Пайғамбаримизнинг кун тартиби (11)

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешиндан кейинги ҳолатлари

Қуёш тиккадан оғгач Билол разияллоҳу анҳу пешинга азон айтар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаётган бўлсалар уйғонар ва муаззин айтаётган азон калималарини такрорлар эдилар[1]. Сўнг таҳоратга ҳожат бўлса таҳорат олар эдилар[2], кейин уйларида тўрт ракаат суннат ўқир эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу вақтда осмон эшиклари очилади. Шунинг учун бу вақтда солиҳ амал қилишни ёқтираман”, деганлар[3].

Сўнг пешин фарзига иқомат айтилишини кутиб уйларида ўтирар эдилар. Гоҳо бу пайтда невараларини – Фотиманинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнни ёки Зайнабнинг қизи Умомани ўйнатиб ўтирар эдилар. Билол келиб, намозга чақиргач, масжидга чиқиб кетар эдилар.

Баъзан намозга чиқа туриб қайсидир хотинларини ўпиб қўяр эдилар. Масжидга кирганларидан кейин Билол намозга иқомат айтар ва саҳобалар у зотни кўриб, намозга туришар эди[4].

Гоҳида кутилмаганда Ҳасан ё Ҳусайнни ёки Умомани кўтариб масжидга келар эдилар.

Баъзан болани ерга қўйиб намоз ўқирдилар, бола ёнларида турарди.

Бир куни Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб масжидга келдилар. Олдинга ўтиб, болани ерга қўйдилар. Намозга иқомат айтилгач намозни бошладилар. Намозда одатдагидан анча узун сажда қилдилар. Шаддод ибн Ҳод разияллоҳу анҳу бирон кор-ҳол бўлдими деган гумонда бошини кўтариб қараса, бола Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларига миниб олган, у зот эса саждада қимирлай турган эканлар. Намоз ўқиб бўлингач, одамлар: “Ё Расулуллоҳ, узун сажда қилдингиз. Биз бирон иш содир бўлдимикан ёки сизга ваҳий нозил қилиндимикан, деб ўйладик”, дейишди. У зот: “Униси ҳам, буниси ҳам бўлмади. Ўғлим мени миниб олди, то ўзи тушмагунича уни безовта қилишни хоҳламадим”, дедилар[5].

Гоҳида болани елкаларига кўтарган ҳолда намоз ўқир эдилар. Руку қилсалар, елкаларидан ерга туширар эдилар. Рукудан турсалар, яна кўтариб олар эдилар. Неваралари Умомани шундай қилган эдилар[6].

Пешин намозини аввалги вақтида ўқир эдилар. Олдинги икки ракаатида чамаси ўттиз оят ўқир эдилар[7].

Гоҳида ундан ҳам узунроқ ўқир эдилар. Узун ўқиганларидан бирон киши намозга иқомат айтилганда Бақеъга бориб, ҳожатини ўтаб, уйига қайтиб, таҳорат олиб, биринчи ракаатга улгурар эди[8].

Пешин намозида қироатни махфий қилар эдилар. Қироат қилганларини соқолларининг қимирлашидан билишар эди. Гоҳида қироатларидан бир-икки оят паст овозда эшитилиб қолар эди[9].

Намоздан кейин саҳобаларга юзланиб ўтирар эдилар. Бирор муҳим иш содир бўлган бўлса, пешиндан кейин одамларга хутба қилиб, ўша иш ҳақида гапирар эдилар. Чунки пешинда жамоат бошқа намозлардан кўпроқ йиғиларди. Одамлар кундузги уйқудан уйғониб, тетик ҳолда масжидга келган бўларди. Шу боис айтилган гапни ҳам яхши тушунишарди.

Бир куни Музар қабиласидан вакиллар келганида уларнинг оч-ночорликларини кўриб, пешин намозидан сўнг хутба қилдилар. Хутбада Аллоҳга ҳамду сано айтиб, ушбу оятларни ўқидилар:

Эй одамлар, Раббингиздан қўрқинг. У сизларни битта жондан, яъни Одамдан яратган, ундан жуфти Ҳаввони яратган ва икковларидан ер юзига кўплаб эркагу аёлларни таратган зотдир. Бир-бирларингиздан Унинг номини ўртага қўйиб сўрайдиган Аллоҳдан тақво қилинг ва қариндош-уруғчилик алоқаларини узишдан сақланинг! Аллоҳ сизларни барча ҳолатингизда кузатиб турувчи зотдир” (Нисо, 1).

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинг. Ҳар бир жон қиёмат кунига ҳозирлаб қўйган ишлари ҳақида фикр юритсин. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр, 18).

Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни садақа қилишга тарғиб қилдилар, “Ҳатто яримта хурмо бўлса ҳам садақа қилинглар”, дедилар[10]. Хутбадан сўнг кимдир бир динор, кимдир бир дирҳам, кимдир бир соъ буғдой, кимдир бир соъ хурмо садақа қилди.

Ибн Лутбия разияллоҳу анҳу бир қавмдан закот йиғиб келганда ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиндан кейин хутба қилган эдилар. Ўшанда Ибн Лутбия: “Ё Расулуллоҳ, бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди”, деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозидан сўнг хутба қилдилар. Хутбада Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, кейин бундай дедилар: “Мен сизлардан бир кишини садақа йиғиб келишга масъул қилсам, у келиб: “Бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди”, дейди. Қани, ота-онасининг уйида ўтирсин-чи, унга ҳадя келармикан?! Аллоҳга қасам, сизлардан ким бирон нарсани ноҳақ олса, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига ўша нарсани елкасида кўтариб келади. Огоҳ бўлинглар, қиёмат куни бирингиз туя, мол ё қўй кўтариб келганини кўрмайин”, дедилар. Сўнг қўлларини кўтардилар, баланд кўтарганларидан қўлтиқлари ҳам кўринди. Кейин: “Эй Аллоҳ, етказдимми?” дедилар[11].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни пешинни ўқигач минбарга чиқдилар. Одамларга қиёматни эслатдилар, қиёматдан олдин бир нечта катта ишлар бўлишини хабар бердилар. Сўнг бундай дедилар: “Ким мендан бирон нарса ҳақида сўрамоқчи бўлса, сўрасин. Аллоҳга қасам, модомики шу жойда турар эканман, нима ҳақида сўрасангиз, албатта унинг хабарини айтаман”. Одамлар йиғлай бошладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Сўранглар”, дер эдилар. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, менинг отам ким?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отанг Ҳузофа”, дедилар. У зот: “сўранглар” деб такрор-такрор айтганларидан кейин Умар разияллоҳу анҳу тиз чўкиб: “Аллоҳни Раб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб тан олдик”, деди. Умарнинг бу сўзидан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жим бўлдилар. Сўнг: “Огоҳ бўлинглар, Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган зотга қасам, ҳозир мана шу девор томонда менга жаннат ва дўзах кўрсатилди. Бугунги кундагидай яхшилик ва ёмонликни кўрмаганман. Агар сизлар ҳам мен билган нарсаларни билганларингизда эди, кам кулар ва кўп йиғлар эдингиз”, дедилар. Саҳобалар учун бу кундан оғирроқ кун бўлмаган эди. Улар бошларини ўраб олиб, йиғлай кетдилар[12].

Моиз разияллоҳу анҳу тошбўрон қилинган куни ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозидан сўнг хутба қилган эдилар. Ўшанда: “Қачон Аллоҳ йўлида бир жамоа ғозийларни жўнатсак, бир киши хотинлар ичида қолиб, така эчкига овоз чиқаргандай овоз чиқарадими? Уларга озгина (сут ё бошқа) нарса бериб, зино қиладими?! Аллоҳга қасам, ким шундай қилса, уни жазолайман”, дедилар. Унга истиғфор сўрамадилар ва уни сўкмадилар ҳам[13].

Бу каби хутбаларидан шошилинч ва тасодифий иш содир бўлганда хутба қилиб, унинг ҳукмини баён этиш кераклиги ва уни ўз вақтидан кечиктириш дуруст эмаслиги тушунилади.

Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига қайтиб, пешиннинг икки ракаат суннатини ўқирдилар[14].

Кейин яна саҳобалар олдига чиқардилар[15].

Гоҳида пешиндан кейин асргача масжидда қолиб кетар эдилар. Бир марта Абду Қайс қабиласидан вакиллар келганида пешиндан сўнг то асргача улар билан масжидда суҳбатлашиб ўтирдилар.

Гоҳида бу вақтда, яъни пешиндан сўнг мусулмонларнинг ҳожатларини ўташ билан овора бўлар эдилар. Бир куни Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламга Қубо аҳли бўлмиш Бани Амр ибн Авф ўртасида низо чиқиб, бир-бири билан урушиб кетишгани ва бир-бирларига тош отишгани ҳақида хабар келди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни ўқигандан кейин саҳобаларга: “Мен билан юринглар, ўрталарини тузатиб келамиз”, дедилар. Билол разияллоҳу анҳуга: “Аср намози бўлганида Абу Бакрга айт, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин”, дедилар. Аср вақти бўлгач Билол азон айтди. Намозга иқомат айтишдан олдин  Абу Бакрга бориб: “Эй Абу Бакр, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечикиб қолдилар, намоз вақти бўлди, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берасизми?” деди. Абу Бакр: “Ҳа, майли”, деди. Билол иқомат айтди, Абу Бакр имомликка ўтиб, “Аллоҳу акбар” деб намозни бошлади. Одамлар ҳам намозга қулоқ қоқдилар. Шу орада тўсатдан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафлар орасидан юриб келиб, сафга қўшилдилар. Одамлар чапак чала бошладилар. Абу Бакр намозда ҳеч бурилиб қарамас эди. Одамлар кўп чапак чалганларидан кейин Абу Бакр бурилиб қаради. Қараса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафда турибдилар. Шунда у ўзини орқага олди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жойингда туравер, дегандай ишора қилдилар. Абу Бакр қўлини кўтариб, Аллоҳга ҳамд айтди, сўнг ортга тисарилиб, сафга турди. Шундан кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдинга ўтдилар ва имом бўлиб намозни ўқидилар. Намоздан сўнг одамларга юзланиб: “Эй одамлар, сизларга нима бўлдики, намозда бир ҳол юз берса чапак чаляпсизлар. Чапак аёллар учундир. Кимда ким намозда янглишлик кўрса: “Субҳаналлоҳ” десин. Чунки тасбеҳни эшитган одам қарайди (яъни хушёр бўлиб хатосини тўғрилайди)”, дедилар. Кейин Абу Бакрга: “Эй Абу Бакр, мен ишора қилганимда нега намозни ўқийвермадингиз?” дедилар. Абу Бакр: “Абу Қуҳофанинг ўғли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида имом бўлишга лойиқ эмас”, деди[16].

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги Асвоф деган маҳаллага бордилар. У ерда Саъд ибн Рабиънинг қизларига оталаридан қолган меросларини тақсимладилар. Улар Исломда отадан мерос олган илк аёллар бўлдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерга чошгаҳ вақтида борган эдилар. У зотга нон ва пишган гўшт келтирилди. Таомдан едилар, қавм ҳам бирга тановул қилдилар. Сўнг пешин намозига таҳорат олдилар, қавм ҳам таҳорат қилишди. Кейин пешин намозини уларга имом бўлиб ўқиб бердилар. Намоздан сўнг жойларида ўтириб, мероснинг қолганини ҳам тақсимладилар. Бу орада аср вақти бўлди. Ортиб қолган нон ва гўштни олиб келишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан едилар, қавм ҳам еди. Сўнг у зот қавмга имом бўлиб, аср намозини ўқиб бердилар. Аср намози учун янги таҳорат олмадилар, қавм ҳам таҳорат олмади[17].

[1] Манба аввалроқ зикр қилинди.

[2] Гоҳида таҳорат олмай намозга турар эдилар. У зотдан бунинг сабабини сўрашганда: “Кўзим ухлайди, аммо қалбим уйғоқ туради” деган эдилар.

[3] “Муснад Аҳмад” (23551), “Жомеъ Термизий” (478).

[4] Манба бомдод намози ҳақидаги мавзуда берилган.

[5] Қаранг: “Мусаннаф Ибн Аби Шайба” (32191), “Муснад Аҳмад” (16033, 27647).

[6]Қаранг: «Муснад Аҳмад» (22524, 22579), «Саҳиҳ Бухорий» (516).

[7] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (806, 963), “Муснад Аҳмад” (11802, 14969, 21016).

[8] “Муснад Аҳмад” (11307), “Ал-қироату халфал-имам” (243), “Саҳиҳ Муслим” (454).

[9] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (626), “Муснад Аҳмад” (19418, 21060, 21078, 22654, 27215).

[10] Бомдоддан кейин ўтирган мажлислари ҳақида келган бобда манба зикр қилинган.

[11] Қаранг: “Муснад Шофеий” (452), “Ал-амвол”, Абу Убайд (562), “Муснад Аҳмад” (23598).

[12] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (10531, 12044, 12820), “Саҳиҳ Бухорий” (92, 540, 7089), “Саҳиҳ Муслим” (2359).

[13] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (801), “Муснад Аҳмад” (20803, 20979), “Саҳиҳ Муслим” (1692, 1694).

[14] Манба олдинда берилди.

[15] Асрдан кейин икки ракаат намоз ўқиганлари ҳақида келган бобга мурожаат қилинади.

[16] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (22801, 22816), “Саҳиҳ Бухорий” (1218, 7190), “Саҳиҳ Муслим” (421).

[17] Қаранг: “Ат-Табақот”, Ибн Саъд (3/524), “Муснад Аҳмад” (14798, 15020), “Сунан Абу Довуд” (2891, 2892).

Изоҳ қолдиринг