Фарзанд тарбиясидаги хатолар (7): Болаларни табиат гўзалликларига бефарқ қилиш йўллари

0

Фарзандларингизни табиат қўйнига, истироҳат боғларига ва қир-адирларга олиб чиқманг. Уларни қуёшли ва тоза ҳаво ўрнига бетон уйларда катта қилинг. Уйингизда тувакда гул парвариш қилманг. Фарзандларингизга мушук, балиқ ва қуш каби уй ҳайвонларини боқишларига рухсат берманг. Бу ҳайвонларнинг уйни ифлос қилиши ва микроб ташишини айтиб уларни қўрқитинг. Ҳайвон, гул, ҳашарот ва ўсимликлар билан бекорчилар ёки қишлоқилар шуғулланишини айтинг.

Кичик Ҳусан этикдўзлик билан шуғулланадиган бир кишининг ёлғиз ўғли эди. Улар тор кўчада, қуёш кўрмайдиган, кўримсиз ва кичик бир уйда яшардилар. Отаси ора-сира қир-адирларга борганда ўғли Ҳусанни ҳам олиб борарди. Тўрт девор орасида сиқилиб ўтирган болакай, отаси билан адирга боришини эшитган куни хурсандчилигидан жойида туролмасди.

Адирда айланаркан ранг-баранг гуллар, капалаклар, ҳашоратлар ва қушлар шу қадар эътиборини тортардики, уларга тегингиси, орқасидан югургиси ва ушлагиси келарди. Фақат отаси унинг ўнгу сўлга чопишидан беҳузур бўлар, ундан жимгина ёнида юришини талаб қиларди.

Баҳор кунларидан бирида Ҳусан яна отаси билан адирга айлангани чиқди. Қаршиларидаги дарахтдан бир қушнинг жуда чиройли товуши эшитиларди. Қуш шунчалар чиройли сайраётган эдики, Ҳусан унинг ҳуркиб учиб кетишини хоҳламасди. Ўзида озгина журъат топганида, “Дадажон, илтимос тўхтанг, шу қушнинг сайрашини эшитайлик!” деган бўларди, лекин бунга журъат қилолмади. Ҳусаннинг ақлига бошқа ечим келди, “Дадажон, жуда чарчадим, озгина дам олсак бўладими?” деди. Бу орада сайраётган қушга бошқа бир қуш ҳам қўшилди. Бу қушларнинг навбатма-навбат сайраши қулоққа роса ёқарди. Охири Ҳусан чидолмади: “Дадажон, қушлар жуда чиройли сайраяпти, шундай эмасми?” деди.

Отаси индамади. Ердан бир тошни олиб, қушларнинг товуши келаётган дарахт томонга отди. Тош дарахтнинг шохларига урилиб, ерга тушди. Қушларнинг товуши тинди, улар ҳуркиб учиб кетишганди. “Қушлар билан, ҳашаротлар билан овора бўлиш аҳмоқона иш. Ҳайрон қолдирадиган нимаси бор уларнинг, ҳеч тушунмайман. Ҳаммаси бир-бирига ўхшайди…”, дея минғирлади дадаси. Ҳусан ҳеч нарса демади. Бошини эгиб, кўзларига тўлган ёшларни яширишга ҳаракат қилди.

Отаси олдинда, Ҳусан орқада юришда давом этишди. Бир мунча юргандан кейин, бир чинор дарахтининг ёнида тўхташди. Отаси: “Шу чинор дарахтининг соясида бироз дам олайлик”, деди ва дарахтга суяниб ўтирди. Ҳусан ҳам энди ўтирмоқчи бўлганди ҳамки, ўтлар орасида ўрмалаб юрган катта капалак қуртини кўриб қолди. Қурт бошини кўтариб, салом бераётганга ўхшаб бошини қимирлатиб турарди. Ҳусан бироз олдин отасининг унга жаҳл қилганини унутди. Эгилиб, капалак қуртини қўлига олди. Умуман қўрқмади. Қуртнинг юмшоқ ва момиқ териси бор эди. Қуртнинг митти оёқчалари билан ўрмалаганини кўрганда жуда ҳаяжонланиб кетди, туйғулари жумбушга келди. “Ё Аллоҳ, бунча кўп оёқлари бўлмаса!” деди баланд овозда.

Отаси унинг қўлида қурт турганини кўриб, тепа сочи тикка бўлиб кетди. “Ташла у ифлос нарсани, аҳмоқ бола! Қўлингга тухум қўйса, ўшанда кўрасан”, деди. Ҳусан қўрқув билан қўлидаги қуртни ерга отди. Отаси болани қўрқитишда давом этди: “Ўша ифлос қўлларинг билан овқат есанг, тухумлари қорнингга киради ва қорнингда қуртлар чиқади. Уйга борганда қўлларингни яхшилаб ювишни унутма!”

Кичик Ҳусаннинг қўрқувдан рангги қочди. Титраган овозда отасига ялинди: “Дадажон, юринг, уйга кетайлик!” Тезроқ уйга бориб, қўлларини совунлаб ювишни ўйларди. Ҳусан уйга борганда қўлларини яхшилаб, қайта-қайта ювгани билан кўнгли хотиржам бўлмади. Қўлимда тухумлари қолиб кетган бўлса-я, деган ўйдан ўзини тўхтатолмади. У бутун кечани капалак қурти иштирокидаги қўрқинчли тушлар кўриш билан ўтказди. Қурт тухумлари қорнида қуртга айланиб, оғзидан, бурнидан ва қулоқларидан чиқарди. Бечора бола ўқчиб уйғониб кетар, яна шу тушни кўрмайин дея ухламасликка ҳаракат қиларди. Онаси эрталаб уйғотгани кирганда уни ётоғида ўтирган ҳолда кўрди.

Ўша кундан кейин Ҳусаннинг дадаси билан адирга чиққанини ҳеч ким кўрмади. Тўрт йиллик бошланғич мактабни етти йилда зўрға тамомлади. Ўрта мактабга бормади ҳам. Отаси уни бир машина устасига шогирдликка берди. У уста отасининг майхонадаги улфатларидан эди. Орадан ойлар, йиллар ўтди, Ҳусан катта йигит бўлди. Қир-адирларга фақат ўртоқлари билан маишат қилиш учун борарди. Энди на қушларнинг сайраши, на атрофдаги капалакларнинг учиб ўйнаши ва на янги очилган гуллар эътиборини тортарди. Табиатга бўлган туйғулари батамом ўлиб бўлганди. У ҳам етмагандай, гул тераётган болаларни кўрганда уларнинг устидан кулиб, мазах қиларди.

Изоҳ қолдиринг