Дард ва даво (95): Аллоҳ таоло бандаларга шафоатчи ва воситачилар ёрдамида Ўзига яқинлашишни жорий қилиши мумкинми?

0

Бўлим

Ўтган мақолада айтилган муқаддимани билган бўлсангиз сиз учун юқорида айтилган саволнинг[1] жавобига элтувчи эшик очилган бўлади. Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан тўғри жавобга йўллашини сўраб, қуйидагиларни айтамиз:

Ширкнинг асл моҳияти банда ўзини Яратувчига ўхшатиши ёки бирон мавжудотни Яратувчига ўхшатишидан иборат. Аслида ҳақиқий ташбеҳ, яъни Аллоҳни бандаларга ўхшатиш мана шудир. Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни васфлаган сифатларни бор дейиш эса ташбеҳ ҳисобланмайди. Аллоҳ азза ва жалла қалбини тескари, басиратини кўр этган кимсагина бунинг аксини айтади. Шунингдек, тавҳидни ташбеҳ, ташбеҳни улуғлаш ва итоат деб ушбу масалани чалкаштиргани учун Аллоҳ адаштириб қўйган кимса биз айтган фикрга қўшилмайди.

Мушрик инсон илоҳлик хусусиятларда махлуқни (яратилган нарса ёки кимсани) Яратувчига ўхшатади. Чунки бировга зиён ёки фойда бериш, унга неъмат ато этиш ё уни неъматдан ман қилиш илоҳлик хусусиятларидандир. Бу эса дуо, қўрқув, умид, таваккул ёлғиз илоҳга йўналтирилиши кераклигини тақозо қилади. Бинобарин, ким шулардан бирини йўқдан бор қилинган бандага йўналтирса, уни Яратувчига ўхшатган, бошқалар у ёқда турсин, ўз жони учун на зиён, на фойда, на ўлим, на ҳаёт беришга, на бандаларни қайта тирилтиришга қодир бўлган нарсани барча ишлар қўлида бўлган зотга – Аллоҳга ўхшатган бўлади. Зеро, барча ишларнинг тизгини Аллоҳнинг қўлида ва Унинг амрига боғлиқ. У истаган нарса бўлади, истамагани бўлмайди. У ато этган нарсани ҳеч ким тўсиб қололмайди, У ман этган нарсани ҳеч ким беролмайди. Агар Аллоҳ бандага раҳмат эшигини очиб қўйса, уни ҳеч ким тўсиб қололмайди, раҳматини тўсиб қўйса, ҳеч ким уни бандага етказолмайди.

Демак, асл зоти муҳтож бўлган ожиз бандани асл зоти беҳожат қодир бўлган Зотга ўхшатиш энг қабиҳ ўхшатиш (тенглаштириш) экани маълум бўлади.

Илоҳлик хусусиятларидан яна бири илоҳ ҳар томонлама баркамол бўлиши, ҳеч қандай камчилик ва нуқсони бўлмаслиги керак. Бу эса барча ибодат ёлғиз шу илоҳга қаратилиши кераклигини тақозо қилади. Улуғлаш, қардлаш, қўрқиш, дуо, умид, инобат – қайтиш, тавба, таваккул, ёрдам сўраш, қаттиқ яхши кўриш билан бирга ўзини унинг ҳузурида ўта хор олиш – буларнинг барчаси ақл, шариат ва фитрат нуқтаи назаридан олиб қараганда ёлғиз Аллоҳга йўналтирилган бўлиши шарт, Ундан ўзгасига қаратилган бўлиши мумкин эмас. Ким шулардан бирини Аллоҳдан бошқасига йўналтирса, ўша сохта илоҳни ўхшаши, тенги ва мисли бўлмаган зот Аллоҳга ўхшатган бўлади. Бу эса энг қабиҳ ва энг ботил ўхшатишдир. Бу иш жуда қабиҳ иш ва ўта кетган зулм бўлгани учун ўзига ўзи бандаларига раҳмат қилишни фарз этган меҳрибон зот Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу гуноҳни кечирмаслигини маълум қилди.

Илоҳлик хусусиятларидан яна бири – бандаси уни ниҳоятда қаттиқ яхши кўриш ва унинг олдида ўзини ниҳоятда хокисор тутиш билан унга ибодат қилишидир. Мазкур икки асоссиз убудиятни тасаввур қилиб бўлмайди. Мана шу убудиятнинг тўлиқ кўринишидир. Бандаларнинг мартабалари орасидаги фарқ мана шу икки асосга қараб бўлади. Ким муҳаббатини, хокисорлигини, бош эгишини Аллоҳдан бошқага берса, дарҳақиқат, Аллоҳга Унинг холис ҳаққида ўша нарсани ёки кимсани ўхшатган (тенглаштирган) бўлади. Бу иш бирон шариатда жорий этилиши ёки унга буюрилиши амри маҳол. Шунингдек, унинг қабиҳ иш эканини ҳар бир фитрат ва ақл тасдиқлайди. Лекин шайтон кўпчилик одамнинг фитратини ва ақлини ўзгартириб, бузиб юборди, фитратидан оздирди. Аллоҳ пешонасига саодатни ёзган бандалар эса асл фитратларида қолишди. Аллоҳ таоло уларга пайғамбарлар юборди, фитратлари ва ақлларига мувофиқ келадиган китобларни нозил қилди. Оқибатда нурлари (иймонлари) устига нур (иймон) қўшилди. «Аллоҳ истаган кимсани Ўз нурига ҳидоят қилади» (Нур, 35).

Юқорида айтилганларни тушунган бўлсангиз, биласизки, қуйидаги амаллар ҳам илоҳлик  хусусиятларидан саналади:

Сажда қилиш. Ким Аллоҳдан бошқага сажда қилса, бандани Аллоҳга ўхшатган бўлади.

Таваккул этиш. Ким Аллоҳдан бошқага таваккул этса, уни Аллоҳга ўхшатган бўлади.

Тавба қилиш. Ким Аллоҳдан бошқага тавба қилса, уни Аллоҳга ўхшатган бўлади.

Исмини улуғлаб ва қадрлаб қасам ичиш. Ким Аллоҳдан бошқа нарса ё кимсанинг исми билан қасам ичса, уни Аллоҳга ўхшатган бўлади.

Мазкур ишлар бандани Яратувчига ўхшатиш жиҳатидан айтилган гаплар.

Банда ўзини Аллоҳга ўхшатиши жиҳатига келсак, ким такаббурлик қилса, гердайса, одамлардан ўзига нисбатан ҳаддан ошиқ мақтовни, улуғлашни, бўйсунишни, умид қилишни, шунингдек, қўрқиш, умид, илтижо, ёрдам каби қалб кечинмаларини унга боғлашни талаб қилса, ўзини Аллоҳга ўхшатган, рубубият ва улуҳият сифатларида У зот билан талашган бўлади. Бундай инсон қаттиқ хорликка дучор бўлишга, ёмон таҳқирланишга, халойиқ оёғи остида қолишга ҳақлидир. (Имом Муслимнинг) “Саҳиҳ” қитобида келган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Буюклик изорим, улуғворлик ридоимдир. Ким шу иккисидан бирида Мен билан талашса, азоблайман[2].

Қўли билан расм чизадиган рассом шу ҳунари билан ўзини Аллоҳга ўхшатгани боис қиёмат куни энг қаттиқ азобга дучор бўлса, рубубият ва улуҳиятда ўзини Аллоҳга ўхшатадиган инсон ҳақида нима деб ўйлайсиз?! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобга гирифтор бўладиган одамлар рассомлар. Уларга: “Қани, яратган нарсаларингни тирилтиринглар”, деб айтилади»[3].

“Саҳиҳ” китобида нақл қилинган ҳадисда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: “Менинг яратганимга ўхшаб яратишга уринадиган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Биргина зарра (ёхуд қумурсқа)ни яратиб кўришсин-чи? Ёки битта арпа донини яратишсин-чи?!»[4]

Ҳадисда қумурсқа ва арпа дони мисол қилиниб, шу билан улардан буюкроқ ва каттароқ нарсаларга ҳам танбеҳ берилмоқда. (Яъни чизган жонли мавжудотлари у ёқда турсин, миттигина арпа донини ёки кўз илғамайдиган битта заррани яратиб кўрсинчи!)

Мақсадга ўтсак, биргина расм чизишда ўзини Аллоҳга ўхшатган банданинг ҳоли шу бўлса, Аллоҳга хос бўлмиш рубубият ва улуҳият хислатларида ўзини Унга ўхшатган банданинг ҳоли қандай кечади?! Шунингдек, “подшоҳлар подшоҳи”, “ҳокимлар ҳокими” ва ҳоказо ёлғиз Аллоҳга хос бўлган исмлар билан номланиб, ўзини Аллоҳга ўхшатган банданинг ҳоличи?!

Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида келган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳнинг ҳузурида энг тубан исм ўзини “шоҳоншоҳ” – подшоҳларнинг подшоҳи деб номлаган кишининг исмидир. Аллоҳдан бошқа (ҳақиқий) подшоҳ йўқ[5].

Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ энг қаттиқ ёмон кўрадиган киши ўзини “подшоҳларнинг подшоҳи” деб номлаган кишидир[6].

Аллоҳдан бошқага қўллаб бўлмайдиган исм билан номланиб, ўзини Аллоҳга ўхшатган бандага нисбатан Унинг қаҳри ва ғазаби мана шундай бўлади. Зеро, ёлғиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло подшоҳларнинг подшоҳи, ҳокимларнинг ҳокимидир. У барча ҳокимларнинг устидан ҳукм чиқаради. Бошқа ҳеч ким бунга қодир ҳам, ҳақли ҳам эмас.

[1] Юқорида айтилган савол мана бундай эди: “Аллоҳ таоло бандаларга шафоатчи ва воситачилар ёрдамида Ўзига яқинлашишни жорий қилиши мумкинми?”.

[2] Муслим, 2620.

[3] Бухорий, 5950; Муслим, 2108.

[4] Бухорий, 7559; Муслим, 2111.

[5] Бухорий, 6205, 6206; Муслим, 2143.

[6] Муслим, 21433.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг