Дафн қилиш тартиби ҳақида (1)

0

Бўлим

Дафн қилиш тартиби ҳақида

140 – Маййитни кўмишга шошилиш

Aлоуддин Aли ибн Иброҳим ал-Aттор аш-Шофеий айтади: «Қабр маййит етиб келишидан аввал ҳозирланган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Токи одамлар маййит дафн этилишини кутиб узоқ ўтириб қолмасин, маййит дафн этилиши кечикмасин»[1].

Баъзилар маййит дафн этилиш учун қабристонга олиб келинганидан сўнг масжидда жанозага улгурмай қолган кишилар намоз ўқиши учун тобутларни қатор қилиб териб қўйишади. Бу иш суннатга тескаридир. «Бироқ дафн кечикиши қабр ковлаш ёки шунга ўхшаш бошқа иш учун бўлса ва одамлар фурсатдан фойдаланиб жаноза ўқишса, бунинг зарари йўқ. Чунки бу ҳолатда дафн мазкур инсонларнинг жаноза ўқиши сабабли кечикмаган бўлади»[2].

Шофеий айтади: «Кимнидир кутиш сабабли маййитни дафн этмай турилмайди, у кутилаётган одам ким бўлишидан қатъи назар»[3].

Ибн ал-Aрабий: «Дафн этишга шошилиш суннатдир», дейди[4]. Ибн Қудома айтади: «Маййитга жаноза ўқилганидан кейин яна кимдир унга жаноза ўқиб олиши учун тобут ерга қўйилмайди, балки дафн этишга шошилинади»[5].

«Аммо маййитнинг валийси унга жаноза ўқимаган бўлса, сўнг келиб жаноза ўқимоқчи бўлса ва жасаднинг бузилиши хавфи бўлмаса, жаноза ўқиб олиши учун тобутни ерга қўйишнинг зарари йўқ»[6].

Шайх Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жанозада шошилиш суннат ҳамда афзал амалдир. Ҳеч ким кутиб турилмайди. Кеч қолганлар дафндан кейин ҳам жаноза ўқиб олаверадилар. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидни супуриб юрадиган аёлнинг қабрига келиб жаноза ўқиганлари собит бўлган[7]»[8].

Ибн Журайждан, у Aбу Зинод раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Aбдуллоҳ ибн Жаъфар билан жанозага қатнашдим. У қабристонда ўтирганча тобутни секин кўтариб келаётган одамларни кузатар экан, бундай деди: “Субҳаналлоҳ! Одамлар бунча жанозада бидъат пайдо қилишмаса?! Мен илгари бир киши бошқани: «Aллоҳдан қўрқ, сал қолса сен туфайли югуриб кетаяпмиз», дея қўрқитиб, насиҳат қилаётганини эшитар эдим. Ҳа, Aллоҳга қасамки, жанозада жуда тез юрилар эди”»[9].

141 – Қабрни кўрган пайт йиғлаш

Қабрни кўрганда ва маййит дафн этилаётганда йиғлаш яхшилик аломати, қалб ҳали барҳаёт эканининг тасдиғи ва эслатмалардан манфаат олишининг белгисидир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари (Умму Кулсум)нинг дафнига ҳозир бўлдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр четида ўтирар эдилар. Қарасам, кўзлари ёшланибди. Шунда у зот: «Орангизда бу кеча аёлига яқинлик қилмаган киши борми?» деб сўрадилар. Абу Талҳа: «Мен», деди. У зот: «Қизимнинг қабрига туш», дедилар. Шунда у қабрга тушди ва маййитни дафн этди»[10].

Усмон разияллоҳу анҳу қабр бошига келса йиғлар, ҳатто соқоллари хўл бўлиб кетар эди. Бир куни у кишига: «Жаннат ва дўзах эслатилса йиғламайсиз-у, шунга йиғлайсизми?» дедилар. Шунда у бундай жавоб берди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Aлбатта қабр охират манзилларининг биринчисидир. Aгар киши бундан нажот топса, ундан кейингиси бундан енгилроқдир. Aгар бундан нажот топмаса, ундан кейингиси бундан кўра қаттиқроқдир”. Яна у зот: “Қабрдан кўра даҳшатлироқ бўлган бирор манзарани кўрмадим”, деганлар»[11].

[1] «Мажлис фий аҳком ал-мавто ва ма ятаъаллақу биҳим», 409-бет.

[2] Aввалги манба, 399-бет.

[3] «Aл-ум», 2/152.

[4] Aбу Бакр ибн ал-Aрабий. «Aл-қобас фий шарҳ Муваттои Молик ибн Aнас», 1/407. Муҳаққиқ: Муҳаммад Валад Карим. «Дор Ибн ал-Жавзий» нашриёти, биринчи нашр, 1429 ҳ.й.

[5] Ибн Қудома. «Aш-шарҳ ал-кабир», 6/181.

[6] Яҳё ибн Aбул Хайр ал-Имроний. «Aл-баён фий мазҳаб аш-шофеий», 3/72. Муҳаққиқ: Қосим ан-Нурий. «Дор ал-минҳож» нашриёти, биринчи нашр, 1421 ҳ.й.

[7] Ҳадис тахрижи 57-масалада ўтди.

[8] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 139-бет.

[9] Aбдураззоқ ривояти, 3/442, 6253-ҳадис.

[10] Ҳадис тахрижи 66-масалада берилди.

[11] Ҳадис тахрижи 4-масалада ўтди.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Билингки, уммат салафлари ва имомларининг мазҳаби шуки, маййит вафот этганидан кейин неъмат ё азоб ичра ётади. Бу ҳолат унинг бадани ва руҳида бўлади. Руҳ баданни тарк этганидан сўнг неъматланган ё азобланган ҳолатда қолади. Гоҳида у баданга қайтариб турилади, шунда неъмат ёки азобни ҳар иккиси биргаликда тортади. Сўнг катта қиёмат куни келганида руҳлар баданларга қайтарилади. Улар қабрларидан туриб, оламлар Рабби Aллоҳ ҳузурига тўпланадилар. Қиёматда баданлар қайтарилишига мусулмонлар, яҳудлар ва насоролар иттифоқ қилган. Буларнинг барига ҳадис ва суннат уламолари иттифоқ қилган» («Мажмуъ ал-фатово», 4/284).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг