Пайғамбаримизнинг кун тартиби (12): Аср пайтидаги юмушлари

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрга азон айтилгандан кейин одамлар йиғилишини кутар эдилар.  Асрдан олдин тўрт ракаат нафл ўқишга чорлаб, бундай деганлар: “Асрдан олдин тўрт ракаат нафл ўқиган кишини Аллоҳ раҳматига олсин”[1].

Одамлар йиғилгач, чиқиб асрни ўқир эдилар. Одатда асрни олдинги вақтида ўқир эдилар. Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Аср намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра эрта вақтида ўқийдиган одам йўқ эди”[2]. Аср намозида пешин намозидаги қироатларининг ярмича қироат қилар эдилар[3].

Намоздан сўнг саҳобаларга юзланиб ўтирар эдилар. Айтмоқчи бўлган бирон гаплари бўлса, айтар эдилар. Бир куни аср намозидан кейин саҳобаларга юзландилар ва бундай дедилар: “Билмадим, сизларга бирон ҳадис айтсаммикин ё айтмасаммикин?” Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, агар яхшилик бўлса айтинг. Бошқа гап бўлса, Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қай бир мусулмон мукаммал таҳорат олса, сўнг беш вақт намозни ўқиса, бу иши ўша намозлар оралиғида қилинган гуноҳлар учун каффорат бўлади”, дедилар[4].

Бир марта аср намозидан сўнг саҳобаларга юзланиб, шундай дедилар: “Қай бирингиз таҳорат олса, таҳоратни мукаммал қилса, сўнг: “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу” деса, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хоҳлаганидан киради. Қайси мусулмон таҳорат олиб, таҳоратни муккаммал қилса, сўнг икки ракаат намоз ўқиса, намозни ихлос билан ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар[5].

Асрдан кейинги суҳбатлари пешиндан кейинги суҳбатларига қараганда озроқ бўлар эди. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга малол келиб қолишини истамас эдилар. Унинг ўрнига уйларига қайтиб, ишларини охирига етказиб, овқатга тайёргарлик кўришларини маъқул кўрар эдилар.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқиб бўлганларидан кейин ҳамма хотинларининг уйларига бирма-бир кириб чиқар эдилар. Ҳар биридан бўса олиб, уларга меҳр кўрсатар эдилар. Сўнг кимнинг навбати бўлса, ўшанинг уйида қолар эдилар[6].

Гоҳида барча хотинлари навбати келганнинг уйига йиғилишар эди. Эҳтимол, бундай ҳолат тун узун ва кундуз қисқа вақтларда бўлгандир. Чунки бунда асрдан кейин ҳаммаларининг уйларига бирма-бир кириб чиқиш учун вақт етмайди. Шунинг учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кимнинг уйида тунайдиган бўлсалар, барча хотинлари ўшанинг уйига йиғилишар эди.

Бир куни Ойша разияллоҳу анҳонинг уйига йиғилишди. Ўшанда Зайнаб разияллоҳу анҳо келган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга киргач, қўлларини Зайнабга узатдилар. Ойша: “Бу Зайнаб” деган эди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини тортдилар. Кейин Зайнаб билан Ойша айтишиб қолдилар. Ҳатто овозлари баланд кўтарилди. Шу вақт намозга иқомат айтилиб қолди. Абу Бакр йўлдан ўта туриб, уларнинг овозларини эшитди ва: “Ё Расулуллоҳ, намозга чиқинг, уларнинг оғизларига тупроқ сочинг”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб кетдилар. Ойша разияллоҳу анҳо: “Ҳозир Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг Абу Бакр келиб, менинг таъзиримни беради”, деб ўйлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўқиб бўлганларидан кейин Абу Бакр Ойшанинг олдига кириб, уни: “Шундай ҳам қиласанми?” деб қаттиқ койиди[7].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозидан сўнг уйларига кириб, икки ракаат намоз ўқидилар. Ҳолбуки, у зот асрдан кейин намоз ўқишдан қайтарар эдилар. Сабаби бундай бўлган эди: ўша куни Абдулқайс қабиласидан Исломни қабул килган бир жамоа келган эди. Улар билан машғул бўлиб, пешиндан кейинги икки ракаатни ўқий олмаган эдилар. Ўша намозни асрдан кейин ўқиб қўйдилар. Кейин ҳам асрдан кейин икки ракаат намоз ўқийдиган бўлдилар. У зот агар бир пайтда намоз ўқисалар, ўша пайтда намоз ўқишни одат қилар эдилар. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Аллоҳга қасам, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейинги икки ракаат намозни ҳаётдан кўз юмгунларигача ўқиб юрдилар”[8].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам асрдан кейин кўп вақтларини уйларида хотинлари билан ўтказар эдилар. Хотинларига меҳрибон эдилар. Пайғамбар хонадонида илмий музокаралар, савол-жавоблар бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишларга бағрикенглик билан қарар эдилар. Бир куни Ойша разияллоҳу анҳо даъват йўлида у зотга етган энг оғир мусибат ҳақида сўраб: “Ё Расулуллоҳ, сизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун бўлганми?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қавмингдан кўп қийинчиликка йўлиқдим. Мен улардан йўлиққан энг оғир нарса Ақаба куни бўлди. Ўшанда Ибн Абду Ёлил ибн Абду Кулоб қавмидан мени ҳимоя қилишларини сўраганимда улар сўровимни қабул қилмадилар. Шунда ғам-алам ила орқамга қайтдим. Ғам-ғусса ичра йўлда эканман, Қарнус-саолибга етганимда ўзимга келдим. Бошимни кўтариб қарасам, устимда бир булут менга соя бериб турган экан. Қарасам, Жаброил алайҳиссалом. У менга нидо қилиб: “Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзларини ва жавобларини эшитди. Аллоҳ сизга тоғларга масъул фариштани юборди. Унга хоҳлаган ишингизни буюринг”, деди. Тоғларга масъул фаришта менга салом бериб, деди: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизган айтган сўзларини эшитди. Мен тоғларга масъул фариштаман. Раббингиз мени сизга жўнатди. Амрингизга мунтазирман. Агар хоҳласангиз, уларнинг устига икки Ахшаб тоғини тўнкариб қўяман”, деди[9]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, мен Аллоҳ таоло уларнинг пуштикамарларидан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган ва Унга ширк келтирмайдиган инсонлар чиқаришини умид қиламан”, дедилар[10].

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша разияллоҳу анҳога: “Қиёмат куни ким мукаммал ҳисоб-китоб қилинса, азобланмай қолмайди”, дедилар. Ойша разияллоҳу анҳо эшитган нарсасини тушунмаса, албатта у ҳақда сўраб, аниқлаштириб олар эди. Бу сўзнинг ҳам тагига етиш учун: “Аллоҳ таоло Қуръонда: “Кимнинг китоби ўнг томонидан берилса, у жуда енгил ҳисоб қилинади”, демаганми?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ҳисоб-китоб эмас. Амалларини кўрсатиш, холос. Ким қиёмат куни мукаммал ҳисоб-китоб қилинар экан, азобланмай қолмайди”, дедилар[11].

Бир куни Ҳафса разияллоҳу анҳога бундай дедилар: “Мен Бадр ва Ҳудайбия жангида қатнашган бирон киши дўзахга кирмайди деб умид қиламан, иншооллоҳ”. Ҳафса: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло: “Сизлардан ҳар бирингиз албатта унга (дўзахга) кирувчидир. Раббингиз буни узил-кесил ҳукм қилиб қўйган” (Марям-71) демаганми?” деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана бу оятни эшитмаганмисан?” – деб қуйидаги оятни ўқидилар: “Кейин Биз тақводор кишиларни ундан қутқарамиз ва золим кимсаларни дўзахда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз” (Марям-72)[12].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатга етишиш учун ақл юритиш, тафаккур қилиш ва баҳс-мунозарага имконият бермаганларида эди, оилада бундай илмий баҳслар, савол-жавоблар бўлмаган бўлар эди.

Гоҳида аср намозидан кейин баъзи саҳобалар у зотни қайсидир муносабат билан бирон ўтиришга чақирар эдилар. У зот чақириққа ижобат қилиб борар эдилар. Бир куни асрдан сўнг Бани Салималик бир киши: “Ё Расулуллоҳ, туя сўймоқчи эдик. Сиз ҳам келсангиз хурсанд бўлардик”, деди. Пайғамбар саллаллоу алайҳи ва саллам: “Хўп” дедилар. Сўнг бир неча саҳобалар ҳамроҳлигида унинг уйига бордилар. Боришса, ҳали туя сўйилмаган экан. Кейин туя суйилиб, гўшти майдаланди ва таом пиширилди. Қуёш ботишидан олдин уни тановул қилишди[13].

[1] Қаранг: “Муснад Таёлисий” (2048). “Муснад Аҳмад” (650, 1375, 5980).

[2] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (646, 647). “Саҳиҳ Бухорий” (541, 599). “Муснад Таёлисий” (962). “Муснад Аҳмад” (14969, 19767, 19796).

[3] Бу ҳақдаги манба пешин намоздаги қироатлари ҳақида айтилган ўринда зикр қилинди.

[4] Қаранг: “Мусаннаф Ибн Аби Шайба” (7648), “Саҳиҳ Муслим” (231), “Саҳиҳ Бухорий” (160, 164).

[5] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (17393), “Саҳиҳ Муслим” (234).

[6] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (24765), “Сунан Абу Довуд” (2135).

[7] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12014, 13136, 13496), “Саҳиҳ Муслим” (1462).

[8] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (586, 587, 590, 593, 1233, 16310). “Саҳиҳ Муслим” (820, 834, 835).

[9] Маккадаги икки катта тоғ.

[10] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (3231). “Саҳиҳ Муслим” (1795).

[11] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (24200). “Саҳиҳ Бухорий” (103, 6537). “Саҳиҳ Муслим” (2876).

[12]  Қаранг: «Саҳиҳ Муслим» (2496).

[13] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (624). “Муснад Абу Авона” (1037).

Изоҳ қолдиринг