Фарзанд тарбиясидаги хатолар (8): Болаларни мактабдан совутиш йўллари

0

Фарзандингизга ҳали мактабга бормасидан, кичкиналигиданоқ ўқиш-ёзишни ўргатинг. Закий болангиз борлиги учун ҳамма сизни мақтасин. Кундузлари вазифа беринг, оқшомлари вазифасини текширинг. Вазифасини бажармаса жазоланг. Кўчага ва ўйинга одатлантирманг. Кўчага чиқишни хоҳлаганда эса, буюк ғояси бўлган болаларнинг ўйинга сарфлайдиган бекорчи, бўш вақтлари йўқлигини айтинг. Мактабга боришни бошлагач, тепасида туриб дарс қилдиринг, уйга вазифаларини бажартиринг. Сизга кафолат бераман, болангиз мактабдан ва китобдан нафратланадиган бўлади.

“Билағон Ўрхон” лақаби билан танилган, кўп китоб ўқийдиган “китоб кушандаси” бир кишини танирдим. Ҳар соҳада маълумотли бўлишга ҳавасманд, кутубхонасидаги китобларнинг кўплиги ва қатнашган заковот мусобақаларида қўлга киритган медаллари билан мақтанадиган, файласуфлар каби соч-соқолини ўстирган, асл касби антиқа нарсалар коллекционери бўлган ғалати одам эди. Коллекционер Ўрхоннинг Барно деган чиройли ва доно қизчаси бор эди.

Билағон Ўрхон қизчаси ҳали гапиришни бошлар-бошламас “АВС” алифбо китобларини сотиб олди. Унга ўқиш-ёзишни ўргатиш орзу-ҳавасига берилди. Жажжи Барно бирон нарсалар ўрганганда отаси севинчдан қанот қоқиб учай дер эди гўё. Ёнига келганларга қизининг қанчалик ақлли эканини айтиб берарди. Одатда қизини чиройли ва ёқимтой бўлгани учун эмас, қисқа замонда кўп нарсани ўргангани учун яхши кўрарди. Қизалоқ ҳам ота севгисини йўқотмаслик ва уни хурсанд қилиш учун бор кучи билан ўргатган ҳарфларини ёдлаб олишга ҳаракат қиларди.

Билағон Ўрхон болалигида “АВС” алифбосидан ўқиб ўрганган бўлиб, янги ўқитиш усули йўлга қўйилганидан бехабар эди. Ўша пайтлар мактабларда ўқиш ва ёзиш жумлалардан бошланарди. Билағон Ўрхон эса ҳарфларни ёдлатишдан бошлаган эди. Ҳар бир ёдлаган ҳарфи учун болани битта совға билан мукофотларди. Ҳарфлардан бўғинлашга ўтиш Барно учун анча қийин бўлди. Лекин закий ва зийрак қиз бўлгани учун бунинг уддасидан чиқа олди. Навбат рақамларни ёдлашга келганда бечора қизча бу рақамлар қандай қилиб саноқни ифодалашини ҳеч ақлига сиғдиролмади. Бу орада ёзиш машқлари ҳам давом этарди.

Барно беш ёш бўлганда ўқиш-ёзишни биладиган бўлганди. Отаси уни мактабга беришга қарор қилди. Барнони ўзи билан мактабга олиб борди ва тўғри директорнинг хонасига кирди. Қизини ўқиш-ёзишни билишини, шунинг учун бирданига иккинчи синфдан бошлаши кераклигини айтди. Директор қизчанинг неча ёшда эканини сўради ва беш ёшдалигини эшитиб ҳайрон қолди. Стол устида турган китобни олиб, тўғри келган бир бетни очди ва “Қани қизим, шу саҳифани ўқичи, кўрайлик”, деди. Барно ҳеч тутилмасдан равон ўқий бошлади. Директор ҳайронлиги ва ҳайратини яширолмади, “Бу мўъжиза-ку!” деди. Билағон Ўрхон ғурур билан директорни тасдиқлади: “Ҳа, бу бир мўъжиза, менинг мўъжизам…”, деди.

Навбат ёзишни текширишга келди. Директор: “Айтганларимни ёз”, деди. Барно айтганларини бирон хатосиз, дона-дона аниқ қилиб ёзди. Директор ўрнидан туриб, қизалоқнинг пешонасидан ўпиб қўйди ва “Машааллоҳ, кўз тегмасин!” деди. Қизалоқнинг отасини табриклади. Котибини чақирди ва барча ўқитувчиларни зудлик билан директор хонасига йиғилишларини айтди. Ўқитувчилар келишгач уларга Барнони таништирди. “Ҳурматли ўқитувчилар, беш ёшли ўқиш ва ёзишни биладиган доно қизчани кўриб қўйинг!” деди.

Барнонинг довруғи қисқа вақт ичида атрофдаги мактабларга ҳам ёйилди. Навбат билан бу доно қизчани кўргани келдилар. Билағон Ўрхон бундай эътиборни кўриб, мағрурланарди. Қизига яна ҳам кўпроқ нарса ўргатиш учун кеча-кундуз меҳнат қилди. Шуҳрат топишга ўч бўлган ота Барнонинг руҳий соғлиги бузила бошлаганини фарқига бормади. Бечора қизалоқ миттигина бўйи билан иккинчи синф ўқувчиларининг ёнида гўдакдай эди. Болалар унга ўзга сайёрадан келган бир келгиндига қарагандай қарашар эди. Бу қизча кўча ва ўйин юзини кўрмагани боис танаффусларда ва жисмоний тарбия дарсларида ўзини қандай тутишни ҳам билмасди. Шу сабабли мактабга умуман мослашолмади, доим уйини соғинарди.

Мактабда дарсларни ўзлаштириши ҳам қониқарли ҳисобланмасди. Отасининг ўргатиш услуби билан ўқитувчининг ўргатиш услуби бутунлай фарқли эди. Ўқитувчи ўргатган нарсалари ҳақида саволлар берар, “нимага?” ва “нима учун?” каби саволлар билан болалардан изоҳлар талаб қиларди. Билағон Ўрхон эса ҳеч бундай нарсаларни қилмаган, қизига фақат ёдлатиб ўргатганди.

Барно бир мунча вақт мактабдаги муаммоларини уйдагиларидан яширди. Отасининг ишончини ва севгисини йўқотишдан қўрқарди. Лекин минг афсус, митти вужуди бунча юкни кўтара олмади. Мактабга боришни ҳеч истамас, лекин буни тилга ололмасди. Уйқу ва ҳазм тизими бузилишни бошлади. Кечалари қўрқинчли тушлар кўрар, йиғлаб уйқусидан уйғонар, кейин қайтиб ухлолмасди. Еганларини қайт қилар, қорин ва бош оғриғидан шикоят қиларди. Бу шикоятлари сабабли Барнони педиатрга олиб боришди. Доктор уни текшириб, баъзи тестларни қилиб кўргач, руҳий ўзгаришлар борлигини ва руҳшуносга олиб боришларини тавсия қилди.

Руҳшунос қизчага бир қанча тестлар қилиб кўргач, “Тузалиб кетиши учун сўзли терапия етмайди, дори билан даволаш керак”, деди ва уларни болалар психиатрига йўллади. Билағон Ўрхон эса буларни ақлига сиғдиролмас, қизига кўз теккан деб ўйларди…

Изоҳ қолдиринг