Маййит учун кафан топилмаса нима қилинади? Мусулмонни кофир ювса ва кўмса бўладими? Маййитни баъзи қабрлар атрофида тавоф қилдириш жоизми?

0

143 – Маййитни аямоқ

Маййитни ювиш, кўтариш ва кўмиш асносида унга мулойим муносабатда бўлиш унга иззат-икром ва ҳурмат кўрсатиш жумласидандир.

«Маййитни ҳурматлаш уни кўмишдир» деган ҳадиснинг асли йўқ[1].

144 – Маййит учун кафан топилмаса, фақат боши ёки оёғини ёпишга етарли мато бўлса, боши ёпилади

Хаббоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ розилигини истаб Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилдик. Бизнинг ажр-мукофотимиз Аллоҳнинг зиммасида эди. Бизлардан бу дунёдаги насибасини олмасдан ўлиб кетганлар бўлди. Улар орасида Мусъаб ибн Умайр ҳам бор эди. Яна бизлардан пишиб етилган меваларини териб олган кишилар ҳам бор эди. Мусъаб Уҳуд куни қатл этилди. Уни кафанлаш учун биргина тўндан бошқа нарса топмадик. Ўша мато билан унинг бошини ёпсак, оёқлари очилиб қолар, оёғини ёпсак, боши очилиб қолар эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга унинг бошини ёпишимизни, икки оёғинини эса «изхир» ўсимлиги билан беркитишимизни буюрдилар»[2].

145 – Маййит учун кафан топилмаса нима қилинади?

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Марвон ал-Моликий ривоят қилишича, маййит учун кафан топилмаса нима қилиш кераклиги тўғрисида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан сўралганида: “Юзтубан ётқизилади, жинсий олати билан қиблага қаратилмайди”, деган экан.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бундай деган бўлиши ҳақиқатдан йироқ, балки бу асоссиз хабардир. Тўғрироқ фикрга кўра, маййитнинг жасади тупроқ билан беркитилади, кейин чойшаб ёки бирор ёпинчиқ ёпиниб ухлаётган яланғоч одам каби қиблага қаратилган ҳолатида қабрига қўйилади. Модомики маййит қиблага қаратиб ётқизилганида жасади тупроқ билан ёпилган ҳолатда бўлар экан, устида кийими (кафани) бор маййит ҳукмида бўлади»[3].

146 – Маййитни кўтариб баъзи қабрлар атрофида тавоф қилиш

Рофизий шиалар ва қабрпараст сўфийларда бир бидъат бор: ўзларининг наздида муқаддас саналган баъзи қабрларга маййитни тавоф қилдиришади. Шайх Али Маҳфуз ал-Ҳанафий айтади: «Имом Ҳусайн, Саййида Зайнаб разияллоҳу анҳумо каби кишиларнинг қабрларини маййитни кўтариб тавоф қилиш бидъатдир. Улар тавоф қилдириб бўлгач, сағана эшиги олдида тўхташади. Сўнг қабр хизматчиси келиб, қабр соҳибидан шафоат талаб қилиш маъносидаги сўзларни айтади. Бу каби иш шариатда йўқ ва аҳли Ислом одатидан эмас. Бу каби ишлар омманинг ақидаси бузилишига олиб бориши мумкин»[4].

Шайх Солиҳ ал-Фавзон айтади: «Маййитни валийнинг қабрига олиб бориш жоиз эмас. Агар бу билан валийнинг маййитга манфаати тегади, у маййитнинг гуноҳларини кечиради деган нарса эътиқод қилинса, катта ширкка қўл урилган бўлади. Чунки бунинг маъноси қабрда ётган маййитдан ёрдам ва барака сўрашдир. Бу эса катта ширкдан саналади»[5].

147 – Мусулмонни кофир кимса ювиши ва дафн этиши

Мусулмонни кофирга ювдириш жоиз эмас. Чунки маййитни ювиш ибодатдир, кофир эса ибодат аҳлидан саналмайди[6].

Имом Аҳмаднинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Отамдан: “Насроний, яҳудий ёки мажусий аёл муслимани ювса бўладими?” деб сўраган эдим, “Йўқ”, деб жавоб берди»[7].

Маввоқ ал-Моликий айтади: «Мусулмон маййит кофир валийсига ташлаб қўйилмайди. Ибн ал-Қосим ва Ашҳаб айтади: “Агар мусулмон ўғил вафот этса, уни ювиш каби ишларнинг бирортаси унинг кофир отасига топширилмайди”.

Маййитнинг олдида юриб бориш, унинг ҳаққига дуо қилиш каби ишлардан эса ман этилмайди»[8].

Косоний айтади: «Кофир кимса мўмин қариндошларидан бирортасининг қабрига тушиши макруҳ деб билинади… Балки маййитни мусулмонлар суннатига кўра қабрга қўйиш учун қабрига мусулмонлар тушади. Қўяётиб “Аллоҳнинг исми билан, Расулуллоҳнинг динига мувофиқ” деб айтадилар»[9].

Кофир одам мусулмон ўғлининг дафнида иштирок этишининг зарари йўқ. Бу ишга бош-қош бўлиши эса жоиз эмас. Чунки кофир ишончли одам ҳисобланмайди. Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ ҳам шу фикрни тўғрироқ деб билади.

148 – Маййитни қабрга қўювчи кишилар сони

Маййитни дафн этиш учун уни қабрга қўядиган кишилар сони борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор кўрсатма келмаган.

Уламолар ҳам бу масалада ихтилофга бормаганлар[10].

«Балки бу иш эҳтиёжга қараб бўлаверади. Гоҳида маййит жуссадор, оғир вазнли бўлиши мумкин. Шунда уни тобутдан қабрга олиш учун бир неча кишига эҳтиёж сезилади. Гоҳида эса маййит енгил бўлганидан уни қабрга қўйиш учун бир киши етарли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, қабрга қўювчиларни эҳтиёждан орттирмаслик, шу билан бирга, керагидан озайтирмаслик керак»[11].

[1] Қуйидаги манбаларга қаралсин:

Муҳаммад ибн Дарвеш ал-Ҳут ал-Байрутий аш-Шофеий (вафоти: 1276 ҳ.) «Асно ал-матолиб фий аҳодис мухталифа ал-маротиб», 66-бет, 249-рақам. Муҳаққиқ: Мустафо Ато. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1417 ҳ.й.

Албоний. «Аҳком ал-жаноиз», 24-бет, 17-рақам.

[2] Бухорий ривояти, 1276-ҳадис.

[3] Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ. «Бадоиъ ал-фавоид», 3/1149. Муҳаққиқ: Али ал-Имрон. «Дор олам ал-фавоид» нашриёти, биринчи нашр, 1425 ҳ.й.

[4] «Ал-ибдоъ», 203-бет.

[5] «Ал-мунтақо мин фатово Шайх Солиҳ ал-Фавзон», 1/225. Тўпловчи: Одил ал-Фарийдон. «Мактабат ал-Фурқон» нашри, иккинчи нашр, 1426 ҳ.й.

[6] Қаранг: «Ал-муғний», 3/465-466; «Ҳошият Ибн Обидин», 3/158.

[7] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 136-бет, 505-рақам.

[8] «Ат-тож вал-иклил», 2/254. Шунингдек, қуйидаги манбаларга қаралсин:

«Мухтасари Халил», 49-бет; «Ҳошият ал-Хараший», 2/381.

[9] «Бадоиъ ас-саноиъ», 2/360. Шунингдек, қуйидаги манбаларга қаралсин:

«Ал-мабсут», 2/55-56; «Ал-баҳр ар-роиқ», 2/334-335; «Ал-муҳит ал-бурҳоний», 2/353 (Муаллиф: Бурҳониддин ибн Моза); «Ҳошият Ибн Обидин», 3/158.

[10] Қаранг: Шайбоний. «Ал-осор», 1/258; «Ал-ум», 2/173; Абдураззоқ. «Мусаннаф», 3/495; Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 7/318; Ибн Қудома. «Ал-кофий», 2/65; «Мавоҳиб ал-жалил», 3/44.

[11] Абдулваҳҳоб ал-Бағдодий (вафоти: 422 ҳ.) «Ал-маувна ала мазҳаби олим ал-Мадина», 1/261-262. Муҳаққиқ: Ҳумайш. «Мактабат ал-боз» нашри.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг