Эй иймон келтирганлар (56): Намоз, закот, жиҳод, Исломни маҳкам тутиш ва Аллоҳга боғланиш ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, руку ва сажда қилинг, Раббингизга ибодат қилинг, яхшиликлар қилинг, шояд нажот топсангиз. Аллоҳ йўлида холис жиҳод қилинг. У сизларни дин юкини кўтаришга танлади ва бу динда сизларга торлик ва оғирлик қилмади. Бу отангиз Иброҳимнинг динидир. Пайғамбар сизлар устингизда гувоҳ бўлиши ва сизлар ҳам бошқа умматлар устида гувоҳ бўлишингиз учун Аллоҳ олдин нозил қилинган китобларда ҳам, Қуръонда ҳам сизларни мусулмон деб номлади. Шундай экан, намозни тўкис адо қилинг, закотни ўтанг ва Аллоҳга боғланинг. У сизнинг ҳожангиздир. Аллоҳ нақадар яхши дўст ва нақадар яхши ёрдамчидир” (Ҳаж, 77-78).

Шарҳ:

Ақидага тегишли асосий масалалар – Аллоҳнинг бирлиги, пайғамбарнинг ҳақлиги, қиёмат куни ва у кунда ҳисоб-китоб бўлиши ҳақидаги масалаларни уқтирганидан сўнг Аллоҳ таоло мўмин бандаларига улардаги комил руҳий ҳаёт ва ирода қувватига далолат қилувчи иймон сифатлари билан нидо қилди:

Эй иймон келтирганлар”. Яъни Аллоҳни Раб ва илоҳ деб иймон келтирган, зотан Ундан ўзга ҳақ раб ва илоҳ йўқ, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва Аллоҳнинг элчиси деб инонган, охират куни Аллоҳга рўбарў бўлиш, Унинг мукофот ва жазоси муҳаққақ эканига ишонган мўминлар!

Руку ва саждалар қилинг”. Яъни ёлғиз Парвардигорингизга бош эгинг, Унгагина итоат қилинг, амрларига бўйсунинг, қайтариқларидан тийилинг. “Яхшилик қилинг”. Яхшилик деганда Аллоҳ таоло тарғиб қилган турли хил эзгу ишлар, тоат-ибодатларни бажариш назарда тутилади. Яхшилик қилиш билан киши нажот топади ва бахт-саодатга эришади. Дўзахдан қутулиш ва жаннатга кириш ҳақиқий бахт-саодат ва нажотдир. “Шояд нажот топсангиз” сўзи шунга далолат қилади.

Оятда Аллоҳ таоло намоз рукнлари ичидан руку ва саждани алоҳида зикр қилдики, бунинг сабаби руку ва сажда намознинг энг юксак, шарафли қисмидир ва бу иккиси билан банданинг Парвардигорига бўйсуниши, Унга бўлган хорлиги янада аниқроқ кўринади.

Аллоҳ таоло иккинчи оятни: “Аллоҳ йўлида холис жиҳод қилинг” сўзлари билан бошлаб, бандаларни буюк ишга буюрди. Биринчи оятдаги буйруқнинг таъсири бадандан кўра кўпроқ руҳ софлиги ва поклигига қаратилган бўлса, бу буйруқ руҳ ва баданга баб-баробар катта таъсирга эгадир. Бу буюк иш Аллоҳ ва мусулмонларнинг душмани бўлмиш кофир, мушрик ва мунофиқларга қарши жиҳод қилишдир. Табиийки, бу иш мол ва жонни сарфлашни талаб қилади.

Шайтонга қарши жиҳод ҳам шу қаторда бўлиб, шайтон алайҳи лаъна тинмай ёмонни яхши, яхшини эса ёмон кўрсатади, нопокликка чорлайди, покликдан тўсади, охир-оқибат бандани тубанлик, фасод ва ёмонлик чоҳига қулатади. Шунинг учун ҳам шайтонга қарши жиҳод қилиш энг муҳим ишлардандир.

Жиҳод маъноси ичига ёмонликка ундовчи нафсга қарши жиҳод қилиш ҳам киради. Банда нафсини енгиб, унинг устидан ғолиб бўлгунича, нафси покланиб, хотиржам-сокин нафсга айлангунича, ибодат қилиб роҳат топадиган даражага чиққунича нафсга қарши курашиши лозим.

Аллоҳ йўлида холис жиҳод қилинг”. Холис жиҳод – Аллоҳ йўлида ҳам жисмоний, ҳам ақлий куч-қувватни сарфлаш, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бутун борлиғини, жонию молини бериш билан бўлади. Инсон бор куч ва имкониятини Аллоҳнинг дўстларига ёрдам беришга сарфлаши, уларга ёмонликка ундовчи нафсларига қарши, ботилни чиройли қилиб кўрсатувчи шайтонга қарши, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинишини ва мўминларнинг қудратли бўлишини асло хоҳламайдиган кофир ва фожир душманларига қарши ёрдам бериши лозим.

Аллоҳ сизларни бу дин юкини кўтаришга танлади ва динда сизга бирон торлик ва оғирлик қилмади”. Модомики, инсоннинг тоқати чекланган экан, меҳрибон Аллоҳ мўмин бандаларини тоқатлари етмайдиган ишларга буюрмади. Уларга ўта қийин, бажариш ва устидан чиқиш имконсиз бўлган ишларни юкламади, балки уларни шарафли вазифа учун – бутун инсониятга Аллоҳнинг даъватини етказиш учун танлади.

Бу динда сизга бирон торлик ва оғирлик қилмади”, деган сўзларига бир қанча ишларни далил ўлароқ келтирсак бўлади.

Шулардан бири – тавба эшигини очиб қўйгани. Гуноҳ қилиб қўйган банда қилган ишига пушаймон бўлиб, истиғфор айтса, Аллоҳ тавбасини рад этмай қабул қилади. Яна касал ё мусофирга рўза тутмасликка рухсат бергани; касал киши намозни тик туриб ўқишга қодир бўлмаса, ўтириб ё ётиб ўқишига рухсат бергани; оммавий сафарбарликда бетоб кишига, кўзи ожиз кишига ва чўлоқ кишига жиҳодга чиқмасликка бўлган рухсат; сув топа олмаганда ёки сув ишлатишдан ожиз бўлганда ғусл ва таҳорат ўрнига таяммум қилиб намоз ўқишга бўлган рухсат ва ҳоказо динда ҳараж йўқлигига булардан бошқа мисоллар бисёрдир.

Бу отангиз Иброҳимнинг динидир”. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини оталари Иброҳим алайҳиссалом динини маҳкам тутишга ундади. Иброҳим алайҳиссалом араблашган араблар отаси Исмоил алайҳиссаломнинг отасидир. Исмоил алайҳиссалом зурриётидан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келганлар. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ана шу зотлар динини маҳкам тутиш, ибодатни ёлғиз Аллоҳ азза ва жаллага қилиш, ширк ва бидъатларни тарк қилишга амр этди. Оталарингиз дини бўлмиш Исломни маҳкам тутинг, ундан чиқиб кетманг, уни тарк этманг ё бошқа динга алмаштирманг, чунки Ислом дини иззат ва шарафингиз асоси, дунё ва охиратдаги саодатингиз пойдеворидир.

Аллоҳ таоло илгариги китобларда ҳам, Қуръони каримда ҳам мўмин бандаларини улар учун шарафли ном билан номлаганини зикр қилиб: “Аллоҳ бундан олдин нозил қилинган китобларда ҳам, бу Қуръонда ҳам сизларни мусулмон деб номлади”, деди. Мўминларнинг қадри ва обрў-эътиборини кўтарадиган бундай ном билан номлашининг боиси эса: “Пайғамбар сизлар устингизда гувоҳ бўлиши учун ва сизлар ҳам бошқа умматлар устида гувоҳ бўлишингиз учундир”. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ичингизда энг биринчи мусулмон бўлган зот, Ислом ва унинг аҳлини яхши билади. Шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни гувоҳликка тортса, у устингизда гувоҳ бўлади, сизларни гувоҳ қилиб келтирса, сиз бошқа одамлар устида гувоҳ бўласиз. Ким чин иймон келтирган ва ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлса унга ҳам, ким иймон келтирмай Аллоҳдан бошқага ибодат қилиб, ширк келтирган, кофир бўлган, йўлдан адашиб кетган бўлса унга ҳам гувоҳ бўласиз.

Ушбу нидо намозни буюрилганидек мукаммал адо этишга буюриш билан охирига етади: “Шундай экан, намозни тўла-тўкис адо қилинг”.

Намоз тўла-тўкис бўлиши учун қуйидаги ишлар бажарилиши керак:

  • Поклик. Агар кичик тахоратсизлик бўлса таҳорат қилиш, жунуб бўлса ғусл қилиш билан покланиш, бадан, кийим ва намоз ўқийдиган жойни сийдик, ахлат, қон каби нажосатлардан поклаш.

  • Намозни ўз вақтида ўқиш. Вақтидан олдин ҳам ўқимаслик, вақтини ўтказиб ҳам юбормаслик. Фақат касаллик ё мусофирлик бундан мустаснодир.

  • Жамоат билан ўқиш. Зарурат ҳоллардан бошқа пайт ёлғиз эмас, мусулмонлар жамоатида ўқиш.

  • Намознинг барча рукнларини жойига келтириш. Ҳар ракатда Фотиҳа сурасини ўқиш, рукуда ва рукудан бош кўтарганда, саждада ва икки сажда оралиғида ўтирганда хотиржамликка риоя қилиш. Қиём, руку, рукудан бош кўтариб тик туриш, сажда, охирги ташаҳҳудда ўтириш ва салом бериш – булар намознинг рукнларидир.

  • Намознинг суннат ва одобларига эътибор бериш, шунда намозхон қалб поклигига эришишга муваффақ бўлади.

Намозни тўла-тўкис адо қилишнинг маъноси шудир.

Закотни ўтанг ва Аллоҳга боғланинг”. Намозни мукаммал адо этинг, закотни ўтанг ва Аллоҳга боғланинг, яъни Ислом динини бутун қонунлари, ҳукмлари, одоб ва ахлоқлари билан маҳкам тутинг.

Аллоҳга боғланинг, зеро: “У сизнинг хожангиздир. Аллоҳ нақадар яхши дўст, нақадар яхши ёрдамчидир”. Шундай зот яхши кўрилиш, улуғланиш ва итоат этилишга лойиқдир. Хожангиз Аллоҳни яхши кўрсангиз, Уни улуғласангиз, Унга итоат қилсангиз, Аллоҳ сиз учун нақадар яхши дўст ва нақадар яхши ёрдамчи бўлур.

Эслатиб ўтиш керакки, ушбу нидони ва унда келган оятларни ўқиган ўқувчи таҳоратли бўлса “шояд шунда нажот топсангиз” оятидан сўнг сажда қилади, саждадан бош кўтаргач яна тиловатида давом этиб, қолган оятларни ўқиб тугатади. Чунки бу оят айрим уламолар сўзига кўра Қуръонда келган сажда оятларидан биридир.

Бироқ уламолар бу оятнинг сажда ояти экани борасида Аъроф, Раъд, Марям, Ҳаж, Фурқон, Намл, Сажда, Фуссилат, Нажм, Иншиқоқ ва Алақ сураларидаги сажда оятларига ижмо қилганларидек иттифоқ қилмаганлар. Сод сурасидаги сажда оятида ҳам ихтилоф бор.

Омонат юзасидан айтиб қўйдим. Аллоҳ барчамизни яхшиликка муваффақ қилсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг