Дард ва даво (96): Гуноҳлар орасида ширк кечирилмас гуноҳ саналишининг сири нимада? (1)

0

Бўлим

Юқорида айтганларимизни яхши тушунган бўлсангиз, қуйида “Гуноҳлар орасида ширк кечирилмас гуноҳ саналишининг сири нимада?” деган масаланинг сирини очадиган муҳим асосни баён қиламиз. Аллоҳ ҳузуридаги энг катта гуноҳ Аллоҳга ёмон гумонда бўлиш ҳисобланади. Чунки Аллоҳга ёмон гумон қилган кимса Унинг муқаддас камолига зид келадиган, Унинг исм ва сифатларига номуносиб нарсани гумон қилган бўлади. Шу сабабли Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло У ҳақда ёмон гумонда бўлган бандага бошқа бирон бандага ваъда қилмаган жазо-уқубатларни ваъда қилди. Аллоҳ таоло дейди: “Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мушрик аёл ва эркакларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушувчидир. Аллоҳ улардан ғазабланди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!”. Унинг битта сифатини инкор этган банда ҳақида бундай деган: “Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни одамлардан яширинча қил­ган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйладинглар. Раббингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни дўзахга тушишингизга сабаб бўлди). Натижада сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар”(Фуссилат, 23).

Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссалом қавмига айтган сўзини ҳикоя қилиб бундай дейди: «Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: “Нимага ибодат қилмоқдасизлар? Аллоҳни қўйиб, сохта «худолар»га (сиғинишни) истайсизларми?! У ҳолда барча оламларнинг Рабби ҳақида не гумонингиз бор?!» (Соффот, 85-67). Яъни сизлар Аллоҳдан бошқага ибодат қилган бўлсангиз-у, Унга йўлиққан пайтингизда сизларни қандай ҳисоб-китоб қилади, деб ўйлайсизлар? Аллоҳ ҳақида қандай гумонда бўлдингизки, Унга қўшиб бошқа илоҳларга ибодат қилиш даражасига бордингиз? Унинг исм-сифатлари ва рубубиятида қандай камчиликлар бор деб ўйладингизки, ўзингизда Ундан бошқага ибодат қилишга эҳтиёж сездингиз?!

Агар сизлар Аллоҳ таолога муносиб гумон қилганингизда Унга ҳеч нарсани шерик қилмаган бўлардингиз. Зеро, Аллоҳ ҳар нарсани биладиган, барча нарсага қодир, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган, балки Ундан бошқа барча нарса Унга муҳтож, бандалари устидан адолат билан ҳукм юритадиган, бутун оламни ёлғиз Ўзи бошқарадиган, бу ишда Унга ҳеч ким шерик бўлмайдиган, барча ишларни батафсил биладиган, бандаларининг ҳеч бир иши Унга махфий қолмайдиган, бандаларининг эҳтиёжларини ёлғиз Ўзи қондирадиган, бу борада бирон ёрдамчига муҳтож бўлмаган, бандаларига раҳм қилишни суядиган, раҳм қилиши учун кимсанинг раҳм-шафқат талаб этишига муҳтож бўлмаган Зотдир.

Подшоҳ ва бошқа ҳар қандай бошлиқларнинг ҳолати эса ундай эмас. Чунки улар халойиқ ҳолатини ва эҳтиёжларини етказиб турадиган, уларнинг эҳтиёжларини қондиришда кўмаклашадиган ёрдамчига, ўртага тушиб уларнинг раҳм-шафқатини келтирадиган ва кўнглини оладиган воситачиларга муҳтождирлар. Улар ноқислик, ожизлик, заифлик ва илмлари камлиги сабаб воситачиларнинг ёрдамига муҳтождирлар.

Аммо ҳамма нарсага қодир, барча нарсадан беҳожат, ҳар бир нарсани биладиган, раҳмати барча нарсани қамраб олган меҳрибон ва раҳмли бўлган зот Аллоҳга нисбатан У билан бандалари ўртасига воситачилар қўшиш Унинг рубубияти, улуҳияти ва тавҳидига оид холис ҳаққига путур етказиш, У ҳақда ёмон гумонга бориш саналади. Аллоҳ таоло бандаларига улар билан Ўзи ўртасига воситачилар қўйишни жорий қилиши амри маҳол ҳамда ақл ва фитратга зид ишдир. Ҳар қандай соғлом ақл бу ишнинг энг қабиҳ иш эканини тасдиқлайди.

Зеро, ҳар бир банда ибодат қилаётган илоҳини улуғлайди, унга бўйсунади ва олдида ўзини хокисор тутади. Раббимиз таборака ва таолонинг ёлғиз Ўзи мукаммал кўринишда улуғлашга, қадрлашга, илоҳ деб билишга, бўйсунишга ва олдида ҳокисор бўлишга ҳақли Зотдир. Бу Унинг холис ҳаққидир. Бинобарин, Унинг ҳаққини бошқага бериш ёки бунда Унга бошқани шерик қилиш энг қабиҳ зулм саналади. Айниқса, шерик қилинаётган нарса ёки кимса Ўзининг бандаси ва қули бўлса, зулм янада қабиҳ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: сизлар учун қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган мол-мулкка шерик бўлиб олувчилар борми?! Сизлар (мол-мулкингизни тасарруф қилишда у қулларингиз билан) баробар бўлиб, улардан ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар?! Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз” (Рум, 28).

Яъни ҳеч бирингиз ризқида (мол-мулкида) ўз қули унга шерик бўлишини ёқтирмас экан, қандай қилиб Менга хос бўлган ишда – Мендан бошқага мумкин бўлмаган ва Мендан ўзга бажаролмайдиган улуҳият ишида қулимни Менга шерик қиласизлар?! Ким буни даъво қилса, Мени ҳақиқий қадрламаган, ҳақиқий улуғламаган бўлади, ёлғиз Менга хос бўлган ишни Менга нисбат бермаган бўлади.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг