Фарзанд тарбиясидаги хатолар (6): Болаларни бировларни кўролмайдиган қилиш йўллари

0

Фарзандларингиз олдида моддий аҳволи сиздан яхши бўлган қўшниларингизни ва қариндошларингизни ёмон хислатларини айтиб қораланг. Бойларнинг ва мансабдор шахсларнинг ношаръий йўллар билан шу мақомга эришишганини, ўғирлаб-ўмармасдан ҳеч ким бой бўлолмаслигини, таниш-билиши йўқларнинг лавозимларга кўтарила олмаслигини, давлат ходимларининг пора олмасдан бирон иш қилмаслигини айтинг. Бу орада мактаб раҳбарияти ва ўқитувчиларни ҳам қоралашни унутманг.

Баднафс кимсалар таърифланар экан “Қўшнининг товуғи кўзига ғоз кўринар”, деган ота-боболаримиз. Гулой деган бир хотин бўларди. Қўшнисининг товуғи унинг кўзига ғоз эмас, фил бўлиб кўринарди. Эрининг иши яхши, ўтирган уйлари ўзлариники эди. Филиз деган шириндан-ширин бир қизлари бор эди. Қисқаси, бу оиланинг бахтсиз бўлишларига бирон сабаб йўқ эди. Бироқ Гулой хонимни бир кун бўлсин шукр қилганини биров кўрган эмас. Унинг фикрича, эри фақир бир косиб, уйлари ҳам шаҳар ташқарисида жойлашган қишлоқ уйидир. Бу очкўз хотин кун бўйи ўтириб нимага бой хотинлар сингари тақинчоқлар тақиб ясан-тусан қилолмаслигига, юрт кезиб кўнгил очолмаслигига алами келарди.

Чойга келган хотинларга қандай насл-насабли, обрўли оиладан чиққанини, қанча-қанча бойваччалар ва мансабдор шахслар унга совчи бўлганини, бирортасини ёқтирмаганини айтиб берарди. Кейин чуқур хўрсиниб, “Оҳ сингилжон, келиб-келиб бир косибга хотин бўлишимни ким билибди дейсиз! Қасам ичаман, тушумда кўрсам ҳам ишонмасдим. Тақдир экан, нима ҳам қила олардим”, дер эди. Қўшни хотинлар унинг ёлғон гапираётганини билишар, лекин ичган чойлари ва еган ширинликларининг ҳаққи-ҳурмати ўзларини ишонганга солиб ўтиришарди.

Гулой қўшниларидан яхши бир хабар эшитганда ҳасаддан ёрилай дерди. Қўшнининг уйда ўтириб қолган қизининг бахти очилса, қариндошларидан бири уйларига янги мебел олса, қизи Филизнинг бирон синфдоши мактабда ундан юқори баҳо олса, ичи куйганидан эрталабгача кўзига уйқу келмасди. Ўзи ухламагани етмагандай, бечора эрига ҳам уйқу бермасди. Эшитган хабарларини унга айтар, ўзича ҳар хил изоҳлар берар, нақадар бахтсиз ва омадсиз эканларидан шикоят қилиб, эрининг бошини оғритарди.

Ҳар куни бирон нарса олиш баҳонасида дўконга борар, атрофда юз берган янгиликларни ўргангандан сўнг, ё битта гугурт, ё битта нон олиб уйга қайтарди. Бир куни яна дўконга борган, дўконда ишлайдиган йигитдан қўшни хотинлардан бирига катта миқдорда мерос қолганини эшитганди. “Яхши бўлди-да опа, қари хотин ҳеч бўлмасам умрининг охирги йилларини роҳат-фароғатда кечирсин”, деди йигит. Гулой ичи куйганидан оладиган нарсасини ҳам унутди. Ичида “Қари хотин-а, шу қисматга қара!”, деди ва орқасига ҳам қарамасдан дўкондан ташқарига отилиб чиқди. Ўйлаб, уфлаб, бидиллаб ўзига ачинганича уйига келди. Уйга кирар-кирмас қизини ёнига чақирди. “Эшитдингми қизим, анави қариган, бир оёғи гўрда бўлган қўшнимиз пўкон Ҳайрия борку? Ўша катта мерос олганмиш. Эҳ, у қандай жодугар эканини билмайсан-да! Энди димоғи кўтарилиб, унинг ёнига яқинлашиб бўлмайди. Худо билади, қарз сўраб қолмасин дея салом ҳам бермаса керак. Зотан, бу дунёда омад фақат ёмонларга кулади. Мана кўрасан, эртадан қолмайди, устига ипак кўйлаклар, қўлига олтин билакузуклар тақиб, бозорда гердайиб юради. Отасидан қолган эски уйини сотиб, бойлар маҳалласидан бир қаср сотиб олса, ажабланмайман. Кейинчалик бойлик кўрганларни биламан, қаердан чиққанларини унутади, ҳаммага юқоридан қарайдилар. Кўнглинг хотиржам бўлсин, бунга ўхшаганлар очликдан ўлсанг ҳам сенга қотган нон ҳам беришмайди. Сени қашшоқ ҳолингда қолдириб, ўзлари маишат ичида яшайдилар”. Филизнинг онаси охирги жумлани шундай ачинарли бир оҳангда гапирдики, бечора қиз ўзини ростдан ҳам оч қолгандай ҳис қилди. Қалбида бойларга нисбатан кин сақлашни бошлади.

Аллоҳ берган неъматлар қадрини билмаган бу очкўз хотин, атрофдан эшитган хабарларга кифояланмай, газеталарнинг миш-миш гаплар саҳифасидан бойлар ва мансабдорларга оид хабарларни топиб, белгилаб қўяр ва қизига ўқиб берар, орқасидан қўшимча қиларди: “Мана кўриб турибсан суюкли қизим. Пул, мансаб ва шуҳрат одамларни қандай ўзгартиряпти. Ундайлардан нафратланмасликнинг иложи йўқ. Бари қуриб кетсин!”.

Ҳасад, ичи қоралик ва кўролмаслик шундай ёмон хулқки, инсонни руҳий томондан касал қилади. Онасидан Филизга юққан ҳасад, ичи қоралик ва кўролмаслик иллати бечора қизни баджаҳл, қовоғи осиқ, мудом ҳаётидан нолийдиган қиз қилганди. Ўша чиройли юзли ширин қизча, 18 ёшига кирганда қовоғи осиқ, бадгумон, турқи совуқ бир қизга айланганди. Биров унга совчи қўймади. Кўрганлар унга ачинарди. Уни бир-бирларига кўрсатиб: “Бечора қиз! Очкўз, нонкўр ва ҳасадгўй бир онанинг ёмон тарбияси сабабли бу ҳолга келди”, дейишарди.

***

Бошқаларнинг мусибатидан завқланадиган Одина деган бир хотинни танирдим. “Инсон бошқаларнинг мусибатидан ҳам завқланадими?” деб ўйлагандирсиз. Ҳар ишда Аллоҳнинг ҳикмати бор. Ким билсин, балки ибрат олишимиз учун ўшандай одамларни яратгандир. Таъбир жоиз бўлса, бу хотин гўё бошқаларнинг мусибат хабарлари билан озиқланадиган жонивор эди. Шумхабар эшитмаган куни гўё озуқасиз қолгандай ҳолсизланар, қўли ишга бормас эди.

Хизматкорига қаттиқ тайинларди, ундан эшитган ҳар бир мусибат хабарларини кечиктирмай етказишини талаб қиларди. Маҳалланинг ғийбатчи хотинлари ҳам бу борада ўз вазифаларини аъло даражада бажарар, эшитганлари оилавий жанжаллар, ажрашишлар, тижорати касод бўлганлар ва ўлим хабарларини Одинахонимга етказишарди. Одинахонимнинг ахборот тармоғи бу қадар кенг бўлишига қарамай, бир ҳафтадан бери ҳеч қандай фалокат хабари олмаган эди.

“Бугун ҳам ҳеч қандай хабар йўқ, тарс ёрилиб кетиш ҳеч гап эмас”, деб турганида хизматкор хотин шошиб кириб келди: “Эгачим, эшитдингизми?!” Одинахонимнинг севинчдан боши осмонга етди. “Қани гапирсангчи, ичимни қиздирма, нималарни эшитдинг, айтақол”, деди.

Хизматкор хотин гап бошлади:

– Анави ўзига бино қўйган, ҳаммани оёқ учида кўрсатадиган бойвачча тул холангиз борку…

– Хўш, нима бўлибди?

– Бандалик…

– Йўғе! Ўлибдими? Аллоҳим, Ўзинга шукр. Менга бу кунларни ҳам кўрсатдинг, энди кўзларим очиқ кетмайман.

Одинахоним хурсандчилигидан жойида туролмасди, сал қолса учаёзганди. Шодлигини бошқаларга ҳам улашиши керак эди. Унга ўз қизидан ҳам яқинроқ ким бўлиши мумкинки? Дарҳол қизини чақирди: “Малика, бу ёққа кел қизим! Айтадиган гапларимни яхшилаб эшит, қулоғингга «сирға» қилиб тақиб ол. Ўзига бино қўйган, ҳаммани оёқ учида кўрсатадиган бадавлат бир тул хотиннинг охири қандай бўлганини кўр. Мен шундай бўлишини отимни билгандай билардим”.

Одинахоним ушбу муқаддимадан кейин асосий гапга ўтди: “Анави менинг қовоғи осиқ, эрини ёш пайтида гўрга тиққан қизғанчиқ холам борку, ўша ўлганмиш. Қанчалар севиндим, тасаввур ҳам қилолмайсан! Дунё яна битта қурумсоқдан қутулди. Ё Аллоҳ, Ер юзида унга ўхшаб ўзини кўз-кўз қилишни хуш кўрадиган риёкор бўлмаса керак?! Камбағам бечораларга тўрт-беш сўм садақа қиларкан қандай ғурурланар, бечораларга қандай тепадан назар солар эди-я! Қасрлар, машиналар, хизматкорлар… Сандиқ-сандиқ қимматбаҳо кийим-кечаклар… Кимга қолди, а? Бир марта бўлса ҳам эшигимизни тақиллатиб, “Бирон эҳтиёжингиз борми?” демади. Охири нима бўлди? Нариги дунёга ўзи билан нимани олиб кетолди? Ана шунақа, тупроғи мўл бўлсин”.

Кичик Малика онасидан бадавлат, топарман-тутарман кишилар ҳақида ёмон гаплар эшита-эшита ундайлардан нафратлана бошлади. Катта бўлган сари бойлар ҳақида эшитган мусибат хабарларига онасига қўшилиб хурсанд бўладиган бўлди. Ҳар шумхабардан кейин она ва қиз шундай дер эдилар: “Аллоҳнинг адолатидан ҳеч ким қочиб қутула олмас!”

***

Бир куни Одинахоним хизматкорни сабзавот дўконига жўнатар экан, қаттиқ тайинлади: “Бориш-келишда қулоқларинг динг бўлсин. Бирон хабар эшитсанг, яхшилаб сўраб-суриштир”. Бир-бирига мос тушган инсонлар таърифланар экан, “Қозон думалаб қопқоғини топибди”, “Кўр кўрни қоронғуда топибди”, дейилади-ку, бу хизматкор хотин ҳам хожасига мос ғийбатчи, гап ташийдиган хотин эди. Биринчи вазифаси хожасига шум хабарларни етказиш бўлган бу хизматкор хотин дўкондан қайтишда жуда хафа кўринарди. Одинахоним янги мусибат хабарини эшитиш умиди билан сўрай бошлади:

– Қани гапир, банк мудири Закий ўлибдими?

Хизматчи бошини эгганича:

– Йўқ – деди.

“Мусибатхўр” хотин эшитмоқчи бўлган хабарининг завқини суришни истар эди:

– Тўхта-тўхта, мен яна бир тахмин қилай, – деди. Дўкончи Салимнинг ёталоқ хотини ўлган, топдимми?

Хизматкор йиғламсираган товушда:

– Йўқ эгачим… Қандай айтишимни билмаяпман.

Одинахонимнинг қизиқиши янада ортди:

– Сал қолса йиғлаворасан шекилли. Онангнинг ўлганига йиллар бўлди. Отанг ўлса, онам тул қолди, дея севинасан. Қани гапир, портлаб кетаман ҳозир. Ким ўлган бўлса ҳам, адолат қарор топибди. Нимага хафа бўласан?

Хизматкор хотин “мусибатхўр” хотиннинг юзига ачиниб қаради. Одинахонимнинг ичига ўт тушди. Ортиқ сўрашга журъат қилолмасди. Лаблари титрай бошлади:

– Қизим… Қизимга бир нарса бўлдими?

– Йўқ-йўқ, қизингизга эмас, аммо…

– Унда эримга бир нарса бўлди. Гапир, эримга нима бўлди?!

Одинахонимнинг эри ойна ўрнатувчи уста эди. Баланд бир бинонинг юқори қаватида деразаларга ойна ўрнатаётганда мувозанатини йўқотиб, тепадан йиқилган, боши бетонга урилиб, ўша жойнинг ўзида жон берганди. Хизматкор хотин дудуқланиб унинг ўлим хабарини айтди. Одинахоним бу аччиқ хабарга дош беролмай остонада ҳушидан кетди.

Эри ўлгандан кейин бу “мусибатхўр” хотинга ҳеч ким мусибат хабари олиб келмайдиган бўлди. Бир ойдан сўнг хизматкор хотин ололмаган ойлиги эвазига уйдан бир нечта қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетди. Одинахоним мусибатларига севинган инсонларнинг ҳолига тушди. Қизи билан бирга ёлғиз ва қашшоқ бир ҳаёт кечирди. Маҳалланинг ғийбатчи хотинлари бундан ибрат олиш ўрнига, “Адолат қарор топди”, дейишарди…

Изоҳ қолдиринг