди. Исломни қабул қилган киши азизланади, қабул этмаса хор бўлади.

Сўзимиз сўнгида бу оят ўз ичига олган маълумотларни санаб ўтамиз:

  • Токи ер юзида ширк қолмагунича, мўминга зулм қилиш тўхтамагунича ва дин Аллоҳга холис бўлмагунича Ислом умматига жиҳоднинг вожиблиги ва давом этиши.

  • “Яқинлар яхшиликка энг ҳақлидирлар” қоидасига кўра, жиҳодни мусулмонлар диёрига энг яқин кофирлардан бошлаш лозимлиги.

  • Аллоҳ таолонинг тақводорларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлашга бўлган ваъдаси то қиёмат боқийдир.

  • Ислом бутун дунёга ёйилмагунга қадар мусулмонлар диёрига энг яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилиш вазифаси бажарилмас экан, умматнинг бари осий бўлади. Бу осийликдан фақат узр эгаларигина мустасно бўлиб, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида бунинг баёни келган: “Кўзи ожиз, чўлоқ ё касал бўлган узрли кишилар жиҳод ва шу каби ўзлари адо этишга қодир бўлмаётган фарз ишларни тарк қилишларида улар учун бирон гуноҳ йўқдир” (Нур, 61). Булар ичига хотинлар, болалар ва мажнунлар ҳам киради. Ҳар ким “бор борича, йўқ ҳолича” деганидек ҳаракат қилади. Аллоҳ хато ва камчиликларимизни афв этсин. Зеро У кечирувчи, карами кенг Зотдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг