Пайғамбаримизнинг кун тартиби (10)

0

Қубо масжидига боришлари

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар шанба куни Қубо масжидига борар ва унда намоз ўқиб келар эдилар. У зот келганларида Қубо аҳолиси бўлмиш Бани Авф ибн Ҳорис қавми масжидга келиб, у зотга салом берар эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда турган бўлсалар, қўллари билан ишора қилиб қўяр эдилар[1].

Қубога борсалар, у ерда Умму Ҳаром бинти Милҳоннинг уйида бироз ухлаб дам олар эдилар. Умму Ҳаром Умму Сулаймнинг синглиси ва Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳунинг хотини бўлиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳрам бўлади[2].

Бир куни унинг уйига кирганларида у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга егулик келтирди, у зотнинг сочларини тараб парваришлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаб қолдилар. Сўнг кулиб уйғондилар. Умму Ҳаром: “Нега кулдингиз, ё Расулуллоҳ?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тушимда умматимдан бир гуруҳ кишиларни кўрдим. Улар Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқибдилар. Денгизда кемаларга миниб, подшоҳлар каби тахтларда ўтирган эмишлар”, дедилар. Умму Ҳаром: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени ўшалардан қилсин”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар. Сўнг яна бошларини ёстиққа қўйиб, уйқуга кетдилар. Кейин яна кулиб уйғондилар. Умму Ҳаром: “Нимага кулаяпсиз, ё Расулуллоҳ?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан яна бир гуруҳ кишиларни кўрдим. Улар Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқибдилар”, деб аввалги гапларини такрорладилар. Умму Ҳаром: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени ўшалардан қилсин”, деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сиз аввалгилардансиз”, дедилар. Кейинчалик Умму Ҳаром разияллоҳу анҳо Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳу халифалиги даврида мужоҳидлар билан бирга кемага миниб, ғазотга чиқди. Денгиздан қуруқликка чиққанларида туядан йиқилиб, вафот этди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган ҳодиса юз бериб, у ўша ерда шаҳид бўлди[3].

[1] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (5860, 23886), “Саҳиҳ Бухорий” 91191, 1193), “Саҳиҳ Муслим” (1399).

[2] Манба олдин ўтди.

[3] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (13520), “Саҳиҳ Бухорий” (2788, 7001), “Саҳиҳ Муслим” (91912).

Изоҳ қолдиринг