Намоз: Қиблага юзланиш

0

Бешинчидан: Қиблага юзланиш

Қибла деганда Каъба назарда тутилади. Қуръон, суннат ва ижмо далолатига кўра, намозда Каъбага юзланиш вожибдир.

Қуръондан далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Қаерда бўлманг), қаердан сафарга чиқманг, албатта (намозда) юзингизни Масжиди Ҳаром томонга қаратинг» (Бақара, 149).

Суннатдан далил: «Намозини чала ўқиган киши» ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Намоз ўқимоқчи бўлсанг, мукаммал таҳорат ол. Сўнг қиблага юзланиб такбир айт»[1].

Ижмодан далил: мусулмонлар намозда қиблага юзланиш вожиб эканига ижмо қилишган.

Каъбага яқин жойда бўлган киши намозда бутун танаси ила Каъбанинг ўзига юзланиши вожиб бўлади.

Каъбадан узоқда бўлганлар эса Каъба томонга юзланиши кифоя. Масалан, шимол томондаги инсон жануб томонга, яъни шарқ ва ғарб томон ўртасига юзланиб намоз ўқийди. Зеро, ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Машриқ билан мағриб ўртаси қибладир»[2], деганлар.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Қибла қай тарафда экани Каъбани кўриш, ё унинг қайси томонда эканини аниқ билган ишончли кишидан сўраш, ё ижтиҳод қилиш (изланиш) билан маълум бўлади. Ишончли киши деганда эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, диёнатли ва қиблани аниқлашда тажрибали киши назарда тутилади. Изланишдан мақсад турли белгиларга қараб қибла йўналишини аниқлашдир.

Масжидларнинг меҳробларига[3], фалакиёт илмидан хабардор бўлганлар учун юлдузларнинг жойлашувига ҳамда ой ва қуёшнинг шакли ва ҳаракатига қараб ҳам қиблани билиш мумкин. Шунингдек, ҳозирда компас ёрдамида қиблани аниқлаш осон бўлиб қолган.

  1. Иккита инсон қиблани аниқлаш хусусида ижтиҳод қилиб, икки хил томонни аниқласа, ҳар бири ўзи аниқлаган қиблага юзланиб намоз ўқийди, бошқасига эргашмайди. Омир ибн Рабиадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қоронғи кечада сафарда эдик. Қибла қай томонда эканини билолмадик. Шунда ҳар ким олдига (ўзича изланиб топган томонига) қараб намоз ўқиди. Тонг оттиргач бўлган воқеани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдик. Шунда «Қаерга юзланмангиз, у ерда Аллоҳнинг юзини топгайсиз» (Бақара, 115) ояти нозил бўлди»[4].

Уламолар қибла ҳақида изланиб икки хил томонни топган ва ҳар бири ўз қибласига юзланиб намоз ўқиган икки киши жамоат бўлиб намоз ўқиши хусусида икки хил фикр билдиришган. Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ уларнинг жамоат бўлиб намоз ўқиши жоизлигини тўғрироқ деб билган[5].

  1. Агар қибла хусусида ижтиҳод қилганлар билан бирга муқаллид омий киши ҳам бўлса, мужтаҳидлардан ўзи ишончлироқ деб билганига эргашиши вожиб бўлади.

  2. Агар инсон қиблани аниқлашда ижтиҳод ҳам қилмасдан, бировга тақлид ҳам қилмасдан бирон томонга юзланиб намоз ўқиса ва қибласи хато экани маълум бўлса, намозни қайтадан ўқийди. Агар ҳақиқатда қиблага қараб ўқиган бўлса, намозни қайтадан ўқимайди.

Инсон ижтиҳод ила қиблани аниқлаб намоз ўқиётган бўлса, қибла йўналишини аниқ билган бир киши унга қибласи нотўғри эканини айтса, у кўрсатган томонга бурилиб, намозини давом эттиради. Агар унга қиблани кўрсатган киши аниқ билмасдан, балки ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб қиблани кўрсатган бўлса, у ҳолда унинг гапига эргашиши вожиб бўлмайди[6].

Шунингдек, инсон намоз асносида қибласи нотўғри эканини билиб қолса, ўзи тўғри деб билган томонга бурилиб, намозни давом эттиради.

  1. Инсон қибла хусусида ижтиҳод қилиб бир муддат намоз ўқиб юрса-ю, сўнг мазкур ижтиҳодининг тўғри эканида шубҳа қилса, янгидан ижтиҳод қилиши вожиб бўлади. Мазкур ҳолатда гарчи ижтиҳод қилиб аниқлаган томони олдингисидан фарқ қилса ҳам биринчи ижтиҳоди билан ўқиган намозларини қайтадан ўқиши вожиб бўлмайди.

  2. Қиблага юзланмаслик жоиз бўлган ҳолатлар:

  • Ожизлик ҳолати

Ҳаракатланишга қодир бўлмаган, қиблага юзлантириб қўядиган қаровчиси бўлмаган касал каби ожиз кишилардан қиблага юзланиш соқит бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан қодир бўлганингизча тақво қилинг» (Тағобун, 16).

  • Қаттиқ қўрқув ҳолати

Аллоҳ таоло айтади: «Агар қўрқсангиз, у ҳолда пиёда ёки уловга минган ҳолда намоз ўқийверингиз» (Бақара, 239). Ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: «Агар ундан ҳам қаттиқроқ қўрқув бўлса, у ҳолда оёқларингизда тик турган ёки уловга минган, қиблага юзланган ёки юзланмаган ҳолингизда намоз ўқийверингиз». Нофеъ айтади: «Ибн Умар бу сўзни фақат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олиб гапирган деб ўйлайман»[7].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсон бирон душмандан, селдан, ёнғиндан, зилзиладан ёки шунга ўхшаш бирон нарсадан қочиб кетаётиб намоз ўқиса, ундан қиблага юзланиш соқит бўлади»[8].

Юқорида тилга олинган барча ҳолатларда қиблага юзланиш имкони бўлса, юзланиш лозим.

  • Сафарда уловда кетаётиб нафл намоз ўқиш

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уловларида кетаётиб нафл намоз ўқир эканлар, уловлари қай томонга юзланса шу томонга юзланар ва уловларига минган ҳолларида витр намозини ҳам ўқир эдилар. Лекин фарз намозларни улов устида ўқимас эдилар»[9].

Улов устида нафл намоз ўқир экан, қодир бўлса, такбири таҳримани қиблага юзланиб айтади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқсалар ва сафарда нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туялари билан қиблага юзланиб такбири таҳрима айтар эдилар. Сўнг туялари қай томонга юзланса, ўша томонга қараб намоз ўқиб кетаверар эдилар»[10].

Улов устида намоз ўқир экан, сажда ва рукуъларда боши билан имо-ишора қилади. Такбири таҳримани қиблага юзланиб айтишга имкон топмаса, имкон топган томонга қараб айтади.

[1] Саҳиҳ ҳадис. Ҳадис тўлалигича намоз ўқиш тартиби ҳақидаги бобларнинг бошида келтирилади, иншааллоҳ.
[2] Саҳиҳ ҳадис. Термизий (342), Насоий (4/172), Ибн Можа (1011) ривояти. Ҳадисни Термизий «ҳасан саҳиҳ», Албоний «саҳиҳ» («Ал-ирво», 292) деган.
[3] Бу сўз масжидлар ичида уларнинг қибла томонидаги деворида «меҳроб» деб аталмиш тахмон шаклида қурилган жойларнинг бўлиши тўғри эканини англатмайди. Аксинча, масжидларда бундай жойлар қуриш бидъатдир.
[4] Саҳиҳ. Термизий (2957), Ибн Можа (1020) ривояти.
[5] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 2/277.
[6] Қаранг: «Ал-муғний», 1/448-449-бетлар.
[7] Бухорий ривояти, 4535.
[8] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 2/258.
[9] Бухорий (1098), Муслим (700), Абу Довуд (1224) ривояти.
[10] Ҳасан. Абу Довуд (1225), Дорақутний (1/395), Табароний («Ал-авсат», 3/75) ривояти.

Изоҳ қолдиринг