Эй иймон келтирганлар (58): Бировнинг уйига киришда изн сўраш вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то эгаларидан изн сўрамагунча ва салом бермагунча кирманг. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд шундай қилиш билан Аллоҳнинг буйруқларини эсга олиб, Унга итоат қилувчи бўлсангиз. Агар бировнинг уйида ҳеч ким бўлмаса, то изн берилмагунича унга кирманг. Агар «қайтинглар» деб айтилса, қайтиб кетинг. Бундай пайтда қайтиб кетишингиз сизлар учун яхшироқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир. Лекин бировнинг хос уйи бўлмаган, балки эҳтиёжи бор одамлар фойдаланиши учун тайёрлаб қўйилган жойларга изн сўрамасдан киришингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Аллоҳ сизларнинг ошкору махфий ҳолатларингизни билади” (Нур, 27-29).

Шарҳ:

Мўмин-мусулмонлар бузуқлик билан туҳматланишнинг олдини олишлари, фаҳш ва бузуқ ишга қўл уришдан сақланишлари учун Аллоҳ таоло уларга бировларнинг уйларига киришдан олдин рухсат сўрашни буюрди: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб иймон келтирган ҳой мўминлар! “Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то эгаларидан изн сўрамагунча ва салом бермагунча кирманглар”. Суннатга мувофиқ изн сўрашнинг кўриниши қуйидагичадир: бировнинг уйига келган киши эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриб: “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб уч марта сўрайди. Рухсат берилса уйга киради, изн берилмаса хафа бўлмай, тўғри тушуниб, қайтиб кетаверади.

 “Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд шундай қилиш билан Аллоҳнинг буйруқларини эсга олиб, Унга итоат қилувчи бўлсангиз”. Бировнинг уйига киришдан олдин рухсат сўраш ва салом бериш келган одам учун ҳам, уй эгалари учун ҳам яхшидир. Чунки рухсат сўраб киришнинг вожиб қилинишига сабаб киши биродарининг авратига кўзи тушмаслигидир. Бировнинг авратига кўзи тушган киши ҳам худди авратини биров кўриб қолган киши каби ноқулай аҳволга тушади. Шундан келиб чиқиб, изн сўраш икки томон учун ҳам яхши экани очиқ кўриниб турибди. Аллоҳ таоло: “Мана шу сиз учун яхшироқдир. Шояд шундай қилиш билан Аллоҳнинг буйруқларини эсга олиб, Унга итоат қилувчи бўлсангиз” деган сўзларида кўзда тутган маъно ҳам шудир, яъни мўмин эканингизни эсга олиб, сизга зарар етмаслиги ва уятли ҳолатга тушиб қолмаслик учун Аллоҳнинг бировлар уйига рухсатсиз киришдан қайтарган амрига итоат қиласиз. Шундай қилишингиз ўзингиз учун яхши, бу билан қалб поклигига ва маънавий юксакликка эришасиз.

Бировнинг уйига келган киши киришга изн сўраса, бироқ жавоб берадиган одам топилмаса, индамай кириб кетавермайди, балки кирмай қайтиб кетади ёки жавоб бўлгунича кутиб туради. Аллоҳ таолонинг: “Агар бировларнинг уйида бирон кишини топмасангиз, то сизларга изн берилмагунича унга кирманг”, деган сўзларидан кўзда тутилган маъно шудир.

Сиз киришга изн сўраган уйда одам бўлса-ю, лекин “кирманг” жавоби берилса, негалигини сўрамай қайтиб кетинг. Шунда Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига амал қилган бўласиз: “Агар «қайтинглар» деб айтилса, қайтиб кетинг”. Уй эгаси ҳолатини ўзи яхши билади, балки ҳолат шуни тақозо қилаётгандир, шароити йўқдир ва ҳоказо сабаблари бордир. Қайтиб кетиш сўрамай кириб боришдан яхшидир. Шунинг учун: “Бундай пайтда қайтиб кетишингиз сизлар учун яхшироқдир” деб, таълим берди Раббимиз Раҳмон таоло. Бу ишнинг дилларингиз софланиши, аҳил-тотувлик ва биродарлик ришталари узилмаслиги каби кўпгина яхшилиги ўзингизга қайтади.

Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир”, яъни У зот ҳол-аҳволингиз ва амалларингизни яхши билгани туфайли ўзгалар уйига киришдан олдин изн сўрашни жорий қилиши айни жойига тушган ишдир. Шундай бўлгач, Аллоҳнинг бу ва бошқа барча буйруқларига итоат этсангиз, баркамол, бахт-саодатга тўла ҳаётга эришасиз.

Ушбу нидонинг учинчи оятида Аллоҳ таоло деди: “Лекин бировнинг хос уйи бўлмаган, балки эҳтиёжи бор одамлар фойдаланиши учун тайёрлаб қўйилган жойларга изн сўрамасдан киришингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир”. Бу Аллоҳ таоло тарафидан мўмин бандаларига берилган рухсат бўлиб, улар муайян кишилар яшаши учун хосланмаган, унда хотин-қизлар, ходималар ва умуман қараш ҳаром қилинган аёллар бўлмаган, балки эҳтиёжи бор одамлар фойдаланиши учун тайёрлаб қўйилган меҳмонхоналарга, шунингдек, дўконлар ва бозорлар каби умумий жойларга киришда изн сўраб ўтирмайдилар. Бундай ўринлар барча учун очиб қўйилган, рухсат сўрамай одамлар бемалол кирсин, фойдалансин, ўзлари учун зарур нарсаларни ҳарид қилиб эҳтиёжларини қондирсин. Рухсат сўрашдаги гап шу. Энди салом беришга келсак, бирон ерга кирган ё мусулмонлар олдидан ўтган киши салом бериши суннатдир. Отлиқ пиёдага, тик турган киши ўтирган одамга, кичиклар катталарга салом беради. Дўкон, ошхона ё бирон ерга кирган киши суннатга мувофиқ: “Ассалому алайкум” деб салом беради. Салом берилганлар: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб жавоб қайтаради.

Мўминлар орасида кўнгил яқинлик ва меҳр-муҳаббатни келтириб чиқарувчи, покликни рўёбга чиқариб, уни муҳофаза қилувчи бу нидони Аллоҳ таоло ушбу сўзи билан якунлади: “Аллоҳ сизларнинг ошкору махфий ҳолатларингизни билади”, яъни ошкору яширин ниятларингиз, сўзу амалларингиз ва ҳолатларингизни яхши билади. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинг, буюрган ишларини сўзсиз бажаринг, қайтарган нарсалардан қайтинг. Сизни доим кузатиб туришини хис қилинг, шунда одоб-ахлоқингиз мукаммал даражага чиқади, ҳаётингиз бахт-саодатда ўтиб, охиратда ҳам нажотга эришасиз.

Юқоридагиларга қўшимча яна ушбуларни айтиб ўтсак, фойдадан холи бўлмас:

  • Бу илоҳий нидонинг нозил бўлиш сабаби қуйидагичадир: Ансорлардан бўлган бир аёл: “Эй Расулуллоҳ, мен уйимда шундай ҳолатда бўламанки, бу ҳолатимда мени на отам, на болам, ҳеч ким кўришини хоҳламайман. Отам кириб келади, оиламдаги эркаклар кириб келаверишади. Қандай қилсам бўлади?” деб айтганида шу оят нозил бўлган. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, Шомнинг шарқида ҳеч ким яшамайдиган уйлар, карвонсаройлар бор, буларнинг ҳукми қандай?” деб сўраганида: “Лекин бировлар яшаши учун хосланмаган, балки эҳтиёжи бор одамлар фойдаланиши учун тайёрлаб қўйилган жойларга изн сўрамасдан киришингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир” ояти нозил бўлди.

  • Бировнинг уйига келган киши киришга изн сўраб эшик қоққанида уй эгаси: “Ким бу?” деб сўраса, “Мен” деб айтмасин. Балки исмини тўлиқ айтиб: “Мен фалончи ўғли фалончиман” деб айтиши лозим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириш учун изн сўраган кишига: “Ким бу?” деганларида, “Мен” деб жавоб берса, буни ёқтирмаганларидан: “Мен, мен”, дер эдилар.

  • Бировнинг уйига келган киши кириш учун изн сўрамоқчи бўлса, эшикнинг рўпарасида эмас, ўнг ёки чап томонида туриши, овозини эшитилгудек даражада кўтариши, эшикни қаттиқ қоқмаслиги ва “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб уч марта айтиши рухсат сўраш одобларидан. Рухсат берилса киради, рухсат берилмаса қайтиб кетади.

  • Аллоҳ ва Расулига қилинадиган ҳар қандай итоатда, гарчи икки оғиз ширин сўз бўлса ҳам, яхшилик ва барака бордир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг