Дафн ҳолатида ўтириш ва туриш

0

142 – Дафн ҳолатида ўтириш ва туриш

Жанозага эргашувчи киши тобут ерга қўйилмагунча ўтиришдан қайтарилгани аввалроқ айтиб ўтилди.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр бошида асҳоблари даврасида ўтирганлари, қабр ковланиш асносида уларга ваъзу насиҳат қилганлари тўғрисида саҳиҳ ҳадис келган. Aли ибн Aбу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «“Бақеъ ал-ғарқад” қабристонида жанозада эдик. Шу пайт Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва ўтирдилар, биз ҳам у кишининг атрофларида ўтирдик. Қўлларида асо бор эди. Бошларини қуйи солиб, (ўйчан ҳолатда) асолари билан ерга чиздилар. Сўнг бундай дедилар: “Сизлардан ҳар бирингиз учун ва (умуман) ҳар бир тирик жон учун жаннат ёки дўзахдаги жойи, бахтли ёки бадбахт бўлиши (тақдирига) ёзиб қўйилгандир…”»[1].

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ансорлардан бирининг жанозасига чиқдик ва ковланаётган қабр бошига бориб тўхтадик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар, биз ҳам атрофларидан жой олдик. Гўёки бошимизда қуш тургандек (қимирламай) ўтирар эдик. У зотнинг қўлларида бир чўп бор эди, у билан ерга чизар эдилар. Бир пайт бошларини кўтардилар ва: “Aллоҳдан қабр азобидан паноҳ тиланглар”, деб икки ё уч марта қайтардилар…»[2].

Aнас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг жанозасига қатнашдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр бошида ўтирар эдилар. Қарасам, кўзлари ёшланибди…»[3].

Aбу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига то унга жаноза ўқилгунига қадар эргашиб борса, сўнг қабрга қўйилгунича ўтирса, икки қийрот ажр билан қайтади. У иккиси Уҳуд тоғидек келади. Ким маййитга жаноза ўқиб, сўнг қабрга қўйилишидан илгари қайтса, унга бир қийрот ажр бўлади”»[4].

Бошқа бир ривоятда: «Ким тобут ортидан эргашса ва унга жаноза ўқиса, сўнг қайтиб кетса, унга бир қийрот ажр бўлади. Ким тобутга унга жаноза ўқилгунига қадар эргашса, сўнг дафн этиб бўлингунига қадар ўтирса, унга икки қийрот ажр бўлади. Уларнинг ҳар бири Уҳуд тоғидан каттароқдир», дейилган[5].

Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозага эргашсалар, маййит лаҳадга қўйилмагунча ўтирмас эдилар. Яҳудийлар руҳонийси келиб у зотга: “Биз ҳам шундай қиламиз, эй Муҳаммад”, деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар ва: “Аҳли китобларга тескари иш тутинглар”, дедилар»[6].

Aбу Довуд айтади: «Имом Aҳмад ибн Ҳанбал қабр яқинида ўтирганини кўрганман. У киши қабрга яқинлашмас, тупроқ ташламас эди. Одамлар тарқала бошлаганда у ҳам қайтар эди»[7].

Имом Ибн Таймия айтади: «Уламолар жаноза олиб ўтилаётганда ўриндан туриш, уни қабрга қўяётганда атрофида тик туриш борасида ихтилофлашганлар. Бу ишга буюриб келган ҳадислар жуда ҳам кўп. Баъзилар Aли ва Убодадан ривоят қилинган ҳадисларга таяниб, туришга буюрган ҳадисларни ёки маййит учун ўриндан туришни мансух (ҳукми бекор) бўлган дейишади. Аммо жанозада қатнашаётган киши тобут ерга қўйилгунга қадар тик туради, қабрга кўмилгунга қадар эмас, дея мазкур икки ҳолат ўртасини мувофиқлаштириш мумкиндир.

Демак, ё бу ҳадис билан бошқа ҳадислар ўртаси мувофиқлаштирилади, ё бошқа ҳадисларни мансух қилган, дейилади. Дарҳақиқат, аҳли китобларга тескари иш тутиш мансух бўлиш сабабини очиқлаб берди. Буни қабул қилмайдиганлар эса ҳадисни заиф санашади. Бироқ ҳадисни заиф дейиш у билан бошқа ҳадислар мазмунини қувватлаш ва уни аҳли китобларга тескари иш тутиш қоидасига далил қилишга халал бермайди»[8].

Шайх Aбдураҳмон ал-Баррок айтади: «Мазкур ҳадис маййитни қабрга қўйишдан аввал ўтириш жоиз эканини ифодалайди. “Маййит қўйилмагунча ўтирмасин” ҳадиси эса мужмалдир.

Демак, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда ансорлардан бирининг жанозасига чиқдик ва ковланаётган қабр бошига бориб тўхтадик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар, биз ҳам атрофларидан жой олдик»[9] ҳадисига амал қилиб, маййит елкадан туширилганидан сўнг ўтириш тўғри бўлади.

Зеро, ўтириш ҳолати одоб сақлаш, фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда ибрат олиш учун кўпроқ муносиб келади».

[1] Бухорий (1362) ва Муслим (2647) ривояти. Ҳадис лафзи Бухорийники.

[2] Имом Aҳмад ривояти, 18534. Ибн Манда: «Бу ҳадиснинг санади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борадиган, машҳур санаддир», деган («Aл-иймон», 2/962. Муҳаққиқ: Aли ал-Фақиҳий. «Муассасат ар-рисола» нашри, иккинчи нашр, 1406 ҳ.й.)

Имом Ибн Таймия: «Бу собит, ҳасан ҳадис», деган («Мажмуъ ал-фатово», 4/290).

[3] Ҳадис тахрижи 66-масалада ўтди.

[4] Ибн Ҳиббон ривояти, 3080-ҳадис. Шуайб Aрноут «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон»нинг таҳқиқида (7/350) ҳадисни саҳиҳ деган («Муассасат ар-рисола» нашри, иккинчи нашр, 1414 ҳ.й.)

[5] Насоий ривояти, 1999. Aлбоний: «Ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган («Саҳиҳ Сунан ан-Насоий», 1887).

[6] Термизий (1020) ва Ибн Можа (1545) ривояти. Aлбоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да (813) «ҳасан» деган.

[7] «Масоил ал-имом Aҳмад» (Aбу Довуд ривояти), 225-бет, 1064-рақам.

[8] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 1/200-201.

[9] Ҳадис тахрижи масала аввалида ўтди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг