Эй иймон келтирганлар (57): Шайтонга эргашиш оқибати ва Аллоҳ мўминларни шайтондан сақлаши

0

Эй иймон келтирганлар, шайтоннинг йўлларига юрманглар. Ким шайтоннинг йўлларига юрса, у уни қабиҳ ва ёмон ишларга буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда эди, ҳеч бирингиз қилган гуноҳининг кирлигидан покланмаган бўлар эди. Лекин Аллоҳ Ўз фазли билан истаган бандасини поклайди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир” (Нур, 21).

Шарҳ:

Аллоҳ таоло Ўзига ва қиёмат кунига иймон келтирган, жаннат ва дўзахни тасдиқлаган, Аллоҳнинг фазлу инъомига ошиқ, раҳмату марҳаматидан умидвор мўмин бандаларига нидо қилар экан, уларни жаннатга олиб борадиган, раҳматига ноил қиладиган ишларга буюриб, ғазабига дучор қиладиган ишлардан огоҳ этади.

Ушбу нидода ҳам Раб таоло: “Эй иймон келтирганлар” деб, мўминларни лаънати шайтоннинг йўлларига юришдан қайтарди: “шайтоннинг йўлларига юрманглар”. Чунки шайтон сизга очиқ душмандир. Шундай очиқ душман кетидан қандай юрасиз, жирканч гуноҳларни, ёмон сўз ва ишларни чиройли қилиб кўрсатса эргашиб кетаверасизми?!

Сўнг шайтоннинг йўлига юриш ва унга эргашиб кетишдан қайтариши сабабини баён этиб: “Ким шайтоннинг йўлларига юрса, у уни қабиҳ ва ёмон ишларга буюради”, деди. Шайтоннинг йўлига кирган киши кўп ўтмай ўзи ҳам ёмон ишларга чақирадиган шайтонга айланади. Бу душманнинг фарқига боринг, у билан алоқани узил-кесил узинг. Унинг кетидан юрманг. Шайтон ҳеч қачон яхшиликка бошламайди. Шундай экан, унинг васвасасига учманг, ундан ҳазир бўлинг. Шайтон васваса қилаётганини, яхшиликдан тўсиб, ёмонликка ундаётганини ҳис қилсангиз, унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга илтижо қилинг. Зеро, унинг ёмонлиги ва касофатидан, умуман шайтондан сизга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким нажот бера олмайди. Ким сизга ёмонликни яхши ва яхшиликни ёмон қилиб кўрсатса ёки васваса қилиб, шаҳват кетидан юришга ундаса: “Аъузу биллаҳис-самиъил алийм минаш-шайтонир рожим” (Эшитувчи ва билувчи Аллоҳга илтижо қилиб, малъун шайтондан паноҳ тилайман) деб айтинг. Бу зикрни қалбингиздан васваса кетгунича айтаверинг.

Бу айтганларимиз шайтоннинг йўлига юришдан қайтариқ ва унинг йўлида юрган кишининг ҳоли ҳақида эди. Аллоҳ барчамизни шайтоннинг шарридан сақласин.

Бу нидо ўз ичига олган яна бир мавзу – Аллоҳ таоло мўмин бандаларига раҳм қилиб, уларни шайтондан сақлаганлигидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло деди: “Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда эди, ҳеч бирингиз қилган гуноҳининг кирлигидан покланмаган бўлар эди”. Эй иймонида содиқ мўминлар, агар сизга Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида ва шайтонни сиздан даф қилмаганида эди, заифлигингиз боис ва табиатингизда азалий душманингиз шайтони лаинга қулоқ солишга мойиллик борлиги туфайли биронтангиз ҳам гуноҳ-маъсиятлар кирлигидан ўзингизни пок тутолмаган бўлар эдингиз. Демак, Аллоҳ сақлаб, кўпчиликни ўз домига тортган гуноҳу маъсиятлардан нажот топган мўминлар гуноҳга ботган биродарлари ҳаққига дуо қилишлари лозим. Уларни ҳадеб маломатлаб, таъна қилавермаслик керак. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида улар ҳам ўша биродарлари каби маъсиятлар ботқоғига тушиб қолардилар. Шундай экан, уларни шайтондан сақлаган, биродарлари тушиб қолган ботқоқдан қутқарган Аллоҳга ҳамд айтсинлар, хокисорлик ва шукроналик билан Унга бош эгсинлар. Бу оятлар мунофиқлар бошлиғи Ибн Убай бошчилигидаги “Ифк” ҳодисаси (Оиша разияллоҳу анҳога бўҳтон қилиниш ҳодисаси) ортидан нозил бўлган эди.

Лекин Аллоҳ ўз фазли билан истаган бандаларини поклайди. Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир”. Бу сўзлар мўминларни Аллоҳга юзланишга ва Ўз фазли-марҳамати билан уларни ҳам поклашини сўраб Унга илтижо қилишга ундайди. Аллоҳ хоҳлаган бандасини поклайди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Аллоҳнинг махлуқотлари устида жорий қилган суннатига кўра, У ўзига илтижо қилиб поклашини сўраган бандаларини поклайди. Сидқидилдан сўраган бандасини Аллоҳ асло ноумид қилмайди, уни албатта поклайди. Зеро Аллоҳ бандаларининг ниятларини билувчи, муножотларини эшитувчи Зотдир. Шундай экан, мўмин киши модомики покланишни истар экан, Аллоҳга ёлворсин, Уни кўп ёдга олсин, берган неъматларининг шукрини адо этиб, солиҳ амалларни кўпайтирсин ва гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлсин. Ана шунда Аллоҳнинг поклашига лойиқ бўлади. Фазл ҳам, миннат ҳам Аллоҳга хосдир, Аллоҳ ўз фазлини хоҳлаган бандасига беради. Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида эди, Ифк ҳодисасига аралашиб гуноҳга ботганлар ҳам, бу бўҳтонга аралашмай саломат қолган саҳобалар ҳам гуноҳлар кирлигидан покланмаган бўлар эди.

Дунёнинг ишлари қизиқ экан, шиаларнинг кўпчилиги бугунга қадар шу фитнага, яъни Оиша разияллоҳу анҳога туҳмат ва бўҳтон қилишдек разилликка тушиб, гуноҳга ботиб юришибди. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонда Оиша онамизни поклади ва унга жаннат билан башорат берди: “Улар учун Аллоҳ таоло томонидан барча гуноҳларни кўмиб юборадиган мағфират ва жаннатда улуғ ризқлар бордир” (Нур, 26). Ким Аллоҳни ёлғончига чиқарса, Ислом миллатидан чиқарадиган очиқ куфр қилган бўлади. Ўзининг адашган имоми ва нафси ҳавосига кўр-кўрона эргашишнинг оқибати шудир. Ҳақиқий мўмин эса ҳаргиз куфрга рози бўлмайди.

Хулоса қилиб қуйидагиларни айтиб ўтсак, барчамизга фойдадан холи бўлмас:

  • Шайтонга у чиройли кўрсатган фаҳш-мункар, ботил ва ёмон ишларда эргашиб кетиш ҳаромдир.

  • Шайтон чақирган ҳар бир ишда унга эргашиш, унинг кетидан кетиш банданинг ўзини ҳам фаҳш-мункарга чорловчи шайтонга айлантириб қўяди.

  • Аллоҳ таоло кимни эътиқод, сўз ва амалда ботил йўлларга тушиб қолишдан, фаҳш-мункар ва ёмонликларга шўнғиб кетишдан сақлаган бўлса, кўп шукр қилсин, камтарин бўлсин, гуноҳга ботган кишиларни таҳқирлаб, обрўсини тўкмасин, тилини тийсин, балки уларнинг ҳаққига дуо қилсин, тўғри йўлга тушиб кетишлари ва гуноҳларининг кирлигидан покланишларини Аллоҳдан сўрасин. Ҳикмат ва чиройли сўзлар билан уларни даъват қилсин. Жазо ёки мукофот бериш Аллоҳга ҳаволадир. Аллоҳ оламлар Рабби ва қиёмат кунининг эгасидир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг