Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ҳусайд, Мусайях ва Фироз фатҳи

0

Ҳусайд воқеаси

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Ақраъ ибн Ҳобисни Анборга қайтишга амр этди ва ўзи Давматул-жандалда қолди. Бу орада минтақа араблари ажамларга мактублар йўллаб, уларни Холидга қарши ўзлари билан бирлашишга чақирдилар. Улар Аққанинг шармандали мағлубиятини унутишмаганди. Форс лашкарбошилари Зармеҳр ва Рўзба ўз қўшинлари билан Бағдоддан йўлга чиқдилар ва араблар билан Ҳусайд ва Ханофисда учрашишга ваъдалашдилар. Уларнинг хабари ўша пайтда Анборда турган Зибриқон ибн Бадрга етгач, у Холиднинг Ҳийрадаги ўринбосари Қаъқоъ ибн Амрдан мадад сўради. Қаъқоъ унга Аъбад ибн Фадакий (Абу Яъло)ни мадад учун юборди. У Аъбад ибн Фадакийни Ҳусайдга, Урва ибн Жаъд Бориқийни Ханофисга йўллади. Холид баъзи қабилаларнинг Рўзба билан бирлашишга ҳаракат бошлаганини эшитгач, Қаъқоъ ибн Амрни Ҳусайдга қўмондон қилиб юборди ва унинг ўрнига Ҳийрада Иёз ибн Ғанмни қолдирди. Рўзба Қаъқоънинг келаётганидан хабар топгач, Зармеҳрни мададга чақирди ва унинг қўшини билан бирлашди. Шундан сўнг мусулмонлар форслар билан урушиб, улардан кўпини ўлдирдилар ва жуда кўп ғаниматларга эга бўлдилар, ўлдирилганлар ичида уларнинг бошлиқлари Рўзба ва Зармеҳр ҳам бор эди[1].

Мусайях воқеаси

Мусулмонлар Ҳусайдда ғалаба қозонганларидан сўнг Холид ибн Валиднинг буйруғига кўра лашкарбошилар Ҳаврон яқинидаги Мусайях деган жойда маълум кун ва соатда йиғилишга ваъдалашишди. Айтилган соатда барча йиғилгач, айрим қабилаларга ва уларга ёрдам кўрсатаётганларга тунда уч томондан ҳужум уюштирдилар ва уларни қақшатқич мағлубиятга учратдилар. Сўнг Холид баъзи қабилаларнинг Раққа яқинидаги Саний ва Диёрбакирдаги Зумал деган жойда мусулмонлар билан урушиш учун тўпланаётганидан хабар топди ва исломий қўшинлар ҳар икки жойга кутилмаганда бостириб бориб, уларни тирқиратиб ташладилар[2].

Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳу айтади: Шу урушда Ҳарқус ибн Нўъмон Намрий деган одамнинг устидан чиқдик. У хотини ва ўғил-қизларини атрофига йиғиб олган, олдиларида бир тоғора май бор эди. Бола-чақалари унга: «Шундай соатда, Холиднинг қўшини яқинлашиб қолган пайтда май ичиш кимнинг кўнглига сиғади», дейишса, у: «Видолашув шаробини ичинглар, қайтиб май ичиш бизга насиб бўлмаса керак», деб, ҳаммалари ичиб ўтирган экан. Шу ўтиришлари устига мусулмонлар кириб келиб, унинг бошини танасидан жудо қилдилар, бола-чақаси асир олинди[3].

Шу урушда аввалроқ Исломни қабул қилган ва Абу Бакр Сиддиқдан омонлик хати олган икки киши ҳам тўс-тўполонда билмасдан ўлдириб қўйилди. Бу ҳақда хабар олган Абу Бакр Сиддиқ уларнинг хун пулини тўлади ва болаларига васийлар тайин этди. Сиддиқ улар ҳақида: «Душман ичида яшаган одамнинг ҳоли шундай бўлади, мушриклар билан аралашиб яшашларининг жаврини тортишибди», деди[4].

Фироз воқеаси

Холид ибн Валид Ироққа Ислом байроғини тикиб, барча араб қабилаларини бўйсундирганидан сўнг мусулмон ўлкаларнинг орқа тарафи ҳимоясини кучайтириш ва  орқадан ҳужумга учрашлари олдини олиш учун Фирозга йўл олди. Фироз Шом, Ироқ ва Арабистон яриморолига чегарадош ҳудудда эди. Мусулмонлар Фирозда йиғилишганидан хабар топган румликлар ғазабнок бўлиб, чегарадош минтақалардаги форс ҳарбий бўлинмаларини ёрдамга чақирдилар. Форслар зудлик билан ёрдамга етиб келишди, чунки улар ҳам мусулмонлардан кўрган зарбаларидан аламнок эдилар. Румликлар арабларнинг Тағлиб, Иёд ва Намир қабилаларидан ҳам ёрдам истадилар. Улар ҳам ёрдамга келишди, чунки улар ҳам ўз бошлиқлари ва улуғларининг ҳалокатларини унутмаган эдилар. Шундай қилиб, бу урушда мусулмонларга қарши румликлар, форсликлар ва араблар бирлашди. Ҳижрий 12 йил зулқаъда ойининг ўрталарида улар Фурот дарёсига етиб келиб, мусулмонларга: «Ё сизлар дарёдан ўтинглар, ё биз ўтамиз», дейишди. Холид: «Сизлар бу ёққа ўтинглар», деди. «Ундай бўлса, биз ўтиб олгунимизча узоқроққа кетиб туринглар», дейишди. «Йўқ, жойимиздан жилмаймиз, сизлар қуйироқдан ўтинглар», деди Холид. Румликлар ва форсликлар бир-бирига: «Мулкингиз кетди деяверинг, чунки бу одам дин учун урушади. У ўта ақлли ва ва билимдон. Қасамки, сизлар мағлуб бўласиз, улар ғалаба қозонишади», дейишди. Аммо бу сўзларга жиддий эътибор қаратилмади. Улар Фурот дарёсининг Холид қўшини жойлашган жойдан қуйироқдан ўтишди. Сўнг узоқ ва шиддатли жанг бўлди. Аллоҳ таоло бу жангда мусулмонларга ғалаба ато этди. Душманнинг ўн минглаб аскари ўлдирилди. Холид Фирозда ўн кун туриб, сўнг Ҳийрага қайтди[5].

Шундай қилиб, мусулмонлар бу урушда биринчи марта шарқнинг энг қудратли армияси бўлган форс қўшини ва ғарбнинг энг қудратли армияси бўлган рум қўшинига ҳамда гоҳ улар билан, гоҳ булар билан қўшилиб юрган арабларга қарши бир дафъада урушга кирди. Шунга қарамай, мусулмонлар улар устидан шонли ғалабага эришдилар. Шубҳасиз, бу уруш бошқа буюк урушлар каби шуҳрат қозонган бўлмаса-да, тарихдаги ҳал қилувчи урушлардан бири бўлди. Чунки у кофирларнинг маънавий куч-қудратларини парчалаб ташлади. Бу уруш Аллоҳнинг қиличи Холид ибн Валиднинг Ироқда олиб борган урушларининг сўнггиси бўлди[6]. Бу жангдан кейин форсликларнинг шавкати синди ва улар қайтиб мусулмонларга хавф солувчи қуч-қудратга эга бўлолмадилар.

[1] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/355.
[2] «Тарих ат-Табарий», 4/199.
[3] «Тарих ат-Табарий», 4/199.
[4] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/356.
[5] «Тарих ат-Табарий», 4/201.
[6] «Ат-тарих ал-исломий», 9/173.

Изоҳ қолдиринг