“ТУҒИЛГАН КУНИНГ ЭСДАН ЧИҚСА ЧИҚСИНУ, БИРОҚ НИМА УЧУН ТУҒИЛГАНИНГ ЭСДАН ЧИҚМАСИН!”
Шарқдаги одамнинг Ғарбдаги киши билан бир лаҳзада телефон оқали боғланиши, одамларнинг бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга бирпасда етиб бориши, узоқ вақтда битадиган ишларнинг бир лаҳзада битиши, ақл бовар қилмас ажабтовур янгиликлар, қулайликлар замондошимиз учун оддий ҳоллигини кўп мисоллар билан шу силсиланинг 2-қисмида айтиб ўтилди. Гап «энди муддаога ўтсак ҳам бўлаверади» деган жойда тўхтаган эди.
Ана энди асл муддаога ўтиб айтаманки, инсон кун келиб бир лаҳзада бошқа оламда бўлиб қолади. Ҳа, ҳа, умуман бошқа оламга сафар қилади. Беэхтиёр сафар. Бу ғаройиб сафар қандай тез амалга ошганини пайқамай қолади.
Бир лаҳзада ҳамма нарсадан айрилади.
Бир лаҳзада уй-жой, бола-чақа, дўст-ёр, мол-дунё, от-улов, амал, мансабдан жудо бўлиб, ОХИРАТ оламига кўчиб ўтади.
Ҳозиргина хотини бошида ўтирган эди, ҳозиргина болалари атрофида гирдикапалак эди. «Нима ичасиз, нима ейсиз, кўнглингиз нима тусайди?» деб унинг кўнглига қараб, роса илтифот кўрсатишаётган эди. Чой деса, иссиқ чой, сув деса, муздай сув, шарбат деса, мазали шарбат, овқат дейиши билан тотли танқис таомлар муҳайё эди.
Остида юмшоқ тўшак, бошида пар ёстиқ, устида ипакдай ёпинғич…
Ҳозир эса умуман бошқа оламда. Қабр ичида, лаҳадда ётибди.
Бу ерга қандай келиб қолди?
Ким олиб келди?
Наҳот буларнинг бари бир лаҳза рўй берган бўлса?..
Остида тупроқ, устида тупроқ, бошида тупроқ. Ҳамма ёқ тупроқ, тупроқ, тупроқ…
Бу не кўргилик?!
Бу не ҳол?!
Бояги меҳрибонлар қани?
Бояги илтифотлар қани?!
Онаси, қизалоғим, ўғилжоним, қанисизлар? Мени қаерга ташлаб кетдинглар?..
Жазавага тушманг, улар бошқа оламда қолда, сиз умуман бошқа оламдасиз.
Ҳа, бу бутунлай бошқа олам!
Инсон хоҳ ишонсин, хоҳ ишонмасин, хоҳ иймон келтирсин, хоҳ иймон келтирмасин, у тўрт босқични босиб ўтади. Таъбир жоиз бўлса, тўрт хил оламда бўлиб ўтади.
1-Бачадон. Онанинг қорни.
Бу ерда туриш муддати тўққиз ой. (Бундан озроқ ё кўпроқ ҳам бўлиши мумкин).
2-Ердаги ҳаёти дунё.
Муддати ҳаммага ҳар хил.
3-Барзах. Қабрдага ҳаёт.
Муддати ҳар кимга ҳар хил.
4-ОХИРАТ.
Охирги кун, охирги ҳаёт, охирги босқич. Муддати мангу, абадулабаддур. Охиратда инсонни ё Жаннат ё жаҳаннам кутмоқда.
Инсон дунёга келишдан олдин она қорнида ётгани каби охиратга боришдан олдин қабр қаърида ётади.
Қабрда ором олиб ётиш учун, ОХИРАТДА абадулабад роҳат-фароғатда яшаш учун, Яратган Аллоҳ розилигини топиб, ЖАННАТДА жавлон уруш учун битта нарсани унутмаслик керак.
Ҳа, атиги бир нарса бор, шуни унутмаган инсон икки дунёда ютқизмайди. Икки дунё саодатини топади.
У нарса нималигини сарлавҳада катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилди.
ТУҒИЛГАН КУНИНГ ЭСДАН ЧИҚСА ЧИҚСИН,
БИРОҚ НИМА УЧУН ТУҒИЛГАНИНГ ЭСДАН ЧИҚМАСИН!!!