Пайғамбаримизнинг кун тартиби (13)

0

Кун ботгач

Шом намозига азон айтилгач Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаялламай масжидга чиқар эдилар. Азондан кейин саҳобалар устунлар орқасида икки ракаат нафл намоз ўқишар эди. Сабаби, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки ракаат намозга тарғиб қилиб: “Шомдан олдин нафл намоз ўқинглар, шомдан олдин нафл намоз ўқинглар”, деган, учинчисида: “Ким хоҳласа”, деган эдилар. Шом азони билан иқомат ўртасида вақт қисқа бўлганлиги учун енгил икки ракаат ўқилади[1].

У зот масжидга киргач иқомат айтилар эди, сўнг шомни ўқир эдилар. Одатда шомни олдинги вақтида ўқир эдилар. Шомни ҳали қоронғу тушмасдан туриб ўқиб бўлар эдилар. Яъни намоздан сўнг бир киши масжиддан чиқиб, камон ўқи отса, ўқи қаерга бориб тушганини бемалол кўрадиган даражада ёруғ бўлар эди[2].

Шом намози ва ундаги қироатлари кўпинча қисқа, гоҳида  узунроқ бўлар эди. Бир марта шомда Аъроф сурасини, бир марта Тур сурасини, яна бир марта Мурсалат сурасини ўқиганлар[3].

Шомдан кейин суҳбат қурмас эдилар. Чунки бу вақтда одамлар кечки овқатни тановул қилишар ва дам олишар эди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шомни ўқиб бўлгач, уйга қайтиб, шомнинг икки ракаат суннатини ўқир эдилар.

Сўнг кечки овқат тановул қилар эдилар. Кечки овқатни кўпинча шу пайтда тановул қилар эдилар. Баъзан рўза тутган кунлари шомдан олдин овқатланар эдилар. У зот: “Агар кечки овқат олиб келинса, шом намозини ўқишдан олдин овқатланиб олинглар. Овқатни ташлаб, намозга кетманглар”, деганлар[4].

У зот саҳобаларни кечки овқатни камбағаллар билан баҳам кўришга чорлаб бундай деган эдилар: “Кимда икки кишилик таом бўлса, учинчи кишини чақирсин, кимда уч кишилик таом бўлса, тўртинчи кишини чақирсин”[5].

Гоҳида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида таомдан сал кенгчилик бўлиб қолса, кечки овқатга ўн кишини олиб келар эдилар. Гоҳида уйларида егулик учун хурмо ва сувдан бошқа нарса бўлмас эди. Баъзан уйларида егулик бирон нарса қолмас эди[6].

У зотнинг таомлари ерга тўшалган дастурхонга қўйилар эди. Ҳеч қачон хонтахтада овқатланмаганлар[7].

Таом дастурхонга қўйилгач, “бисмиллоҳ” деб, ўз олдиларидан олар эдилар. Учта бармоқ билан ер эдилар. Таомни товоқнинг чеккаларидан олишга, ўртасига қўл узатмасликка буюрар эдилар[8].

Таом борасида ортиқча такаллуф қилмас эдилар. Уйларида борини ер эдилар. Кўчадан уйга келганларида: “Егани овқат борми?” деб сўрар эдилар. Аҳли аёллари гоҳида: “Ҳеч нарса йўқ”, гоҳида: “Фақат сирка бор”, дейишар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сирка қандай ҳам яхши идом (нонхуруш)”, дер эдилар. У зот ҳеч қачон таомни айбламаганлар. Агар егилари келса ер эдилар, ёқмаса емас эдилар[9].

Саҳобалар билан овқатлансалар, илиқ суҳбат қурар, уларга бирон одоб ўргатар ёки илм берар эдилар.

Умар ибн Абу Салама разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қарамоқларида улғайган эди. У хотинлари Умму Саламанинг ўғли эди. Бир куни у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга овқатланди. Қўллари товоқ ичида югуриб, таомни ҳар томонидан олиб ея бошлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй болам, “бисмиллоҳ” деб, ўнг қўлингда егин ва олдингдан егин”, дедилар[10]. Умар разияллоҳу анҳу айтади: “Ўшандан бери мана шундай овқатланаман”.

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига катта товоқда сарид (нон ва гўштдан таёрланган таом) қўйилди. Товоқдан қўйнинг қўл қисмини олдилар. У зот қўй гўштининг қўл қисмини ёқтирар эдилар. Ундан бир тишладилар. Сўнг: “Мен қиёмат куни барча одамларнинг саййидиман”, дедилар. Яна бир тишлаб: “Мен қиёмат куни барча одамларнинг саййидиман”, дедилар. Саҳобалар сукут қилишгач, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қандай, деб сўрамайсизларми?” дедилар. Улар: “Қандай, ё Расулуллоҳ?” дейишди. Шунда у зот: “Одамлар бутун оламлар Рабби олдида турганларида”, дедилар[11].

Овқат еб бўлганларидан сўнг бармоқларини ялаб қўяр эдилар. Ва шундай қилишга буюрган эдилар. Унинг ҳикматини баён этиб: “Чунки сизлар барака таомингизнинг қаерида қолганини билмайсиз”, деган эдилар[12].

Дастурхон йиғиштирилгандан сўнг ушбу дуони ўқир эдилар:

الحمد لله حمدًا كثيرًا طيِّبًا مباركًا فيه، الحمد لله الذي كفانا وأَرْوَانا، غير مَكْفِيٍّ، ولا مَكْفُورٍ، ولا مُوَدَّعٍ، ولا مُسْتَغْنًى عنه ربَّنَا، اللهمَّ إنك أَطْعَمْتَ وأَسْقيتَ وأَغْنيتَ وأَقْنَيتَ وهَدَيْتَ وأَحْييتَ، اللهمَّ فلك الحمدُ على ما أعطيتَ

 “Аллоҳга кўпдан-кўп муборак ҳамдлар бўлсин. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У бизга едирди,  ичирди. Парвардигоримиз ҳеч кимга муҳтож эмас. (Балки Унинг ўзи барча бандаларига етарли ризқу рўз беради). Унинг фазлу марҳамати ва неъматлари инкор этилмас. У тарк қилинмас ва Ундан беҳожат бўлинмас. Парвардигор, едирдинг, ичирдинг, беҳожат қилдинг, тўйдирдинг, ҳидоятладинг, тирилтирдинг. Парвардигор, берган неъматларинг учун Сенга ҳамду санолар бўлсин”.

Овқатдан кейин оғиз чайқар эдилар. Сут ичганларида ҳам шундай қилар ва “Сутда ёғ бўлади”, дер эдилар[13].

Кечки овқат тановул қилганларида эрталабдан сувда ивитиб қўйилган хурмо шарбати ичар эдилар. Тушлик қилганларида эса кечаси ивитиб қўйилган хурмо шарбатини ичар эдилар.

Таомни баъзи хотинлари билан бирга тановул қилар эдилар. У зот: “Хотининг оғзига тутган луқманг ҳам садақадир”, деганлар.

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени таомга чақирар эдилар. Мен ҳайз ҳолатимда ҳам у зот билан бирга овқатланаверар эдим. Суякли гўштни олиб, менга узатар эдилар. Мен ундан тишлардим. Сўнг уни қўярдим. У зот уни олиб, менинг оғзим теккан жойидан ер эдилар. Сўнг сув сўрар эдилар. Сувни ҳам ичишдан олдин менга берар эдилар. Мен сув ичиб, қадаҳни қўяр эдим. У зот қадаҳни олиб, менинг оғзим теккан жойидан ичар эдилар[14].

[1] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (503, 625, 1183, 7368), “Саҳиҳ Муслим” (837).

[2] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (559), “Саҳиҳ Муслим” (637).

[3] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (765, 763), “Саҳиҳ Муслим” (462, 463).

[4] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (672), “Саҳиҳ Муслим” ( 557, 559).

[5] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (602, 3581), “Саҳиҳ Муслим” (2057).

[6] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (2567, 3356), “Саҳиҳ Муслим” (2972, 2975).

[7] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12325), “Саҳиҳ Бухорий” (5386).

[8] Қаранг: “Саҳиҳ Муслим” (2031, 2035), “Сунан Ибн Можа” (3275).

[9] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (9507, 10421, 14225, 15191). “Саҳиҳ Муслим” (2051, 2052, 2064).

[10] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (5376), “Саҳиҳ Муслим” (2022).

[11] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (3340), “Саҳиҳ Муслим” (194).

[12] Қаранг: “Муснад Аҳмад” (12815, 14089), “Жомеъ ат-Термизий” (1803).

[13] Қаранг: “Саҳиҳ Бухорий” (211, 5609), “Саҳиҳ Муслим” (358).

[14] Қаранг: “Муснад ал-Тоялисий” (1617), “саҳиҳ Муслим” (300).

Изоҳ қолдиринг