Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Давматул-жандал фатҳи

0

Холид ибн Валид Айнут-тамрга Увайм ибн Коҳил Асламийни амир этиб қолдириб, ўзи қўшин билан йўлга чиқди. Унинг келаётганидан хабар топган Давматул-жандал халқи ўз иттифоқдошлари Баҳро, Калб, Ғассон ва Танух қабилаларини мададга чақирдилар. Давматул-жандалда ҳокимият икки кишининг – Укайдир ибн Абдулмалик ва Жудий ибн Рабеанинг қўлида эди. Улар Холидга қарши урушиш масаласида баҳслашиб қолишди. Укайдир: “Мен Холидни ҳаммангиздан кўра яхши биламан. Ундан кўра омадлироқ ва урушларда қўли баланд келувчироқ одамни билмайман. У билан ким тўқнашса, хоҳ озчилик, хоҳ кўпчилик бўлсин, албатта енгилади. Менинг сўзимга қулоқ солинглар ва Холид билан сулҳга келишинглар”, деди. Бошқалар унинг сўзини қабул қилишмагач, у: “Мен Холидга қарши урушга қўшилмайман, сизлар билганингизни қилинглар”, деди[1].

Бу Холидга душманнинг берган гувоҳлиги эди. Аслида, душман фойдасига берилган гувоҳлик энг тўғри гувоҳлик бўлади. Ҳатто душманлар ҳам Холиднинг баҳодирлигига тан беришар эди. Дарҳақиқат, Укайдир Холидни яхши танир эди. Илгарироқ Холид уни асирга тушириб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига олиб келган эди. Бу воқеа Табук ғазотидан кейин содир бўлганди. Ўшанда Укайдир Табукда мусулмонларга қарши румликларга хайрихоҳлик кўрсатган эди. Табукдан қайтганларидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валидни 420 кишилик қўшин билан Укайдирнинг адабини бериб қўйиш учун юборган эдилар. Холид уни асирга тушириб, бир қанча ўлжалар билан келганди. Ўшанда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Укайдирнинг жизя тўлаб туриш ҳақидаги илтимосига рози бўлиб, унинг қонидан ўтган ва ҳеч қачон мусулмонларга қарши қурол кўтармасликка сўз бергач, у билан битим тузган эдилар[2]. Аммо Укайдир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг аҳдини бузиб, жизя тўлашдан бош тортди ва насроний арабларига қўшилиб, Иёз ибн Ғанм бошчилигидаги мусулмонлар қўшинига қарши урушда қатнашди. Холиднинг келаётганини билгач, ўзининг хиёнати кечирилмаслигига кўзи етди ва қочиб қутулиш ниятида қавмидан ажралиб, Ироққа йўл олди. Холид унинг хабарини Давматул-жандал йўлида эшитди ва Осим ибн Амрни уни тутиб келиш учун юборди. Осим уни қўлга тушириб келди. Холид уни ўлимга ҳукм қилди. Қилган хиёнатлари ва аҳдни бузиши сабабли Аллоҳ таоло уни ана шундай жазолади. У ҳар қанча эҳтиёткорлик қилмасин, қадаридан қочиб қутулолмади[3].

Холид ибн Валид Давматул-жандалга келиб тушди. Бир томондан Холиднинг қўшини, иккинчи томондан Иёз ибн Ғанмнинг қўшини душманни омбурдек қисиб кела бошлади. Жудий ибн Рабеа бошчилигидаги қўшин Холид қўшини билан, Ибн Ҳадражон ва Ибн Айҳам бошчилигидаги қўшин эса Иёз қўшини билан тўқнашди. Бу урушда Холид Жудийни мағлубиятга учратди. Иёз ҳам Ибн Ҳадражон устидан қийинчилик билан ғалабага эришди. Душманнинг аскарлари чекиниб, қалъага кириб яширинмоқчи бўлдилар, бироқ қалъа одам билан лиқ тўлганидан унинг дарвозасини танбалаб олдилар ва кўпчилик ташқарида қолиб кетди. Холид қалъа дарвозасини бузиб, ичкарига бостириб кирди ва қаршилик кўрсатганларни қиличдан ўтказди.

Давматул-жандал мусулмонлар учун ўта муҳим стратегик ўринга айланди. Чунки у учта йўлнинг кесишган жойи эди. Жанубдан Арабистон яриморолига, шимоли-шарқдан Ироққа, шимоли-ғарбдан Шомга улашарди. Қўшинлари Ироқда жанг олиб бораётган ва Шом остоналарига яқинлашиб қолган халифа Абу Бакр Сиддиқнинг бу шаҳар фатҳига ўзгача аҳамият кўрсатгани бежиз эмас эди. Иёз ибн Ғанмнинг катта қийинчиликни бўйнига олиб, бу шаҳарни қўлга киритишга ҳаракат қилиши ва то Холиднинг қўшини етиб келгунига қадар сабр-бардош билан қамални давом эттириши сабаби ҳам шу эди. Агар Давматул-жандал олинмаса, мусулмонларнинг Ироқдаги юришлари муваффақиятли давом этиши қийин кечар эди.

Шундай қилиб, Холид Иёзга Давматул-жандал фатҳида жуда катта ёрдам кўрсатди. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг Ироқ жанубида олиб борган урушлари унинг ўта тез ҳужум қилиш, фурсатни ғанимат билиш ва душманлар қалбига қўрқув солиш каби қирраларига ёрқин мисол бўлган бўлса, Иёз разияллоҳу анҳунинг ҳар томондан ҳужум уюштириб турган душман қаршисида шунча узоқ муддат сабот билан туриши мусулмонларнинг сабр-матонатларига, умидсизликка тушмасликларига ва охир-оқибат Аллоҳнинг нусрати албатта келишига аниқ ишонишларига очиқ далил бўлади.

Иёз разияллоҳу анҳу энг афзал муҳожирлардан ва Қурайш пешволаридан эди. Мард ва олийжаноб инсон эди. Халифалар ва волийлар унга юксак ишонч билдиришар эди. Қўмондон сифатида Шом ва Ироқ ўртасидаги деярли барча минтақаларнинг фатҳида иштирок этди. Абу Убайда разияллоҳу анҳу вафоти олдидан уни ўз ўрнига Шомга волий қилиб қолдирган, халифа Умар разияллоҳу анҳу ҳам унинг бу қарорини қўллаб-қувватлаган эди[4].

[1]  «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/355. «Тарих ат-Табарий», 4/195.
[2] Ибн Ҳишом, «Ас-сийра ан-набавийя», 2/527.
[3] «Ат-тарих ал-исломий», 9/163.
[4] «Ат-тарих ал-исломий», 9/164.

Изоҳ қолдиринг