Сийрат: Арқамнинг ҳовлисида ўтилган дарслар

0

 Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқамнинг ҳовлисида Қуръони каримдан дарс ўтдилар. Зотан Қуръон ягона илм манбаи эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам манба фақат Қуръони карим бўлишига қаттиқ эътибор бердилар. Қуръони карим ҳаёт дастури бўлишини истадилар. Мусулмон шахс, оила ва жамият Қуръон асосида тарбия олишини хоҳладилар. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ тарафидан янги олиб келган оятларни саҳобалар бевосита Пайғамбар алайҳиссаломнинг оғизларидан эшитар эдилар. Шунинг учун қалбларига қаттиқ таъсир кўрсатиб, унинг маъно-мазмунлари ич-ичларигача етиб борар эди. Бу оятлар гўё уларнинг қон томирларида оқар эди. Қалблари ва руҳлари Қуръондан таъсирланиб, жўшиб кетар эди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз мадрасаларида ўтиладиган дарс моддаси фақат Қуръони карим бўлишига ва унга бошқа нарса аралашиб қолмаслигига жуда диққатли бўлдилар[1].

Талабалар Арқамнинг ҳовлисида ёлғиз Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларигина даъват, ҳаёт, давлат ва маданият учун қонун бўла олишини ўргандилар. Арқам хонадонида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида ўқиладиган фан илмнинг ягона манбаи бўлмиш Қуръони карим эди. Шу манба асосида илк мусулмон жамият тарбия топди. Қуръони карим Ислом умматининг китоби, унинг холис устози ва ҳаёт сабоқларини таълим оладиган мадрасасидир.

Дарҳақиқат, биринчи авлод – саҳобалар жамияти Қуръони каримни жиддий таълим олиб, унинг мақсадларини тушунишга қаттиқ эътибор қаратди ва унга амал қилди. Саҳобалар ҳаётларида содир бўлаётган ҳар бир воқеага Қуръон оятларидан кўрсатмалар излар эдилар.

Саҳобалар жамияти Қуръон кўрсатмалари асосида тарбия топиб, бу кўрсатмаларни амалий равишда ҳаётга татбиқ эта билдилар. Қуръон илоҳий мадраса бўлиб, бу мадрасада раббоний етакчилар ва буюк даъватчилар етишиб чиқди. Унда тарбия топган жамиятнинг олдин ҳам, кейин ҳам ўхшаши топилмади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига Қуръонни жо қилди. У зот Қуръон билан ўхшаши ва тенги бўлмаган бир жамиятни вужудга келтирдилар, ислом давлатини қурдилар. Қуръон билан юксак одоб-ахлоқли жамиятни барпо этдилар. Қуръон билан ақида, дунёқараш ва ахлоқлар тузатилди. Натижада, мазкур жамият ҳамма соҳада бошқалардан алоҳида ажралиб турадиган сифатларга эга бўлди. Ақидавий, руҳий, хулқий, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий майдонларда барча жамиятлардан устун бўлди[2].

 

[1] “Давлат ар-расул мин ат-таквин ила ат-тамкин”, 225 бет.
[2] “Давлат ар-расул мин ат-таквин ила ат-тамкин” 335 бет.

Изоҳ қолдиринг