Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

0

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Муҳтарам диндошлар, азиз ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар. Сизларни Қурбон ҳайити билан муборакбод этамиз! Аллоҳга ҳар қандай ҳолат учун беадад шукрлар айтамиз. Бу йилги Қурбон ҳайити мамлакатимиз ва умуман бутун дунё, шу жумладан кўпчилик Ислом ўлкалари ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан оғир кунларни бошдан кечираётган бир даврга тўғри келди. Айниқса, сўнги даврда юртимизда бу вабо кенг тарқалгани боис халқимиз оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Кўпчилик инсонлар шу касаллик туфайли изтиробдалар, иқтисодий тангликдан озор чекмоқдалар. Агар биз бу тангликдан тез халос бўлишни истасак, бизларни ташвишга солаётган кўплаб муаммолар бартараф этилишини хоҳласак чинакамига Аллоҳга қайтишимиз, динимизни маҳкам тутишимиз лозим. Мусулмонлар учун ҳақиқий ўрнак бўлган зотлар пайғамбарлар ҳаётига бир назар солайлик. Уларнинг барчалари ҳаётларида бениҳоят оғир вазиятларни бошдан кечирганлар. Аллоҳга қаттиқ боғланганлари туфайли қоронғулик ортидан албатта нур кўринган, машаққат ортидан шубҳасиз енгиллик келган. Иброҳим алайҳиссаломни куйдириш учун ёқилган олов унга салқинлик ва саломатлик манбаига айланган эди. Ўғлидан ажралиб, қаттиқ ғам-қайғуга ботган Мусо алайҳиссаломнинг онасига Аллоҳ машаққатдан сўнг ҳузур ато этди, ўғлини унинг бағрига қайтариб, ўзини улуғ пайғамбарлардан қилди. Китнинг қорнида – зулматда қолган Юнус алайҳиссаломга Аллоҳ нажот берди, қавмига қайтиб келгач, уларнинг бари иймон келтирдилар. Ҳолбуки, уларнинг иймон келтиришидан умидини узган эди. Ўғлини йўқотгани сабаб йиғлайвериб кўзи кўрмай қолган Яъқуб алайҳиссалом ғам-қайғусидан фақат Аллоҳга шикоят қилди. Натижада Аллоҳ унга фарзанди Юсуф алайҳиссаломни ва унга қўшиб кўзининг нурини ҳам қайтарди, ўзини тахтга ўтиргизди. Оғир касаллик ва машаққатдан азоб чеккан Айюб алайҳиссалом Аллоҳга дуо-илтижо қилди. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилиб, дарддан фориғ қилди. Фарзанд кўришдан ноумид бўлган Закариё алайҳиссалом Аллоҳга юзланди. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилиб, фарзанд ато этди. Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлари мобайнида кўп оғир кунларни бошдан кечирдилар. Етим бўлиб дунёга келдилар. Ҳимоячилари бўлмиш амакилари, боболари ва хотинларидан жудо бўлдилар. Қавмлари томонидан қаттиқ қаршилик ва қувғинга учрадилар. У зотни қатл қилиш учун кўп уринишлар бўлди, сабр қилдилар. Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам бениҳоят камтарин ҳаёт кечирдилар. Ойлар ўтар эдики, у зотнинг еган таомлари сув ва хурмодан иборат бўлар эди. Шунга қарамай қалблари Аллоҳга бўлган ишонч ва умид ила лиммо-лим эди. Бугун кўпчилигимиз ризқ ва қарздан қўрқиб яшамоқдамиз. Ҳолбуки, бизларнинг ризқ берувчи, неъматларини тўкиб-сочувчи Раззоқ ва Босит бўлган Раббимиз бор. Касалликдан қўрқмоқдамиз, ваҳоланки, шифо ва офият ато этувчи Шофий ва Муофий Раббимиз бор. Шундай экан азизлар, хавотирга ўрин йўқ.

Энг асосийси бугунги кунимизга мусулмон ҳолимизда етиб келдик. Мана шунинг ўзи биз учун энг катта бахт ва энг катта хурсандчиликдир. Дарҳақиқат, бу кун Аллоҳни эслаш ва Аллоҳ Ўз фазлу марҳамати ила бизга насиб этган Ислом неъмати билан хурсанд бўлиш кунидир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Муҳаммад, айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни Ислом неъмати) ва раҳмати билан — мана шу неъмат билан шод-хуррам бўлсинлар. Зеро, бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус, 58).

Аллоҳнинг фазлу марҳаматини қарангки, Ўзи бизни яратди, Ислом неъматига мушарраф қилди, ризқ-рўзимизни бериб қўйди ва ўзи ризқ қилиб берган мол-мулкдан жонлиқ сўйишга ва ундан ўзимиз ейишга, оиламиз, етим ва мискинларга едиришга буюрди. Бунинг учун беҳисоб ажру савоблар ваъда қилди. Ё Аллоҳ, нақадар сахий, нақадар улуғсан. Ўзинг бизга неъмат ато қилиб, унинг эвазига яна ажру савоб ҳам берасан!

Бу кунда қодир бўлган инсонлар жонлиқ сўйиб қурбонлик қилади ва бу билан ўзининг Аллоҳга бўлган садоқати ва Аллоҳ йўлида молу жонини фидо қилишга тайёр эканини ифода этади.

Шуни унутмаслигимиз лозимки, қурбонлик қилишдан асл мақсад Аллоҳ таолони зикр қилиш, У зотга нисбатан қалбда тақво ҳосил қилишдир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга қурбонликнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмайди. Унга сизлардаги тақво етади холос” (Ҳаж, 37).

Азизлар, бу кунларда имкон қадар Аллоҳни кўп зикр қилишга ва қуйидаги оятда зикр қилинган дуони кўп айтишга тиришайлик. Аллоҳ таоло дейди:
Ҳаж ибодатларингизни адо этиб бўлгач Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да кўпроқ эсланг… Улар орасида шундай зотлар ҳам борки, «Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар. Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир” (Бақара, 200).

Азиз диндошлар, бугун ва ташриқ кунларини Аллоҳни кўп зикр қилиш, қариндош уруғлар билан алоқани янада мустаҳкамлаш, етим-мискинларга ёрдам бериш, беморлар ҳолидан хабар олиш, ўзаро гина-кудуратларни унутиш билан нишонлайлик.

Аллоҳ таолодан ушбу кунда қиладиган тоат-ибодат, солиҳ амал ва қурбонликларимизни Ўз даргоҳида қабул қилишини ва гуноҳларимизни мағфират этишини сўраймиз. Яна У зотдан барчамизни ташвишга солиб турган хасталикни, вирус балосини тез кунларда кўтаришини, бизларга офият ва саломатлик ато этишини сўраб қоламиз. Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азизлар!

Изоҳ қолдиринг