Солиҳ фарзанд ёки ким кўр?

0

Бебош ва бекорчи эдим. Нафс хоҳиши, ўйин-кулги ва ўзимга ўхшаш улфатлардан бошқа ҳеч нарса мени қизиқтирмасди. Одамларнинг устидан кулишни, мазах қилишни яхши кўрардим. Бу одатларни Аллоҳ менга биринчи фарзандимни ато этган кунгача қўймадим. Ўша куни ҳам дўстларим билан кўчада эдим. Дайдиб юрибмиз. Тўсатдан кўчада пайпасланиб келаётган кўр кишига кўзим тушди. Бир оёғи калта эканми, чўлоқланиб қадам ташларди. Дўстларимга: “Ҳозир бир иш қиламан, қотиб куласиз”, дедим-да, оёғимни кўр кишининг йўлига қўйиб турдим. У оёғимга қоқилиб йиқилди. Роса кулдик. Ерда йиқилиб ётган ҳалиги кўр, чўлоқ кишини ҳар эслаганимизда кулгидан ўзимизни тўхтатолмасдик.

Одатдагидек, уйга тонгга яқин қайтдим. Аёлимни қаттиқ тўлғоқ тутаётган экан. Ҳомиладорлигининг охирги ойи эди. Зудлик билан туғуруқхонага олиб бордим. Бироздан кейин хабар чиқди – ўғил фарзанд туғилгани, аммо уни кўришдан аввал дўхтирга учрашим зарурлигини айтишди. Эвоҳ, не қулоқ билан эшитай, не кўз билан кўрайки, бола… кўр ва чўлоқ экан. Шу заҳоти кечагина оёғидан чалиб йиқитганим кўр ва чўлоқ кишининг сурати кўз олдимга келди. Ўзимга ўзим: “Бу ўшанинг жазоси”, дедим.

Боладан воз кечмадим, аммо унга муҳаббат ҳам қўймадим. Аниқроғи, уни яхши кўрмасдим. Онаси унга “Салим” деб исм қўйди. Кетидан Аллоҳ бизга яна икки гўзал фарзанд – Холид ва Умарни ато этди. Йиллар ўтди, аммо мен ҳамон ўша-ўша, бетавфиқлигимча юрар эдим. Аёлим бу қилмишларимга сабр қиларди, мени ёмон улфатлардан узоқ бўлишга чақирар, доим менга ҳидоят сўраб, Аллоҳга дуо-илтижолар қилар эди. Аёлим Аллоҳ унга тақдир этган ёмон эрга ҳамда кўр ва чўлоқ ўғилга рози мўмина эди.

Ниҳоят, мен зулматдан нурга чиққан кун келди. Ўша куни жума эди. Салим ўн ёшга тўлган эди. Соат ўн бирларда уйғониб, одатдагидек, улфатларим ёнига кетишга ҳозирлана бошладим. Қулоғимга ташқаридан йиғи товуши чалинди. Хонамдан чиқиб қарасам, Салим кўча эшик олдида туриб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган экан. “Эй Салим, нега йиғлаяпсан?” деб сўрадим. Овозимни эшитиб, йиғидан тўхтади ва йўлни пайпаслаб хонасига кириб кетди. Биламан, у мени яхши кўрмайди. Ўзиям туғилганидан бери уни эркаламаганман, ўйнатмаганман, ҳатто гаплашмаганман ҳам. Лекин унинг нима учун йиғлаётганини билгим келди ва хонасига кириб: “Салим, сенга нима бўлди? Ёрдам керакми?” дедим. У тараддудланиб: ‘Укам Холидни тополмаяпман”, деди. “Онанг бирон юмуш билан дўконга чиқаргандир”, дедим. “Ҳа, лекин кеч қоляпти-да”, деди. “Ўзи у нимага керак бўлиб қолди сенга?” деб сўраган эдим, Салим: “Жума намози вақти яқинлашиб қолди, биринчи сафга ўтиришим учун мени масжидга эртароқ олиб боришга ваъда берувди”, деди. Шунда бошимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Ўзимга айтдим: “Шу ҳолида биринчи сафга интиляпти. Мен бўлсам… Эҳ!.. Аллоҳга қасамки, уни ўзим олиб бораман!”.

“Биласанми, бу жума масжидга сени ким олиб боради?” дедим унга. “Ҳа, Холид олиб боради, лекин у кечикяпти”, деди у. Шунда мен: “Йўқ, эй Салим! Бу гал сен билан бирга мен бораман”, дедим. У: “Мени масхара қилманг! Ахир, сиз…” деди-да, яна йиғлай бошлади. Мен унга: “Эй Салим, мен рост айтяпман. Ҳозир таҳорат қилиб олай, масжидга бирга борамиз”, дедим.

Бир амаллаб таҳорат қилдим, сўнг Салимнинг қўлидан ушлаб, ота-бола иккаламиз масжидга йўл олдик. Етиб борганимизда масжиднинг ичию таши намозхонлар билан тўлиб бўлган экан. Лекин, субҳоналлоҳ, Салимга биринчи сафдан жой топилди. Уни ўша ерга ўтқизиб, ўзим орқа сафдан ўрин эгалладим.

Намоз бошланди. Мен эса тафаккур уммонига чўмган эдим… Ўз ҳолимга йиғлай бошладим. Энди ўзгариб, ўзимни тузатишни қатъий ният қилдим.

Намоз тугагач, Салимга: “Кетдик энди, уйга қайтамиз”, дедим. У: “Аввал Каҳф сурасини ўқиб олай, илтимос, Қуръон олиб беринг”, деди. Унинг бу сўзидан ажабландим, лекин дилини оғритиб қўймай деб, индамай унга Қуръон олиб узатдим. “Каҳф сурасини очиб беринг”, деди. Қуръонни очиб, Каҳф сурасини топиб, унга узатдим. Аммо қандай ўқир экан, ахир кўр-ку, деган савол мени ажаблантирар эди. Салим Қуръонни қўлига олиб, ўқий бошлади. Воажаб, у Каҳф сурасини ёдлаб олган экан! Ўзим ҳам завқланиб кетдим. Қўлимга Қуръон олиб, секин ўқишга тутиндим. Охирги марта қачон Қуръон ўқиганимни ҳам эслай олмайман. Бирдан ичимдан йиғи бостириб келди. Кўзларимдан дув-дув оқаётган ёшларни тўхтатишга қодир эмасдим. Шу пайт жажжигина иссиқ бир қўл кўзёшларимни оҳиста артаётганини сездим. Кўзимни очиб қарасам… Салим. Мен йиғлаётганимга у ҳам йиғлаб, қўлчалари билан юзимни силаётган эди. Шунда ҳаётимда биринчи бор уни бағримга босдим. Умримда биринчи бор фарзанд муҳаббатини ҳис қилдим. Салим билан уйга қайтганимда гўё бутунлай бошқа инсонга айланган эдим. Онаси ҳам Салим билан бирга жумага борганимни билиб ҳайратда қолди. Менга ҳидоят сўраб қилган дуоларини Аллоҳ таоло ижобат қилганини англаб, Аллоҳга ҳамду санолар айтди.

Шу кундан бошлаб ёмон улфатлардан воз кечдим, масжидда янги дўстлар билан танишдим. Шу зайлда орадан икки йил ўтди. Бир куни янги дўстларим билан сафарга кетиб, уч ойча уйда бўлмадим. Аммо ора-орада уйдагиларга сим қоқиб, боғланиб турдим. Уларнинг ҳар бири билан гаплашиш имкони бўлди-ю, лекин нимагадир Салим билан ҳеч гаплашолмадим. Ҳар сафар қўнғироқ қилганимда ё мадрасада, ё масжидда эди, дейишарди. Ҳаммаларини, айниқса Салимни жуда ҳам соғинганимни, уни кўришга муштоқ эканимни айтиб, аёлимга Салимга салом деб қўй десам, кулиб, иншааллоҳ, деб қўярди. Кўнғироқларимнинг бирида бир ҳафтадан кейин уйга қайтишим хабарини бериб, одатдагидек, саломимни Салимга етказиб қўй, дедим. Аёлим жим туриб қолди, сўнг синиқ овозда, иншааллоҳ, деди. Уйга қайтар эканман, қанийди эшикни тақиллатганимда Салим очсаю уни бағримга боссам, деб орзу қилиб келдим. Лекин эшикни аёлим очди. Келганимни эшитиб, Холид билан Умар югуриб келиб, кўришишди. Негадир Салим кўринмасди. “Салим қани?” деб сўрасам, индашмади. Иккинчи бор: “Салим қаерда?” деган эдим, аёлим билан Холид ерга қарадилар, кичик ўғлим Умар: “Дадажон! Билмайсизми, Салим акам Аллоҳнинг ҳузурига, жаннатга кетдилар”, деди. Мени чақмоқ ургандек бўлди. Салимдан айрилиб қолибман… Ўзимни тўхтатолмай йиғлардим. Қандай ҳам йиғламай, ахир мен уни яхши кўрардим. Қандай ҳам яхши кўрмай, ахир Аллоҳ уни менинг ҳидоятимга сабабчи қилган эди. Болалик чоғида ундан узоқда ўтказган вақтларимга надоматлар чекдим. Болалик эркаликларидан уни маҳрум қилганимга минг афсус чекиб, маҳзун бўлдим. Гўдаклигида мен уни яхши кўрмас эдим, чунки у кўр эди. Лекин энди мен шуни аниқ биламанки, у эмас, мен ҳақиқий кўр бўлган эканман. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур. Яна уни чўлоқ бўлгани учун ҳам яхши кўрмас эдим. Лекин энди шуни аниқ биламанки, аслида чўлоқ мен бўлган эканман. Унинг оёғининг чўлоқлиги ҳақ йўлда юришга тўсиқ бўлолмаган эди, аммо мен соғлом бўлатуриб, шайтоннинг йўлида юрган эканман. Аллоҳга қасам, энди мен уни яхши кўраман, уни асло унутмайман! Ўла-ўлгунимча уни унутмайман, ҳаққига дуо қиламан ва яхши кўравераман. Яхши кўрмай бўладими?! Ахир Аллоҳ менинг ҳидоятимга уни сабабчи қилди.

Парвардигоро, ўғлим Салимни мағфират қил. Унга раҳматингни ёғдир ва кенг жаннатингдан жой бер, эй оламлар Рабби! Омин!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг